Баҳорнинг ширин ташвишлари

“Илик узилди” нинг олдини қандай олиш мумкин?

 

Кўкламда аста-секин борлиқ уйғона бошлайди. Ҳа, демай юртимизга Наврўз ташриф буюради. Ер қизий бошлаши билан қурту қумурсқага ҳам жон киради. Мудроқ далаларда, ариқлар бўйида, далаю даштда, тоғларда ялпиз, жағ-жағ, исмалоқ, отқулоқ, беда, қизил ва думба шўра, ҳилол, матор (мадор), момақаймоқ каби кўплаб дармонбахш кўкатлар бўй чўзади.

Шунингдек, қўзиқорин териш фасли ҳам яқинлашиб қолди. Аммо, баҳорнинг тансиқ таомлари бўлмиш кўк сомса, чучвараю хоним, варақи тайёрлашга ҳозирлик кўраётган уй бекалари албатта, ҳар бир гиёҳнинг биокимёвий таркиби билан таниш бўлсалар фойдадан холи бўлмайди.

Зеро, меъда-ичак тизимида яллиғланиш ва яраси мавжуд беморларга ялпиз ва кўк пиёзни истеъмол қилиш мумкин эмас. Жағ-жағ ўсимлиги таркибида эса К витамини кўп бўлганлиги сабабли у қонни янада қуюлтириб юборади. Қони қуюқ инсонларда тромб (қон лахтасининг томирларда тиқилиб қолиши хавфи) ҳосил бўлишини кучайтириб юборади. Отқулоқ, исмалоқ, шовул каби шифобахш гиёҳларнинг ҳам янги униб чиққан яшил майсалари шифобахш, турли дармондорилар ҳамда микро ва макроэлементларга бой. Бироқ, уларнинг ҳам бироз вақт ўтгач поя ва барглари қота бошласа билинг-ки, ушбу кўкатлар таркибида шовул кислотаси кўпайиб кетади. Бу эса буйрак – тош хасталигига дучор бўлган хасталар соғлиғи учун хатарли.

Баҳор фаслининг яна инжиқликларидан бири гоҳ ҳавонинг исиб, гоҳ совуши ва яна унинг ўзгариши натижасида магнит бўронларининг инсон организмига салбий таъсир этишидир. Айниқса, бу фаслда хилтлар қўзғалади. Қишдан толиқиб чиққан одам организми “илик узилди” даврида дармондориларга кўп эҳтиёж сезади. Кўкламнинг ўзгарувчан об – ҳавоси таъсирида ўзини ланж ва беҳол сезган, шунингдек, боши оғриб, қон босими тушиб ё кўтарилиб турувчи беморларга ҳуда – беҳудага сунъий, кимёвий дори воситаларини истеъмол қилмасдан ўзларининг ички овозларига ҳам қулоқ тутишларини тавсия этамиз. Яъни, организмнинг ўзи унга нима керак эканлигини сизга у ёки бу нарсани кўнгил тусаши каби белги билан билдиради.

Магнит бўронлари кўтарилганида (бу ҳақида Гидрометерология маркази олдиндан хабар беради) одамнинг боши оғриб, кўнгли айнийди. Баъзан беморнинг уйқуси келади. Шундай пайтда озиқ-овқат дўконларида сотиладиган жигарранг олма сиркасидан оёқ панжаларидан то тиззаларгача суртиб, уларни яхшилаб уқалаш лозим. Чунки ушбу муолажа сабабли оёқлардаги қон томирлар кенгаяди ва қон яхши айланади. Қони қуюқ беморлар бундай об-ҳавода азият чекишади. Шунинг учун улар қонни суюлтириш чора-тадбирларини кўришлари лозим. Хом ва сархил мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш ва полиз маҳсулотларини тановул этиш ҳам қонни суюлтиради. Кўп гўшт ейиш қонни қуюлтириб юборади. Агар организм шуни талаб этса, унда албатта, бу маҳсулотни сирка сепилган пиёз билан истеъмол қилинг ва кўк чой ичинг. Шунда гўштнинг зарарли таъсири кесилади. Уйғур пазандачилигида бадҳазм, гўштли ва хамирли овқатлар тановул этилганда узум ғўрасидан тайёрланган сирка ишлатилади.

Яна ўқинг:  Шифохонадаги навбатнинг “навбати” ўтмадимикан?

Яна қонни табиий мева шарбатлари, ўсимлик ёғи солинган қизил лавлаги салати, қуруқ мевалардан тайёрланган компотлар ҳам суюлтиради. Баҳорда кунлар исиб, қуёш чарақлаган кунларда зулук қўйдириш (гириудотерапия), хижома қилдириш (қон олдириш) организмда қоннинг янгиланиб, инсоннинг ёшаришига туртки бўлувчи омиллардан биридир. Умуман олганда қон қуюлиши ва қабзият (ич қотиш) аввало, нотўғри овқатланиш ҳамда камҳаракатлик сабабли юзага келади. Қабзиятнинг салбий таъсири сабабли бавосил (геморой) хасталиги ривожланади. Соғлом одамнинг ичи ҳар куни ва равон келади. Ахлатининг рангги эса қизғиш, шафақ рангида бўлади. Носоғлом одамда эса бунинг акси кузатилади. Ич қотиши натижасида организм заҳарланади. Беморнинг боши оғрийди. Баъзан унинг кўнгли беҳузур бўлади. У эса сабаби қабзиятдан эканлигини англамайди ва бош оғриғига қарши дори воситаларини ичади. Бу сунъий дорилар эса юрак ва буйракларга зарар етказади.

Шундай пайтда хаста одам дағал толали яъни, таркибида клетчатка мўл бўлган қора, кепакли нон, қизил лавлагили салат, буғда пиширилган қанд лавлаги истеъмол қилиши керак. Арпабодиён уруғи солиб ивитилган туршак ҳам ични юриштиради. Метероизм (ичакларда ел тўпланиши)нинг олдини олиш учун доимо арпабодиён уруғидан дамлама ичиш зарур. Бунинг учун бир чой қошиқ уруғни ярим литрлик чойнакка солиб, чой ўрнида дамланади. Кейин дамламанинг усти қалинроқ сочиқ билан ўраб қўйилади. Уни кечқурун дамлаб қўйиб, эрталаб оч қоринга кўнгил тусагунича ичиш лозим. Шифобахш арпабодиён уруғи, шунингдек, она сутини ҳам кўпайтиради ва гўдакнинг ичи дам бўлишининг олдини олади.

Қабзиятда халқ табобатида табиий сурги ва дорилар қўлланилади. Маккаи сано ўсимлиги (дорихоналарда сотилади), хона хароратида турган қатиқ ёки творог зардобини оч қоринга ичиш, шафтолининг ерга тўкилган гулларидан чучвара тайёрлаб, истеъмол қилиш ҳам ични суради. Наҳорда газсиз минерал сув ичиш, ични тозалайди. Ҳар қандай сурги воситасидан фойдаланишдан уч кун аввал, гўштли, қуюқ ва бадҳазм таомлар тановул этилмайди. Унинг ўрнига енгил ҳазм бўлувчи, парҳез, ёрма донли маҳсулотлар (гречиха), сули (перловка), ясмиқ (чечевица)дан парҳезли овқатлар уйда боқилган товуқ ва курка гўштидан шўрва тайёрлаб ичинг. Шунингдек, сархил мева – сабзавотлардан салатлар истеъмол қилинг. Сурги нафақат ичаклардаги хилтларни тозалайди, балки у қоннинг таркибини ҳам яхшилайди. Юздаги доғларни йўқотади ҳамда терини ёшартиради.

Яна ўқинг:  Спиртли ичимликлардан тийилиш аритмия хавфини камайтиради

XX аср охири ва XXI асрда инсониятнинг оёғи ердан узилиб қолди. Атрофимиз тўла сунъий маҳсулотлар. Биз ота-оналаримиз истеъмол қилган табиий тут майиз, қовун қоқи ва турли мевалар қоқиси, шунингдек, қанд лавлаги, узум ҳамда тут шинниси ўрнига турли сунъий бўёқлар солинган конфетлар ва ичимликларни хуш кўрамиз. Йилда бир марта мазза қилиб иссиқ тупроқ, шағал, қум ёки тоғу тошларда оёқ яланг юрганимизни эслай оламизми, азиз юртдошлар?! Ҳолбуки, қишлоқларда ўсган тенгдошларим тизза бўйи билқиллаган, майин тупроқ кечиб далага борганларини ёдга олсалар керак. Қадим Шарқнинг машҳур алломаси, табобат илми султони Абу Али ибн Сино даврида эркакларда простатит хасталиги учрамаган экан. Чунки, ҳамма кучли жинс вакиллари от, хачир, эшак минишган. Одамлар кўпроқ пиёда юришган. “Ҳаёт – ҳаракатдан иборат”, дейишади донишмандлар. Зеро, Ибн Сино бобомиз ҳам шогирдларига қарата: “Мен ўзимдан сўнг тўртта табибни қолдираяпман”, дейди. “Булар қуёш, тоза ҳаво, сув ва бадан тарбиядир”.

Кўклам фаслида организмдаги витаминлар ва макро ҳамда микроэлиментлар захираси камайганда азалдан ота-боболаримиз, момоларимиз ёрма ва ундирилган буғдойдан ҳалим, сумалак каби таомлар тайёрлашган.

Турли хил донлардан шифобахш ва тўйимли гўжалар пиширишган. Дастурхонларга турли баҳорий кўклардан таомлар тортилган. Уйғониш фаслида ҳамма жонли мавжудот ҳаракатга тушиб қолди. Сиз ҳам ўз саломатлигингизни асраш учун интилинг. Зеро, ҳаракат туфайли қонингиз юришади, умрингиз узаяди, соғлиғингиз тикланади.

Бадқовоқ ва доимо ҳаётдан нолийдиган, ношукур одамлардан узоқроқ юринг. Чунки улар сизнинг ҳаётий қувватингизни “сўриб олади”. Оқибатда сиз ўзингизни беҳол сезасиз. Ундай инсонлар суҳбатидан кўра очиқ ҳавода сайр қилинг. Мазмунли ва яхши китоб ўқинг. Китоб магазинларини айланинг. Ёки ўзингиз севган бирор машғулот билан шуғулланинг. Яқин жону жигарларингиз дийдорига ошиқинг. Умуман олганда ҳаётдан завқ олиб яшанг. “Илик узилди” даврида илигингиз тўқ бўлишини истасангиз балиқ, бедана тухуми, сут ва қатиқ маҳсулотларини истеъмол қилишни ҳам канда қилманг. Зиёратгоҳлар, қир-адирлар, тоғлар бағрида улкан ҳаётий қувват мужассам. Тўрт мучам соғлом бўлсин, десангиз саёҳатга чиқинг.

 

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: