Реклама

Фарзандингиз мактабга чиқдими?

Унинг қалбида илм олишга меҳр уйғотинг

Эндигина мактаб остонасига қадам қўйган жажжи болажонлар учун уйда дарс тайёрлаш бироз қийинчилик туғдиради. Айниқса, боғчага бормаган болалар учун мавзуларни ўзлаштириш осон бўлмайди. Бундай ҳолларда ота-онанинг ўрни жуда муҳим саналади.

Энг аввало, фарзандингизни мактабга боришга қизиқтиринг. Мактаб – илм маскани эканлиги ҳақидаги тушунчани болада шакллантиринг. Бу даргоҳ билимли инсон бўлиб камол топишда муҳим маскан эканини таъкидлашдан чарчаманг.

 

Мактаб ҳақида фикрини билиш

Дарсдан келганида мактаб унда қандай таассурот уйғотганини фарзандингиздан кичик-кичик саволлар орқали билиб олинг. Ўқувчи таълим масканида ўзини қандай тутиши кераклиги ва мактаб мулкини тоза ва озода сақлаш лозимлигини ҳам эслатиб туринг. Китоб ва дафтар унинг юзи эканлигини айтиш орқали дилбандингиз қалбида ўқув қуролларига нисбатан меҳр уйғотинг.

 

Ўқишни ўргатиш

Мактабга энди қадам қўйган кичкинтойга ўқишни ўргатишда сизнинг кўмагингиз жуда зарур. Ўқитувчи таълим даргоҳида фарзандингизга билим ўргатса, уни мустаҳкамлаш сизнинг зиммангизда. Бунинг учун боланинг дарс столи устида ҳар доим ҳарф жамланмаси туриши жуда муҳим ҳисобланади.

Доим уйга вазифани тайёрлашдан олдин фарзандингизга ҳарфларни такрорлаб, сўнг берилган топшириқларни бажартиринг. Ҳар бир сабоқни ўргатиш 15-20 дақиқадан ошмаслиги керак. Болакайни ўта толиқтириб ҳам қуйманг.

Дастлаб ҳарфларни қўшиб ўқиш орқали бўғин ҳосил қилинг. Ундан кейин қўшиб ўқишни ўргатинг. Ўргатиш давомида уни ҳеч ҳам уришманг. Акс ҳолда бола жиззаки бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Уни ҳар бир ўқиган сўзи учун мақтаб қўйинг. Шунда фарзандингиз дарсларни тайёрлашдан зерикмайди. Ушбу жараёнда жуда эътиборли бўлинг, чунки фарзандингиз сўзларни ёдлаб олган бўлиши мумкин.

 

Жорий йилда республикамиздаги барча умумтаълим мактабларининг  1-синфига 645 минг нафардан зиёд ўқувчи қабул қилинган.

 

Чиройли ёзиш

Болани чиройли ва хатосиз ёзишга ўргатиш ҳам бир санъат. Сўзларни  мустақил ёзиши, уни хатосиз ёзишга ўргатади. Ўқишни яхши билган ўқувчи ёзишда деярли хато қилмайди. Дарсларни тайёрлашидан олдин унга ҳарф ва бўғинларни биргаликда такрорлаб, кўникма ҳосил қилдиринг. Бу эса ҳарфларни ёддан билишга ва тез ўқишига ёрдам беради. Ёзув дарфтарига тўғри чизиқ бўйлаб ёзганда ҳарфларни ручкани узмасдан бир-бирига қўшиб ёзиш кераклигини тушинтириш керак. Шундагина фарзандингиз ёзувида муаммо бўлмайди.

Яна ўқинг:  “ЛАЗЗАТ” ШЎРВАСИ

Математика

Бу фанни ақл гимнастикаси деб бежизга айтишмаган. Шу боис ҳам мазкур фанга алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлади. Фарзандингиз ўнгача ва ўндан тескарига санаши унинг зеҳнини оширишга ёрдам беради. Бола уйда ўйинчоқлар ўйнаганида ҳам математик амалли мисоллардан фойдаланиш унинг хотирасини мустаҳкамлашини унутманг.

 

Зайнаб Султонова,

Кармана туманидаги 3-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: