Реклама

Кичкинтойингиз ўжарми: бу унинг ҳис-туйғуларга бой эканлигидан дарак

Баъзи ота-оналар ҳаддан ортиқ хархаша қиладиган болаларидан нолийдилар. Бироқ, кичкинтойнинг инжиқ бўлиши, унинг ҳис-туйғуга бойлигидан дарак беришини ҳамма ҳам билавермайди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ўзбилармон, ўжар болакайларда туғма ижодий салоҳият мавжуд бўлади. Агар улар оилада тўғри тарбияланса, келажакда мустақил фикрли, кенг дунёқарашли инсон бўлиб камолга етади.

Ҳиссиётга берилувчан болалар ҳамма нарсага қизиқувчи, хаёлпараст, ранг-баранг ва чиройли нарсалардан ҳайратланадиган ёхуд сал нарсадан таъсирланиб, йиғлайдиган болалардир. Бунда ота-оналар фарзандида оламни англашга кучли интилиш ва имконият борлигини унутмасликлари лозим.

Аксарият шундай болалар унинг хоҳишига қарши борганингиздагина хархаша қилади. Яъни, у атрофидаги воқеа-ҳодисалар тасаввурида кўргандек бўлишини истайди. Ўта сезгир, қобилиятли ва меҳрибон бу болалар осмондаги булутларга термулиб, “ойи, бу булут отга, мана буниси айиққа ўхшаркан” ёки барглари тўкилган дарахтларга қараб: “бу сочлари тўкилган кекса дарахт” деб гапириши, юлдузларга боқиб, тинмай савол бериши мумкин. Улар теваракдаги жонли ва жонсиз нарсаларни ўз тасаввурларича идрок қилиб, ҳар бир нарсани образли ифодалайдилар.

Психологларнинг фикрича, болаларда ҳиссий қобилиятни тарбиялашда табиий усуллардан фойдаланган маъқулроқ. Яъни, расмлар, замонавий техник воситалардаги рангли-овозли иловалардан кўра табиат ҳодисалари, ердаги табиий жисмлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан боғлиқ маълумотлар фарзандларимизнинг янада бой тасаввурга эга бўлишига хизмат қилади.

Шу боис, эртамизнинг умиди бўлмиш дилбандимизнинг ҳар бир ҳаракати, саволида дунёни англаш, олам ва одамлар ҳақида ўз тасаввури борлигини унутмаслигимиз, уларнинг тўполонларига, инжиқликларига сабр ва ақл билан ёндашиш лозим.

 

София ПАРПИЕВА,

психолог

Яна ўқинг:  Бюджет, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ сиёсатидаги янгиликлар
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: