Кузнинг кўркам қаҳрабоси

Жийдани таърифлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Нега деганда, жийдани каттаю кичик бирдек севиб истеъмол қилади бироқ, унинг шифобахшлик хусусиятларини ҳар ким ҳам билмаса керак.

Маълумки, жийда дарахтининг бўйи 4 метргача боради. Танаси қизғиш-кулранг, ёш новдалари ҳамда барги кумуш-оқ ранг­да бўлгани учун у узоқдан бўлса ҳам тез кўзга ташланади. Меваси сариқ-қизил, чўзиқ-думалоқ ва данакли бўлиб, кузда пишади.

Қадимда ота-боболаримиз жийданинг ҳосилини йиғиб, қиш фаслига ғамлаб қўйишган. Чунки, бу мева таркибида оз миқдорда сув сақлангани учун сархил ҳолатда узоқ сақланади. Жийда меваси таркибида қанд, оқсил, ёғ, органик кислоталар, ошловчи ва бўёвчи моддалар, калий тузлари ва фосфор мавжуд. Шунингдек, В1, В2, РР, Е дармондорилари ҳам бор. Баргида эса С аскорбин кислотаси мавжуд.

Жийда юртимизнинг барча гўшасида жой танламай яхши ўсади ва ҳосилга киради. Шарқ жийдасининг энсиз баргли жийда, кумушсимон жийда, кенг баргли жийда, қизил жийда, чилон жийда турлари тарқалган. Ушбу мева ўзига хос шифобахш хусусиятга эга бўлиб, бу ҳақида табобат илми султони Абу Али ибн Сино ҳам кўп бора тўхталиб ўтган ва тиббиётда кенг фойдаланган. Жумладан, ибн Сино жийда борасида шундай деган:

“…Ҳар қандай оқаётган нарсани тўхтатади. Кишининг ички аъзоларига қуйилаётган сафрони йўқотади… Иссиқдан бўлган йўталга фойдалидир. Қусишни тўхтатади. Жийда кўп пешоб чиқаришга қарши фойдалидир…”

Бундан ташқари жийда меваси ёки унинг дамламаси болаларда учрайдиган ич кетишига қарши даво ҳисобланган. Шунинг­дек, унинг дамлама нафас йўллари шамоллаганда ҳам тавсия қилинган. Қайнатмаси меъда-ичак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатса, қизитилиб туйилган жийда барги ҳамда зиғир ёғи аралашмасидан тайёрланган малҳам билан яралар даволанган.

Ушбу меванинг гулидан олинган эфир мойи ҳам шифобахш бўлиб, юрак фаолиятини яхшилаш учун беморларга ҳидлатилганда ижобий таъсир қилган.

Тайёрлаш усули: Қайнатма тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга бир ярим литр сув қуйиб, мевадан 50 грамм солинади ва бироз қайнатиб, бир соат мобайнида тиндириб қўйилади. Сўнгра докада сузилади. Қайнатмадан кунига овқатдан кейин 2-4 маҳал 2 ош қошиқдан ичилади.

М.ҲАСАНОВА тайёрлади

Яна ўқинг:  Каркадэнинг шифобахш хусусиятларини биласизми?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: