ЖАЗИРАМАДАН САҚЛАНИШНИНГ ЙЎЛИ БОРМИ?

Ёз фаслининг завқи ўзгачаю, бироқ жазираманинг тафти одамни бироз эринчоқ қилиб қўяди-да. Иссиқдан сақланиш учун салқин жойлардан “паноҳ” топишга ҳаракат қиламиз. Чунки, ҳавонинг қизиб бориши сабаб турли тери касалликлари ёки организмда хасталиклар пайдо бўлиши мумкин. Ҳатто, дам олиш учун ҳозирланаётганимизда ҳам об-ҳаво билан “ҳисоблашмай” иложимиз йўқ. Бунда бизга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан юборилган хабарлар асқотади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги об-ҳавонинг ўзгариши сабабли ҳавфсизлик чораларининг кўрилиши ҳақида уяли алоқа воситамизга тез-тез хабар жўнатиб туради. Ушбу хабарларнинг тўлиқ мазмуни ҳамда иссиқда саломатликни сақлаш борасида батафсил маълумот олиш учун вазирлик мутасаддилари билан боғландик.

– Жазирама иссиқ – ҳаво ҳароратининг бир неча кун давомида кескин кўтарилиши билан тавсифланади, – дейди ФВВ матбуот хизмати ходими Аҳмаджон Қодиров. – Унинг таъсири инсон танасининг ҳарорати иссиқ олиши натижасида 37, 1 даражадан 38, 8 даражага қараб кўтарилишида билинади. Тананинг қизариши, кучли чанқаш, оғизнинг қақраб кетиши, иссиқ уриши ҳолатининг аломатлари ҳисобланади. Кейинчалик юрак фаолиятининг тўхтаб қолиши, ҳушдан кетиш ҳолатлари ҳам юзага келиши мумкин.

Мутахассисларнинг фикрича, жазирама иссиқ пайтида соғлиқдан муаммо бўлмаслиги учун чекишдан, спиртли ичимлик ичишдан тийилиш, ҳамда кучли овқатланиш ва жисмоний ҳаракатни камайтириш тавсия этилади.

Кўп сув ичиш организм фаолиятини яхшилайди. Айниқса, иссиқ пайтида ҳар куни кўпроқ суюқлик ичиш фойдали. Газли ва сунъий буёқли сувларни камайтириб, минерал ва тоза булоқ суви истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Соат 12. 00 дан 16. 00 га қадар кўчага чиқмаслик ва қуёш тиғи остида юрмаслик тавсия этилади. Кунни шундай режалаштириш керакки, жазирама иссиқ вақтини уйда ёки ишхонада ўтказиш даркор.

Куннинг қизиган вақтида жисмоний машғулот бажармаслик лозим. Совутилган чой, таркибида спиртли моддалар бўлмаган яхна ичимликлар истеъмол қилиш инсон организмидаги термобошқарувни яхшилайди. Қолаверса, овқатланиш тартибини ўзгартириш ҳам саломатлигингизга ижобий таъсир қилади. Ҳаво ҳарорати кўтарилганда одам организмидан натрий кўп миқдорда ажаралади. Шу боис яхна таомлар ҳамда кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш кони фойда.

Синтетик материалдан кийим киймаганингиз маъқул. Жазирамада табиий пахта толасида тайёрланган кийимлар қулайдир. Бош кийимни ҳам албатта унутмаган яхши. Чунки, иссиқ уриши асосан бошнинг қизиб кетиши оқибатида юзага келади.

Яна ўқинг:  Витаминли салат

– Офтоб урганда кишининг боши қаттиқ оғриб, кўнгли айниб қайт қилади, баъзан ҳушидан кетиш ҳолати ҳам кузатилади, – дейди Шайхонтоҳур тумани Давлат санитария ва эпидемиолигия назорат марказининг коммунал гигиена бўлими мудираси Турсуной Боймуродова. – Оғир ҳолларда киши ўзини билмай қолади, бесаранжомланиб, кўзига йўқ нарсалар кўриниши мумкин. Бундай вазиятда уни дарҳол тоза ҳавога олиб чиқиб, сояга ётқизиб, елпиғич ёки чойшаб билан елпиш, баданини совутиш, бошини совуқ сув билан намлаш керак.

Бундай иссиқда кондиционери бор хонада бўлганингизда унинг рўпарасига ўтирмаганиз мақул. Мазкур ҳавони совутиш қурилмаси ишлаши жараёнида қанчадан қанча бактерияларни хонага ҳайдаб, сурункали бронхит ва пневмония хасталикларини қўзғатади.

Қуёш уришига асосан кичик ва ўсмир болалар, қариялар ҳамда маст ҳолдаги инсонлар мойил бўлади. Уларда турли сабабларга кўра организмида термобошқарув тизими суст ишлайди. (Термобошқарув – бу инсонларни организмидаги ҳароратнинг барқарорлигини таъминлайди).

Агар сиз чўмилиш масканларида дам олаётган бўлсангиз, ушбу жойларда ҳаво ҳарорати +50ºС ва ундан ортиқ бўлиши мумкин, сувнинг ҳарорати эса +22ºС +26ºС ни ташкил этади. Чўмилиш ҳавзасининг соҳилида узоқ муддат туриб бирданига сувга ўзингизни ташласангиз организмингиздаги ҳарорат кескин тарзда тушиб кетади. Бунинг натижасида нафас олиш қийинлашиб, юрак тўхтаб қолиш ҳолати кузатилиши мумкин. Сувга тушишидан олдин қўл, оёқ, гавда ва бошқа қисмларни сув билан намлаб чиқишни унутманг.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

SHU O‘RINDA

Баданга асло спирт суртмаган яхши, чунки спирт иссиқ кунда танани янада қиздиради. Иссиқдан жабрланган одам совуқ сувда чўмилмаслиги лозим. Чунки муздек сув кўкрак қафасининг қисилишига ва нафас олиш йўлларининг ўтказувчанлигига таъсир қилади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: