Ўрик – ҳаётий қувват манбаи

Ўрикнинг ҳар бир тури ўзининг бетакрор таъми билан барчамизга хуш ёқади. Уни сархиллигида ва дамлаб ҳамда қайнатиб, қолаверса қуритиб, туршак ҳолида ҳам истеъмол қиламиз. Зарғалдоқ, қизил ва сариқ баъзида эса яшилтоб ўрикни истеъмол қилиш кишининг умумий аҳволига ижобий таъсир кўрсатади.

Ушбу мева инсон организмини қувватга тўлдиради. Юрак-қон томир ва меъда-ичак тизими касаллигига чалинган ёки ортиқча вазндан азият чекувчи кишилар ундан кўпроқ тановул этишлари лозим.

Бу мева гиповитаминоз (витаминлар камайганда) ёки авитаминоз (дармондорилар етишмовчилигида)да ва камқонликда яхши ёрдам беради. У шунингдек, саратон хасталигида ҳам соғлиқни мустаҳкамлайди. Бу ажойиб, иштаҳа очувчи мева организмнинг турли хасталикларга қарши курашиш қобилиятини оширади.

 

Семиришга қарши ўрик парҳез маҳсулоти сифатида ейилади. Бутун дунё диетолог (парҳезшунос)лари ўрик моддалар алмашинуви ва овқат ҳазм қилиш жараёни учун фойдали маҳсулот деган фикрга келди. Ҳар куни ундан атиги 100 грамм тановул қилиш мунтазам ич келишига ва ичаклардаги елдан халос бўлишга сабаб бўлади. Темир моддасига бойлиги туфайли ўрикнинг 100 грамми 250 грамм жигарнинг ўрнини босади. Миянинг фаоллиги учун магний ва фосфорга бой ушбу мевани истеъмол қилиш тавсия этилади. Унинг таркибидаги магний қон босими кўтарилганда уни пасайтиришда ёрдам беради.

Таркибидаги 10,5 фоиз шакар ўрикка ўзига хос майин таъм беради. Бундан ташқари унда яна инулин, олма, лимон ва узум кислоталари, ҳамда организмдан ортиқча холестерин ва заҳарли моддаларни ҳайдаб чиқарувчи крахмал ва пектин моддаси ҳам мавжуд. Шунингдек, А провитамини организмда А витаминининг юзага келишига олиб келади. Бу витамин эса организмнинг юқумли касалликларга қаршилигини оширади, тери ҳолатини яхшилайди.

Унинг таркибидаги В витамини эса юрак-қон томирлари тизими билан боғлиқ хасталикларни даволашда шифобахш хусусиятга эга. C витамини организмнинг умумий қаршилигини ошириб, овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Бу дармондори кўплаб оғир юқумли хасталикларнинг олдини олади.

Қолаверса, ўрик меваси жуда кўп минерал тузларга эга бўлиб, уларнинг организмда камайиб кетиши суякларнинг бузилишига олиб келади. Минерал тузлар кишининг асаб тизими ва моддалар алмашинувининг меъёрида кечиши учун ҳам муҳим саналади.

 

Фазилат САЪДУЛЛАЕВА,

1-Республика тиббиёт коллежи катта ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Ёрдамга муҳтож “тез ёрдам” ёхуд тиббиёт ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: