Қўл тўпи тез ва аниқ фикрлай олишга ўргатади

Қўл тўпи (гандбол) – Данияда кашф этилган спорт тури бўлиб, у билан дастлаб қиз болалар шуғулланган. Ҳозирга келиб, гандбол нафақат қизлар, балки ўғил болаларнинг севимли машғулотидир.

Қўл тўпи ўйини инсоннинг жисмоний камолотида муҳим бўлган 5 та асосий жиҳат (тезлик, чаққонлик, эгилувчанлик, чидамлилик ва куч)ни ўзида жамлаган. Бугун ўзим фаолият юритаётган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида кўплаб қизлар ушбу спорт билан мунтазам шуғулланади.

Бугун тезкор ахборот асрида яшаяпмиз. Интернет аллақачон ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурди. Кам ҳаракатлилик, виртуал воқеликка муккасидан кетиш, афсуски, барча қатори талабалар орасида ҳам учраб туради. Бу билан ёшларимизни ахборот телекоммуникация воситаларидан чеклаб қўйиш керак, деган фикрдан йироқман. Аксинча инсон жисмонан соғлом, руҳан тетик бўлсагина у жамиятимиз ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша олади. Одам ҳаракатланишдан тўхтадими, унинг танасида қандайдир дард пайдо бўлади. Кам ҳаракатлилик турли касалликлар юзага келишига сабаб бўлади. Спорт, жумладан, гандбол ушбу муаммоларни бартараф этишга катта ёрдам беради.

Қўл тўпи секциялари, айниқса, қизлар тўгараклари юртимиздаги барча олий ўқув юртларида йўлга қўйилса, бу орқали жамиятимизда соғлом аёллар сафи кенгайишига замин яратилади.

Шу ўринда спорт тўгарагини ташкил қилишда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида тўхталиб ўтсак.

Аввало, мураббий талабаларни бу ўйинга қизиқтира олиш зарур. Қолаверса, гандболчи қизларда қадди-қоматнинг чиройли бўлишини ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш, ушбу спорт тури нафақат оддий ўйин, балки тез фикрлай олиш ва тўғри қарор қабул қилиш каби ҳаётда керак бўладиган хислатларни ўстиришга ёрдам беришини таъкидлаш жоиз.

Амалий машғулотлар қисмларга бўлинган ҳолда ўтилади. Машғулотларни енгил югуриш машқларидан бошлаб, аста-секин мураккаблаштириб бориш мақсадга мувофиқ. Бу орқали эзгу мақсадлар сари илдам қадам ташлаган бўламиз.

 

Акмал ХОЛИҚОВ,

ЎзДЖТУ Жисмоний маданият кафедраси ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Оқчилнинг олдини олиш мумкинми?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: