Қуён парваришлаш бўйича тавсиялар

Қуёнчилик сердаромад тармоқлардан биридир. Чунки қуён овқат танламайди, олти ой боқилган қуён 3,5-4 килограмм тош босади. Асосийси, бир йилда битта қуёндан 16-20 тагача соғлом насл олиш мумкин.

Гўшти парҳезбоп, хушхўр, парҳезбоплиги жиҳатидан товуқ гўштидан устун туради. Ошқозон-ичак, жигар касалликлари, қон босими билан даволанаётган беморларга даво, танада тез ҳазм бўлади.

Хонадонларда қуён боқиш унча катта харажат талаб қилмайди. Уларнинг тез етилувчанлиги, серпуштлиги, жадал ўсиши сарф этилган маблағнинг тез қопланиб кетишини таъминлайди. Чунки қуёнлар йил давомида 5-6 марта олтитадан ўнтагача болалайди. Умуман битта қуёндан бир йилда 50-60 тагача бола олиш мумкин. Бундан ташқари бир бош қуёндан 1 кг гача тивит олинади.

Аҳоли хонадонларида қуён асосан гўшти ва мўйнаси учун боқилади.

Қуён тез етилади ва кўпаяди, шу боис ундан қисқа вақт ичида кўплаб парҳез гўшт олиш мумкин. Йилига бола она қуён ҳисобига 70-80 кг гўшт ва 25-35 дона мўйна олиш мумкин.

Қуён гўшти таркибида оқсил кўп, холестерин кам бўлганлиги туфайли болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, ошқозони касалланган ва юрак-томир касаллигига чалинган кишилар учун жуда фойдалидир. Энг муҳими, бир килограмм қуён гўшти етиштириш шунча қўй ёки қорамол гўшти етиштиришга нисбатан кам харажатлидир.

Қуёндан жуда майин ва нозик тивит олинади, ундан шарф, рўмол, свитер, беретка, пайпоқ ва бошқалар тўқилади. Шунингдек, қуён терисидан қўлқоп, сумка, енгил оёқ кийим ҳам тайёрланади.

Қуён зотлари: ҳозирда республикамизда оқ великан, кулранг великан, Россия мордери, шиншила, капалаксимон, олмахонсимон, кумушсимон, қора қўнғир, вена зангори ва бошқа зотли қуёнлар боқилмоқда.

Парваришлаш. Қуён боқиладиган жой зах ва нам бўлмаслиги керак. Қуён боқиб, кўп даромад олиш учун биринчи навбатда серпушт она қуёнлар сонини кўпайтириш лозим. Шундагина махсулот (гўшт, тивит, мўйна) нинг таннархи арзонга тушади ва сифати яхшиланади. Қуён болалари 60-65 кунгача оналарини эмизиб боқилади ва вазни 1,8-2,2 кг. га етиши билан гўштга сўйилади. Қуённинг 1 кг семириши учун ўрта ҳисобда 3,0-3,5 кг озиқа бирлиги сарфланади. Семиртирилган қуёнларнинг гўшт чиқими 50-60 фоизни ташкил этади.

Гўштга сўйиладиган қуёнларнинг тирик вазни ўрта ҳисобда 3-4 кг бўлади. Янги туққан қуён кунига 4-5 марта озиқланади. Асосан кўк озуқалар, жумладан, кўк беда, маккажўхори, буғдой, қоқиўт, қўйпичак, полиз экинларининг барги, дарахт шохлари, олма, тол ва ток новдаларини хуш кўриб ейди. Қуёнларга суяк уни, бўр ишлатилган оҳак, картошка, сабзи, лавлаги, нўхат дони, арпа дони ва қўшимча равишда овқатига макроэлементлар қўшиб берилади. Қуёнларга бериладиган озуқаларнинг 70 фоизини концентрат озуқалар ташкил қилади. Қуёнлар сули, арпани ҳам истеъмол қилади. Арпа қуёнларга намланган ёки ширали озуқаларга аралаштирилган ҳолда едирилади. Бўғоз қуёнлар парваришига алоҳида эътибор бериш талаб этилади. Уларнинг рационини тинчлик давридагига нисбатан бўғозлик даврининг бошида 30 фоиз, охирида эса 70 фоиз кўпайтириш керак. Қуёнлардан олинадиган маҳсулотларнинг сифати ва салмоғи уларни сақлаш шароитига боғлиқдир. Қуёнларни катакларда сақлаш зарур. Чунки катакларда сақланган қуёнларда касаллик кам учрайди ва микроиқлим яхши бўлади. Ҳар бир катакнинг майдони 0,5-0,7 м2 дан кам бўлмаслиги керак. Катакнинг ўртасида охур бўлиши зарур. Сув идишлари ҳар бир қуёнга алоҳида бўлади. Айрим ҳолларда қуёнлар симтўрлар билан ўралган ҳолда ҳам боқилади. Уй қуёнлари 5-12 йилгача яшайди.

Яна ўқинг:  “ФЛОРИН” САЛАТИ

Қуёнларни қочириш ва болалатиш. Эркак ва урғочи қуён бир катакда сақланади. Қуёнларнинг бўғозлик даври ўртача 30 кун давом этади. Қуён болалари ўз оналаридан 19,29 ва 45 кунлигида ажратилади ва турли хил озиқлар билан боқилади.

Қуён болаларини боқиш. Қуён болалари биринчи ойда оналарига қандай озиқ берилган бўлса, худди шундай озиқ билан боқилади. Лекин дон албатта ёрма ҳолда берилиши керак. Қўшимча ҳолда сабзи, қаймоғи олинган сут, творог берилиши яхши натида беради. Ёрма холидаги дон сабзавотларга аралаштириб берилса янада яхши. Қуёнларга қиш ойларида суткасига бир марта, ёз ойларида икки марта, яъни эрталаб ва кечқурун сув берилиши зарур.

 

А. Нурматов, Б. Аллашов

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сайти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: