Реклама

Бола хотираси ривожида муҳим

Мусиқа инсон дил торларини чертувчи, унда содир бўладиган ҳар қандай руҳий ҳолатга таъсир ўтказувчи воситадир. Кишининг хафа бўлганида ҳам, хурсанд бўлганида ҳам мусиқа тинглашининг сири балки шундандир. Сўзсиз бўлсада, куй тинглашни севмайдиган, умрида бир бор бўлсада, уни чалишга ҳаракат қилмаган одам топилмаса керак. Шу боис санъатнинг бу тури на тил, на миллат ва на ёш танлайди.

Сўнги пайтларда олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, боланинг мусиқа илмини ўрганиши унинг ҳар иккала мия ярим шарларининг фаол ишлашига кўмак беради. Шу билан биргаликда, унинг хотираси яхшиланиб, оғзаки кўникмаларнинг ривожланишига ўзининг самарали таъсирини кўрсатади.

Шу ўринда яна бир маълумот, фарзандига турли хорижий тилларни ўргатишни ният қилган ота-оналарга ашула яқиндан ёрдам беради. У сўзларни хотирада сақлашга, луғат бойлигининг ортишига, энг асосийси, сўзларни тўғри талаффуз қилишга кўмаклашувчи воситадир. Тадқиқотларда 12 ёшгача мусиқа билан шуғулланган болаларнинг сўзларни такрорлаш қобилияти, мусиқа билимига эга бўлмаганларга қараганда анча яхши бўлиши кузатилган. Олимларнинг аниқлашича, турли куйларни тинглаш тўғридан-тўғри мия фаолиятининг фаоллашига кўмак беради.

Бу маълумотларни ўқиган ота-оналар фарзандларини мусиқа тўгаракларига олиб боришни ният қилгани аниқ. Ота-оналарни бу борадаги тавсиялар билан таништирамиз.

Мусиқа асбобларини чалишни ўргатишдан олдин фарзандингизда мусиқани севишни ва унда тушиниш кўникмаларини шакллантиришга ёрдамлашинг. Бу учун эса, жонли куйлар ва жонли овоз орқали ижро этиладиган концертлар, кўрсатувларни у билан биргаликда томоша қилинг. Ижро этилаётган куйнинг қайси асбоб орқали ижро қилинаётганини имкон борича унга тушунтириб боришга ҳаракат қилинг. Жонли ижро боланинг эшитиш қобилиятини шакллантирувчи асосий восита эканлигини унутманг. Боланинг ривожланиши, яъни унинг бўй-басти, ҳаракатлари ҳамда қизиқишидан келиб чиқиб мусиқа асбобини танлаш мақсадга мувофиқдир. Масалан, Моцсарт скрипкани 3 ёшида, Шопен эса пианинони 5 ёшида чала бошлаган. Тайёргарликнинг асосий белгиси машғулотларни бошлаши билан боланинг диққатни жамлай олишидир. Рақамлар ва ҳарфларни осонгина таний билиши ҳам мусиқани ўрганишда муҳим омил саналади.

Фарзандингизга ўргатиш учун бир нечта мусиқа асбоблари ҳақида маълумот берамиз. Бу сизга асбоблар танлови борасида турли иккиланишларнинг олдини олишга, саволларингизга жавоб топишга кўмак беради.

Флейта мусиқа басталаш учун жуда кенг тарқалган асбоблардан бири ҳисобланади. Уни болаларнинг бармоқлари тешикларни қоплаш учун етарлича катта бўлиши билан чалишни бошлашлари мумкин. Бу каби мусиқа асбобини 5 ёшдан ўрганиш тавсия этилади.

Яна ўқинг:  Яхшилик сабоғи болаликдан бошланади

Пианинонинг тугмачаларига боланинг қўли ета оладиган ва уларни босиш учун етарли кучга эга бўлган заҳотиёқ ўрганишни машқ этишлари тавсия этилади. 5 ёш уни ўрганишда муҳим давр саналади.

Торли чолғу асбоблари одатда кичикроқ ҳажмда бўлади. Масалан, ёш болалар ўрганишни бошлашлари учун жуда қулай. Баъзи болалар 4 ёшдан бошлаб скрипка билан шуғуллана оладилар. уни чалишни эса 5 ёшдан бошлаш мумкин.

Гитаралар кичик ўлчамларда бўлиши мумкин. Аксарият ўқитувчилар электрогитарадан олдин нейлон торли акустик гитарани ўрганишни маслаҳат беради. Бу эса болажонларга 7 ёшдан тавсия этилади.

Баъзида мис ҳамда жездан ясалган мусиқа асбобларини ижро этишда тишларга қўйилган босим, асбобнинг ўлчами, лабларнинг нимжонлиги сабабли болаларга улғайгунига қадар чалиш учун тавсия этилмайди.

Кўпчилик ота-оналарни дилбандини мусиқа тўгарагига олиб боришдан олдин, “ўзи фарзандимнинг мусиқага истеъдоди бормикан?” деган ўй безовта қилиши аниқ. Аниқланишича, ҳар бир чақалоқ туғилганида онасининг овозини фарқлай олиш қобилиятига эга бўлади. Баъзи болалар эса туғма мусиқий истеъдодга эга бўлишади. Бундай иқтидор эгалари ҳатто, 2 ёшдан кичик бўлганда ҳам мусиқа оҳангига тебраниб, куйни такрорлаб жавоб қайтаришлари мумкин. Ҳатто, улар пианино ёки тамбур оҳангини ҳамда мусиқа вазнини такрорлайди. Баъзан иқтидорли болалар нотўғри нотани ҳам фарқлай олиш қобилиятига эга бўлади. Аммо шуни унутмаслик керакки, муваффақиятнинг 1 фоизи туғма иқтидор бўлса, унинг 99 фоизи тинимсиз ўз устида қилинган меҳнатдир. Шундай экан дилбандингизни оҳанглар оламига бехавотир олиб киришингиз учун сизни ҳеч қандай хавотир ўзига бўйсундирмасин.

 

Дилфуза АЗИМОВА тайёрлади.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: