ДИҚҚАТНИ ҚАНДАЙ ЖАМЛАШ МУМКИН?

“Мен шу пайтгача қўлга киритган нарсаларимга қатъий тартиб, пухталик ва ғайрат-шижоат, бутун диққатни бир нарсага қаратиш билан эришганман”, деганди машҳур ёзувчи Чарльз Диккенс. Ҳақиқатан, бирор соҳада муваффақиятга эришган кишиларнинг ҳаёт йўлига назар ташласангиз, улар ўзларида ажойиб фазилатларни шакллантирганига гувоҳ бўласиз. Бу ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган. Хўш, кўзланган мақсадга эришиш учун нималар қилиш керак? Мутахассислар худди шу борада йўл-йўриқ кўрсатади:

Вақтни бошқаринг

Ўз имкониятларингизни ўрганинг. Иш яхши унадиган пайтда оғир вазифаларни бажариб олинг. Кўпчилик қийин вазифаларни куннинг охирига суради. Натижада кечга бориб чарчаб, қийналиб қолади. Бу иш самарадорлигини пасайтирадиган энг катта тўсиқлардан биридир.

Ўз олдингизга вазифа қўйинг

Дастлаб нимага эришмоқчилигингизни ва унга қанча вақт кетишини чамалаб олинг. Мақсадингиз ҳақиқатга яқинроқ бўлсин. Тўғри, юксак марраларни кўзлаш керак. Бироқ, мақсад хомхаёлга айланмаслиги зарур. Катта вазифаларни майда қисмларга бўлинг ва шу асосда режа тузинг.

Саломатликни эсдан чиқарманг

Ақлий меҳнат чоғида кўпроқ суюқлик ичинг. Олимлар фикрича, танада сув етишмаслиги диққатнинг сусайишига олиб келади. Лекин бошқа жиҳат ҳам бор. Қаҳва ичишга ўрганиш чалғишга сабаб бўлади. Бундан ташқари, мия тетиклашиши учун кофеин талаб қиладиган бўлиб қолади. Энг яхшиси – жисмоний фаоллик. Иш орасидаги танаффусларда енгил машқларни бажаринг.

Вақтида ухланг ва уйғонинг

Руҳшунослар диққати сусайган беморларга ташхис қўйишдан олдин улардан қанча вақт ухлашларини сўрайди. Тасдиқланган маълумотларга кўра, етарли даражадаги уйқудан сўнг ақлий қобилият тикланади ва мустаҳкамланади. Етти соатдан кам ухлаган одамлар одатда диққат эътиборни яхши жамлай олмайди.

Беҳуда ишлардан ўзингизни тийинг

Интернетдаги бирорта сайтга кирдингиз. Мақолалари сизга унчалик ёки умуман фойда бермайди. Лекин узилиб, ишга қайтолмайсиз. Ижтимоий тармоқларда ким сизнинг фикрингиз ёки қўйган суратингизни ёқтирганини текширасиз. Бирров кўз ташламоқчи бўласиз-у, саҳифадан саҳифага ўтиб вақтни бой берасиз. Натижада ярим соатда бажаришингиз мумкин бўлган ишга камида икки-уч соат вақт сарфлайсиз. Жиддий иш билан ёки бирор нарсани ўрганиш билан шуғулланаётганда тўлақонли мустақил бўлиш зарур. Телефон, интернет, планшет телевизор ва шу каби замонавий техник ускуналар сизни фақат чалғитади.

Ориф ТОЛИБ

тайёрлади

Яна ўқинг:  Гўдак чеҳрасида бахт туғилади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: