Болажон учун ўйинчоқ танлаймиз

Болалик. Бахтиёр онлар ҳақида хотирлар эканмиз, кўз олдимизда биз учун қадрли бўлган ўйинчоқлар гавдаланади. Шубҳасиз, ҳамманинг болалик пайтида алоҳида меҳр билан авайлайдиган ўйинчоғи бўлган.

Севимли машиналар ёки қўғирчоқларини йиллар ўтса-да асраб қўйган инсонлар ҳам орамизда йўқ эмас. Улғайгач эса фарзандларимиз учун турли хил ўйинчоқларни харид қиламиз. Аммо, мазкур жараёнда болажоннинг ёшига ва ўзига хосини танлашда ўйланиб қоламиз. Бу ҳолат деярли барча ота-оналарда кузатилади.

Ўйин болага атроф-муҳитни ўрганиш, унга мослашиш, инсонлар ва буюмлар билан яқиндан танишишда катта ёрдам беради. Ўйинчоқ танлашда эътиборли бўлиш лозим. У нафақат боланинг диққатини тортувчи, балки зеҳнини оширувчи, фикрлаш ва хотирани мустаҳкамловчи хусусиятга эга бўлиши ҳам керак.

2-3 ойлик гўдакнинг ўйинчоқлари турфа рангли бўлиб, уларни беланчаги тепасига илиб қўйиш мумкин. Гўдак бироз улғайгач эса уларни қўлида ушлаб кўриши учун берса бўлади. Хилма-хил рангга эга, овозли, турли кўринишдаги ўйинчоқларни кичкинтойга бериш унга бир олам завқ бағишлайди. Бола уларни бемалол ушлай бошласа унга резина кўринишидаги ўйинчоқларни харид қилса бўлади.

7-8 ойликдан турли рангдаги расм туширилган гиламлар билан хонани безатиш мумкин. Лекин майда буюмлар, ўткир учли ва экологик нотоза маҳсулотларни болага бериш тавсия этилмайди. Агар истасангиз, гилам устига тўшама ёзиб, болани ётқизинг ва турли кўринишдаги хилма-хил ўйинчоқларни беринг. У ўзи мустақил равишда уларни ушлаб, танишади ва шу билан биргаликда ҳаракатланиши ҳам фаоллаша боради.

10-12 ойликда болажонга итариб юриш мумкин бўлган ўйинчоқлар – катта машиналар, поездлар, копток ва бошқа шунга ўхшаш овунчоқларни харид қилишингиз мумкин. “Ёш тадқиқотчи” учун турли овозли, йиғиладиган (мозаикали уйчалар, пирамида, кубиклар) ўйинчоқлар билан ўйнаш жуда мароқлидир.

1,5-2ёшли болалар техника ўйинларини ўйнашни ёқтиради. Темир йўлда ҳаракатланаётган кичик поезд ва унинг вагончалари, машиналар болажоннинг севимли ўйинчоғи бўла олади.

1-3 ёшли болалар атроф-муҳит билан янада яқиндан танишишга ошиқади. Шу сабабли бу ёшдаги кичкинтойларга турли хил ҳайвонлар тимсолидаги ўйинчоқлар, машиналар, қўғирчоқларни олиб бериш мумкин. Улар фақатгина чиройли кўринишга эга бўлиши керак эмас. Балки, болажонга унинг қандай тузилганини кўрсатиш ҳам керак. Ҳайвонлар, уларнинг болалари қандай кўринишга эга бўлиши ва уларнинг озиқланиши ҳақида тушунтиринг. Ширинтой билан биркаликда кубиклардан кичик-кичик уйчалар қуринг. Бу ёшдаги қизалоқлар учун қўғирчоқларни уларнинг идишлари билан биргаликда харид қилсангиз айни муддао. Чунки, бу ёшга келиб болалар сюжетли ўйинларга қизиқади. Энди қизалоғингиз мустақил равишда “меҳмон-меҳмон” ўйнаши, “тушлик” тайёрлаши мумкин. Аммо қўғирчоқ либосларини олиб берманг. Бу орқали сиз қизалоғингиз ўз ижодий изланиши орқали янги либослар яратишига тўсқинлик қилган, болангизга дангасалик сари бир қадам қўйишга “ёрдамлашган” бўласиз.

Яна ўқинг:  Бақлажонли шўрва

3 ва ундан юқори ёшга келиб болажонингизни қўғирчоқ театрларига олиб боринг. Улар спектакллар орқали ўзлари учун янги ижобий қаҳрамонни кашф этишади. Шу билан биргаликда фарзандингизга жамоат транспортида юриш қоидаларини ўргатиш ҳам жуда фойдали. Болакай бу ёшда ота-онаси билан шифокор ёки ҳайдовчи кўринишида мулоқотга киришишни истайди. Бола учун ўйинчоқлар ҳаётга яқин ва хилма-хил кўринишга эга бўлиши керак. Соғлиқ учун боулинг, ҳалқа отиш, арғимчоқда учиш, футбол, самокат, велосипед, арқон сакраш каби ўйинлар болаларга яхши самара беради.

4-5 ёшга бориб стол ўйинлари, мозаика, шахмат-шашка ўйинлари тавсия этилади.

Катта ва жуда қиммат совғаларни болага байрам ёки туғилган кун муносабати билан олиб берган маъқул. Унутманг, фарзандингизга олиб берилган барча ўйинчоқлардан кўпинча кичкинтой фойдаланмайди. Уларнинг каравот остида ёки қути ичида қолиб кетишининг асосий сабаби ҳам шундан.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: