Зотилжамни шамоллашдан фарқи қандай?

Мазкур касалликнинг ўз вақтида аниқланиши ва тўғри даволаниши ғоят муҳим. Зотилжам Пневмония ўпка яллиғланиши касаллиги бўлиб, одамдан одамга юқмайди. Хасталик бактерия (пневмококк, стрептококк, стафилококклар) ва вируслар сабаб юзага келади. Энг муҳим омил эса организм иммун тизимининг сусайишидир.

Ҳар бир инсон организмида шартли потоген микроблар бўлади. Грипп юзага келганида табиийки иммунитет сустлашади. Агар даволангач ҳам иммунитет тикланмаса, ушбу микроблар қўзғалиши ва пневмонияга сабаб бўлиши мумкин. Шу билан бирга, ОРВИ, елвизакда қолиш, сурункали ўпка касалликлари асоратлари ҳам зотилжамга олиб келиш эҳтимоли йўқ эмас.

Шамоллашдан фарқи қандай?

Бошланғич белгилари грипп ва шамоллашга ўхшаш бўлади. Яъни эт увишиши, ҳолсизлик, бош ва мушаклардаги оғриқ, бурун битиши ва йўтал сингари. Эътибор берган бўлсангиз, грипп ҳолатида юқори нафас йўллари, бурун битиши, томоқда оғриқ, қуруқ йўтал кузатилади. Агар пневмония бошланган бўлса, йўтал ўпкадан чиқади. Балғам ажралиши кучаяди. Ўпкада хириллаш эшитилади.

Ёш танлайди?!

Баъзи манбаларда пневмония болалар ва кексаларда кўпроқ учрайди, дейилади. Мутахассислар бу каби фикрларни инкор этиб, хасталик ёш танламаслиги, бироқ кичкинтойлар ва қарияларда тез ривожланиши билан хавфлилигини таъкидлашади. Бир ёшгача бўлган болаларда аниқланган пневмония дарҳол муолажага йўналтирилиши кейинги асоратлардан ҳимояланиш учун ҳам муҳимдир. Қарияларда эса пневмония юрак фаолиятига салбий таъсир этиши мумкин. Шу боис асосий муолажа вақтида ушбу аъзога ҳам эътибор қилинади.

Шифохонада даволаниш мажбурийми?

Зотилжамнинг енгил, оғир кўринишлари бор. Шифокор беморнинг умумий ҳолатини ўрганиб чиқиб, ўпканинг рентгент текшируви ҳамда бошқа зарур таҳлилларни ўтказади. Хасталик аниқланган турига кўра муолажа қилинади. Пневмониянинг енгил кўринишларини амбулатор шароитда даволаш мумкин. Аммо асоратларининг олдини олиш мақсадида имкон қадар шифохонада даволаниш тавсия этилади.

Қишин-ёзин бир хилми?

Мазкур хасталик асосан куз-қиш мавсумида фаоллашади. Сабаби эса ўзингизга маълум. Ҳаво ҳароратининг пасайиши, шамоллаш ва вирусли касалликларнинг ортиши кабилар. Лекин ёз чилласида ҳам зотилжам бўлиш эҳтимоли йўқ эмас. Бу пайтда терлаб, совуқ душ қабул қилиш, яхна ичимликлар ичиш, иссиқдан совуққа чиқиш каби ҳолатлар кўп кузатилади. Бир ҳароратдан иккинчисига мослашишга улгурмаган организмда шамоллаш, тумов, томоқ оғриқлари келиб чиқади. Бу эса пневмонияга айланиши мумкин.

Яна ўқинг:  Кўринмас қувват ундан эҳтиёт бўлинг

Такроран хасталаниш мумкинми?

Агар тўлиқ даволанилмаган бўлса, бўлиши мумкин. Ачинарлиси, кўпчилик тана ҳароратининг тушиши ёки йўтал камайиши билан соғайдим дейдию муолажани охирига етказмайди. Оқибатда эса сурункали носпецифик нафас йўллари касалликлари шаклланади.

Пневмония профилактикаси жуда оддий: шамолламаслик, оёқдан зах ўтмаслиги, яхна ичимликлар ичмаслик, совуқотиш каби ҳолатларга йўл қўйилмаса бўлгани. Муҳими, иммунитетингизнинг эҳтиётини қилинг. Шунда хасталанмайсиз!

 

Шавкат СОБИРОВ 

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: