Оддий чора-тадбирлар содда муолажалар хусусида

0
42
марта кўрилган.

Организм совуққотса ва инсон иммунитети паст бўлса, шунингдек, у бош ва оёғини иссиқ сақламаса ҳамда тўйимли ва сифатли овқатланмаса ҳам совуқ кунда тез хасталикка чалинади. Шу сабабли аввало, ҳар бир одам ўз соғлиғини асрашга ўзи маъсулдир.

Мабодо хасталикка чалиниб қолгудек бўлсангиз, уни “ҳа, ўтиб кетади-да” дея оёқда ўтказишга ҳаракат қилманг. Айниқса, грипп ва ЎРВИларнинг ўзидан ҳам асоратлари ёмон. Сиз учун оддий ҳисобланган бу касаллик гайморит (Гаймор бўшлиғининг яллиғланиши)дан тортиб менингит (мия пардаларининг яллиғланиши)гача бўлган оғир дардларга сабаб бўлади. Дастлаб акса уриш, тумов, кўз ёшланиши билан бошланиб, кейин аъзои баданнинг қақшаб оғришию тана ҳароратининг кўтарилишига сабаб бўлувчи бу касаллик ҳаво-томчи йўли орқали юқади. Шу сабабли бемор тинимсиз акса урса, дарров атрофидагиларга касалликни юқтирмаслиги учун оғзи-бурнига махсус дока ниқоб тақиб юриши керак.

Аммо, уни кун давомида уч марта алмаштириш керак. Кир совун вирусларни яхши йўқотади. Шунинг учун содали сувда эмас, балки айнан кир совунда ёки махсус бактериологик совун ёҳуд суюқ совунда ушбу дока ниқобларни обдон яхшилаб ювиб, кейин уларни дазмоллаш зарур. Ўқув муассасаларида ўқувчи ва талабаларга тасмасининг ранги уч хил бўлган дока ниқоб тавсия этилади. Сабаби кун давомида бола таълим муассасасида бўлганида дока ниқоб орқали нафас олса, у вирусга “тўйиниб” қолади. Ана энди уни оҳорли ва тозасига алмаштириш керак.

Хонадон бекалари бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб, эшик ва деразалар, эшик тутқичларини совунли сувда ювиб туришлари зарур. Аммо, бошқа хонага ўтказилган беморни у ётган жой шамоллатилгандан сўнг иситилгачгина олиб ўтилади. Иложи борича беморга кўпроқ суюқлик ичириш керак. Хона ҳароратида турган турли мевалар ва уларнинг қоқиларидан тайёрланган шарбатлар ҳамда газсиз минерал сув, лимонли ёки асалли чой, сариёғ, асал солинган сут ҳамда уй товуғи гўштидан шўрва тайёрлаб ичириш лозим. Турли сунъий, кимёвий дори-дармонлар ва антибиотикларга тўйинган, 20 дақиқада пишадиган гриль учун қўлланиладиган товуқ гўшти ярамайди.

Яна бемор бор хонадонда исириқ тутатиб туриш ҳамда дераза токчалари ва хастага яқин турган жойга ликопчаларда пиёз ёҳуд саримсоқпиёз бўлакчаларини тўғраб қўйиш ҳам вирусларга қирон келтиради. Кейин иссиқ мижозли маҳсулотлар қўй гўшти, шолғом, нўхат ва сиёҳранг пиёз, қизил қалампир солиб тайёрланган қайнатма шўрва ҳам танани қиздиради. Маставага пиёз ҳамда мурч солиб ичиш ҳам шундай таъсир этади. Аммо, аллергик касалликларга мойил беморларга мурч ва қалампир тавсия этилмайди. Меъда яраси ҳамда ўн икки бармоқли ичак яраси, ўт пуфаги яллиғланганда бу маҳсулотларни ва нўхатни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Шунингдек, шолғомни эрталаб мантиқосқонда димлаб ейиш ёки уни қўрга қўйиб пишириб тановул этиш вужудни қиздиради.

Яна ўқинг:  Синовларда қад ростлаган баҳодирлар

Аслида шамоллаш организмнинг иссиқлик қуввати камайиб, совуқлиги ошиши ва натижада танада шиллиқ хилт ёки совуқ балғам пайдо бўлиши сабабли вужудга келади. Хаста кишининг кўпроқ суюқлик ичиши вируслар таъсирида организмда пайдо бўлган заҳарли моддаларнинг танадан пешоб орқали чиқиб кетишига сабаб бўлади.

Мева-сабзавотларни истеъмол қилиш эса организмни микро ва макро элементлар ҳамда витаминларга тўйинтиради. Айниқса, кекса кишилар, гўдаклар ва ёш болалар, шунингдек, ҳомиладор ва янги бўшанган аёллар одамлар гавжум, яхши шамоллатилмайдиган жойларга боришдан эҳтиёт бўлишлари керак. Чунки, бундай жойларда грипп ва ЎРВИ вируслари тез тарқалади. Ушбу касалликларга мойил, хавф гуруҳига юқорида таъкидланган одамларни киритиш мумкин. Чунки, уларнинг иммунитети нисбатан паст бўлади. Шунинг учун бемор одам касаллик юқтирмаслиги учун алоҳида хонада ётиши зарур. Агар бунинг иложи бўлмаса бемор ётган жойни табиий толали парда билан тўсиб қўйиш керак. Уни эса алмаштириб туриш даркор.

Сут ва сут маҳсулотлари нафақат кальцийга бой. Улар шамоллаш хасталикларида касал одамга қувват бағишловчи парҳезбоп маҳсулот ҳамдир. Баъзан беморнинг иштаҳаси бўлмаса, уни яқинлари мажбурлаб овқатлантиришга ҳаракат қилишади. Бу нотўғри. Чунки организм хасталик сабабли ҳужайра даражасида хилтларга тўлиб кетган бўлади. Вужудимиз иштаҳасизлик билан организмни маълум муддат очлик билан даволаш зарурлиги хусусида сигнал бераётган бўлади. Бундай ҳолатда хаста киши овқат емасада кўнгли тусагунча суюқлик ичиши зарур. Яна касал одам оғзи-бурнини шўр сув билан чайиб турса, вируслар тез нобуд бўлади.

 

БЕҲИ ВА ДУМБАЛИ ДИМЛАМА

1 кг беҳини уруғидан тозалаб, уни ярим кило думба билан паст оловда димлаб пиширасиз. Бундай таом ҳам қуруқ йўтални “пиширади”.

 

САРИМСОҚПИЁЗЛИ ШИРЧОЙ

1 литр сутга бир кичик бош саримсоқпиёзнинг яхлит бўлакчаларини солиб қайнатасиз. Саримсоқпиёз ўта эзилиб кетмасин. Чунки, унинг шифобахш хусусияти йўқолади. Сут пишгач яна унга 1 ош қошиқ куйдирилган табиий, уй сариёғи ва 1 ош қошиқ асал соласиз. Бемор ушбу шифобахш ширчойни кун давомида оч қоринга кўнгли тусагунча ичади. Ярим соат ўтгач эса овқатланиш мумкин. Бу муолажа ҳам беморнинг тезроқ оёққа туришига ёрдам беради.

 

Диққат! Аввало ҳар қандай ҳолатда ҳам бемор шифокорга мурожаат этиши зарур. Унинг тавсияларига қўшимча равишда бизнинг безиён, содда муолажаларимиз ҳам сизга асқотади, деган умиддамиз.

 

Яна ўқинг:  Саримсоқ етиштириш бўйича тавсиялар

Гулчеҳра ШИРИНОВА

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.