Реклама

Куз таомномасининг сири

Кузда ҳаво ўзгарувчанлиги, ҳароратнинг пасайиши ёки кўтарилиши ҳам ҳазм тизими аъзоларига акс таъсир кўрсатади. Бунда меъдада шира ажралиши ўзгаради. Ундаги озиқ моддаларини парчалайдиган ферментлар миқдори сезиларли таъсирга учрайди. Ушбу ўзгаришларни соғлом ҳаёт тарзи учун албатта, эътиборга олиш, яъни овқатланиш режимида таомларни шу физиологик жараёнларни инобатга олган ҳолда танлаб истеъмол қилишимиз зарур.

Аввало, бу фаслда кучли ва ёғли бўлган от гўшти қўшилган таомларни иложи борича камроқ истеъмол қилиш тавсия этилади. Кузда асосан юртимизда аҳоли томонидан асрлар давомида кенг истеъмол қилиб келинаётган мошхўрда, мошкичири, қовоқ шўрва, мастава, қайнатма шўрва, угра оши каби таомлар жонга роҳат, танга қувват бўлади. Тўкин-сочин фаслда мева-сабзавотлар витаминларга тўйинган вақт ҳисобланади. Кўкатлар, саримсоқпиёз, шолғом солинган шўрва, димлама меъда-ичак тизимида шира ажралишини кучайтирадиган таомлар сирасига киради. Уларни истаганча истеъмол қилиш мумкин.

Ёз фаслида иссиқда одам кўп терлайди. Бу суюқлик билан бирга организмдан витаминлар ва микроэлементлар, тузлар, электролитлар каби моддалар одатдагидан кўра кўп миқдорда йўқотилади. Табиат қонунига кўра инсон ўз организмини қишга тайёрлаши лозим. Иссиқ кунларда вужуд ўзига керакли моддаларни кузда тўлдириб бориши мақсадга мувофиқ бўлади. Витаминларга ва микро ҳамда макроэлементларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун эса мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш керак. Чунончи, нок, беҳи, олма, узум, сабзи, лавлаги, помидор ва шу каби маҳсулотларни хомлигича, ёки улардан тайёрланган шарбат ва компотларни истеъмол килиб туриш организмнинг ички мувозанатини тиклайди. Мева ва сабзавотларни тановул этишдан олдин, албатта, сувда яхшилаб чайиш шарт.

Дарвоқе, истеъмол қилинадиган овқат таркибидаги қувват организм сарфлайдиган энергия миқдоридан кўп бўлмаслиги керак. Нонушта, тушлик, кечки овқатни ҳам жуда тўйиб еманг. Ундан сўнг эса дарҳол ётиб олиш зарардир. Истеъмол қилинадиган овқатнинг 35-40 фоизга яқини эрталаб нонуштада, 40 фоизга яқини тушликда, қолганини кечки пайт ейиш лозим. Кечки овқатни ухлашдан 2-3 соат олдин ейиш зарур. Ундан олдин тоза ҳавода 1,5-2 км аста-секин пиёда юриб сайр қилиш уйқунинг осойишта бўлишини таъминлайди ва таннинг соғ, руҳнинг бақувват ҳамда енгил бўлишига сабаб бўлади.

Маълумки, Ўзбекистонда кўпчилик қуюқ, ёғли овқатларни истеъмол қилишни яхши кўради. Қуюқ овқат хусусига келганда улар жуда ёғли бўлмаслиги зарур. Масалан, қовурдоқ, кабоб, қовурилган лағмон, палов каби таомларни кузнинг салқин кунларида ейиш мақсадга мувофиқдир. Кексаларда кўпинча қабзият кузатилади. Шунинг учун улар тушлик вақтида “аччиқ-чучук” яъни, шакароб, шунингдек, қизил лавлаги, сабзи, карамдан тайёрланган ва қатиқ, сузма, сметана (суюқ қаймоқ) солинган салатларни овқат билан бирга истеъмол қилишлари меъда ости безининг фаолиятини яхшилайди. Кечки овқатдан сўнг сабзи ёки олма шарбатини ичиш тавсия қилинади. Болалар серҳаракатлиги сабабли улар организмининг сувга бўлган эҳтиёжи ортади. Бу эҳтиёжни қондириш учун уларга қайнатилган сув, компот ва турли шарбатларни етарли микдорда бериб туриш лозим. Ёш боланинг соғлом ўсиши, чиниқиши, иммунитети кучли бўлиши учун оқсиллар, минерал тузлар, витаминлар, микро ва макроэлементлар, пробиотиклар ҳамда бошқа экологик тоза, табиий озиқ моддалар зарур. Уларга бўлган эҳтиёжни қондиришда янги соғилган сут ва сут маҳсулотлари яъни творог, кефир, пишлоқ, сариёғ, сузма, тухум ва балиқ фойдалидир.

Яна ўқинг:  АНТИҚА ПЕЧЕНЬЕ

 

Баҳодир ҲАМИДОВ,

ТошПТИ доценти,

олий тоифали жарроҳ,

Шаҳноза РАЖАБОВА,

Асқар СОЛИЕВ,

2-босқич магистр резидентлари

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: