Реклама

Машҳур психолог ва педагогдан ақлли ота-оналар учун фойдали кўрсатмалар

Юлия Борисовна Гиппенрейтер — машҳур психолог, қобилиятли педагог, профессор, бола тарбияси бўйича кўплаб китоб ва қўлланмалар муаллифидир. У юқори малакали мутахассис бўлишдан ташқари, сўз устаси ҳамдир. Шу сабабдан унинг болалар психологиясига оид мураккаб мавзулардаги йўл-йўриқлари ва маслаҳатларини тушуниш осон, улар барча учун тушунарли ва содда тилда баён этилган.

Муаллифнинг сўзлари биз ота-оналарни ҳаммаси ўз-ўзидан изига тушиб кетишини кутмасдан, ўзаро муносабатлар устида ишлашга ундайди. Қуйида келтирилган тавсия ва йўл-йўриқлар чуқур маънога эга бўлиб, уларни яхшилаб мушоҳада қилиш талаб этилади.

Итоатсизлик – бу бола ўзига нисбатан нотўғри муносабатда бўлишга қарши қўйиши мумкин бўлган ягона йўл.

«Қулоқсиз», «муаммоли», «ўзига ишонмайдиган» ва «бахтсиз» болалар – доим нотўғри шаклланган оилавий муносабатларнинг натижасидир.

Болани ҳеч бир шартсиз қабул қилиш – бу уни чиройли, ақлли, қобилиятли, аълочи, ёрдамчи бўлганлиги учун эмас, шунчаки борлиги учун яхши кўришни англатади!

Болани қанча кўп урушсак, у шунча ёмонлашиб бораверади. Ота-онанинг вазифаси болада шартли рефлексларни ишлаб чиқишдан иборат эмас.

Ота-она қанчалик тез-тез болага зарда қилиб, уни танқид қилиб, жеркиб турса, у шунча тез «Мени яхши кўришмайди» деган хулосага келади.

Тартиб-интизом яхши алоқалар ўрнатилишидан аввал эмас, фақат улардан сўнг ва улар асосида шаклланади.

Бола ёрдам сўрамаган пайтда унинг ишларига аралашманг. Унинг ишларига аралашмаслик орқали унга «Ҳаммаси жойида! Сен албатта уддалайсан!» деган ундов берасиз. Фарзандингиз мураккаб вазиятларга дуч келган ҳоллар бундан истисно, албатта.

Боланинг шахсияти ва қобилияти фақат унинг ўзи қизиққан ва истаган машғулот билан шуғулланганда ривожланади.

Ўсмирликдаги мода кетидан эргашиш худди сувчечак кабидир – аксарият болалар уни ўзига юқтириб, енгил ёки оғирроқ бошдан кечиради, бир неча йилдан сўнг эса ортига ўгирилиб, ўзининг кулгуси қистайди.

Фарзандингизга ўз ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигининг салбий оқибатлари билан юзма-юз келишига имкон беринг. Шундагина у улғая бошлайди ва ўз ҳаракатларини идрок эта бошлайди.

Ўз норозилигингизни боланинг алоҳида ҳаракатлари юзасидан билдиришингиз мумкин. Боланинг ҳаракатларини муҳокама қилиш мумкин, унинг ҳис-туйғуларини эмас. Бола ҳаракатларидан кўнгил тўлмаслик мунтазам бўлмаслиги керак, акс ҳолда бу уни қабул қилмасликка айланади.

Яна ўқинг:  Мустаҳкам оила қандай бунёд бўлади?

Боланинг номақбул хатти-ҳаракати ҳаётнинг нормал бўлмаган шарт-шароитига жавобан нормал реакциясидир.

Қаттиққўл она боладан ҳиссий узоқлашган ҳисобланади, ҳар ҳолда бола шундай ҳис қилади.

Боланинг ўзлигини сақлаб қолишига имкон беринг. Унга доим нималарнидир қилишга мажбурлаб, насиҳат қилиб, сиз айтган вазифаларни нима бўлишидан қатиъ назар бажаришга ундаманг.

Ўз-ўзини англаш ва ўз-ўзини тарбия қилиш – бу бола тарбияси учун даъвогар ота-она ва ўқитувчининг биринчи бурчидир.

Фарзандингиз хафа бўлган, ранжиган, омадсизликка учраган ёки нимадандир уялган ёки қўрққан ҳолатларда, ё унга нисбатан қўпол ёки ноҳақ муносабатда бўлишганда ва ҳаттоки у жуда чарчаганда ҳам биринчи қилишингиз лозим бўлган иш — бу унинг ҳолати ёки кечинмаларидан хабардор эканлигингизни унга билдиришдир!

 

Мақолани тайёрлашда «Я Happy мама» сайти маълумотларидан фойдаланилди.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: