БЕҲИ – ОЛТИН КУЗНИНГ САРХИЛ ТУҲФАСИ

Меваларнинг шифобахш хусусиятлари тўғрисида кўп китоблар битилган. Уларнинг ҳар бири ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ана шундай мевалар орасида беҳи ҳам ўзининг бетакрорлиги билан жуда машҳур.

Беҳи – тушкунликка қарши восита.

Беҳи – парҳез тутувчи инсонлар учун жуда фойдали. Унинг таркибида холестерин ва ёғ моддаси умуман учрамайди.

Беҳи таркибида А, В1, В2, В6, С, Е, РР витаминлари ва бир қатор макро ва микроэлементлар мавжуд. У антоциан, феноль, ошловчи модда ва мева кислотасига бой. Бу мева таркибидаги калий натрийга нисбатан 10 баробар кўп учрайди. Беҳи таркибида олма ва лимон кислотаси ҳам мўлроқ.

Энг асосийси эса беҳидан тушкунликка қарши восита сифатида фойдаланса бўлади.

Беҳи таркибида кўплаб антиоксидант моддалар мавжуд, у саратоннинг олдини олади. Бу мева таркибидаги антиоксидантлар тоза аскорбин кислотасидан устун туради. Беҳи тушкунликка қарши ва табиий тинчлантирувчи восита ҳисобланади.

Шунингдек, бу мева вирусларга қарши воситадир. Бу грипп касаллигида самарали натижа беради. Япон олимларининг таъкидлашича ушбу меванинг меъда яраси касаллигини даволашда ҳам қўллаш мумкин. Беҳини кўп истеъмол қилган инсонларда кўз ва жигар касалликларига чалиниш ҳолатлари кузатилмайди.

Ушбу мевани кўпчилик олма ва нокнинг яқин қариндоши деб ҳисоблайди. Лекин беҳи уларга нисбатан қаттиқ ва тахирлиги билан ажралиб туради, бунинг натижасида эса ҳазм қилишда муаммолар юзага келиши мумкин.

Таркиби

Беҳини қадим-қадимдан даво воситаси сифатида кенг қўллашган. Ичак фаолиятини яхшилаш ва даволаш мақсадида беҳи мураббоси ва дамламасидан фойдаланишган. Бу меванинг фойдали таркиби тахикардия (юракнинг тез уриши), ич кетиши ва гепатит (сариқ) касаллигида яхши самара беради. Беҳи мевасидан тайёрланган дамламани эса камқонликда истеъмол қилиш мумкин. Бу турдаги дамламани тайёрлаш учун 10 гр. қуритилган мева 100 мл. қайноқ сувга аралаштирилади ва овқатланишдан олдин 1 ош қошиқ миқдорида истеъмол қилинади.

Қадимда беҳи мевасини ич кетишга қарши восита сифатида қўллашган, унинг таркибида кўп миқдорда пектин моддаси мавжуд. Кўп миқдордаги пектин организмдаги салмоқли тузни ва радионуклид моддасини чиқаришни осонлаштиради. Таркибида пектин моддасининг кўплиги сабабли беҳидан мураббо ва мармелад тайёрлаш учун ажойиб хомашё олинади.

Яна ўқинг:  “Ёқут сандиқча” мўъжизалари

Меванинг уруғи ҳам жуда фойдали. Унинг таркибида кўп миқдорда шиллиқ моддаси мавжуд. Беҳи уруғи сув билан аралаштирилганда шиллиқ модда ҳосил бўлади, бу моддадан балғам кўчиришда, йўталга қарши восита сифатида, бронхит, грипп, ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)да қўллаш мумкин. Бу турдаги шиллиқ моддадан стоматологияда гингвит, глоссит ва пародонтозда фойдаланилади.

Бронхиал астма (зиққинафас) хуружи вақтида беҳи баргидан қилинган тиндирма (настойка) ёрдам беради. Бу тиндирма учун 5 дона беҳи баргини 200 мл. қайнаган сувга солинади. Бу мева баргидан қилинган чой пешоб ҳайдовчи восита ҳамда сийдик пуфаги касалликларида самарали натижа беради. Чойни тайёрлаш учун 1 ош қошиқ миқдорда қуруқ беҳи баргини ва шунча миқдорда уруғини 200 мл қайнаган сувга солинади ва паст оловда 5-6 дақиқа қайнатилади. Совутилган чой сузгичдан ўтказилади. Мазали бўлиши учун оз миқдорда асал қўшса ҳам бўлади. Кун давомида 1 ош қошиқдан 3-4 марта истеъмол қилинади.

Беҳидан тайёрланган тиндирма инсон организмида кислотанинг ошиб кетишига йўл қўймайди дейди, япон мутахассислари.

Тибет тиббиётида ушбу мевадан организмда қон айланиши ва моддалар алмашинувини яхшилаш ҳамда ортиқча ёғ моддаларини парчалаш мақсадида фойдаланишган. Бу мева таркибида 10 фоиздан кўп аскорбин кислотаси, 5 фоиз лимон кислотаси, олма ва бошқа кислоталар мавжуд.

Пишиб етилган беҳи таркибида С витамини ва ниацин, жуда кўп миқдорда калий, пектин, кальций, фосфор, натрий моддалари мавжуд. Халқ табобатида беҳидан ўпка касаллигида ҳам фойдаланишган.

Янги узилган беҳини истеъмол қилиш бироз қийин. Сабаби унинг мазаси тахир ва ўзи қаттиқдир. Мевани анча вақтгача сақлаш мумкинлигини ҳисобга олсак уни эрта баҳорда ейиш анча фойдали. Биринчидан, мева анча юмшайди, иккинчидан эса унинг ҳиди янада хушбўйлашиб иштаҳани очади.

Хуршида Ҳусенова

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: