Заҳарланишдан қўрқасизми?

Унда хантал сизга кўмакчи

Ушбу ўсимлик уруғида 25-35 фоиз ёғ мавжуд. У преслаш орқали олинади. Горчица ўзига хос, ўткир ва хушбўй ҳидли зиравор бўлиб, унинг тури жуда кўп. Аммо, унинг оқ, жигарранг ва қора рангли тури озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилади.

Оқ хантал Ўрта Ер денгизи ҳудудида, унинг жигарранг тури эса Ҳимолай тоғлари ён бағрида ўсади. Қора рангли хантал ўсимлиги Яқин Шарқдан бошқа ўлкаларга тарқалган. Қизиғи шундаки, 5 минг йил муқаддам ёзилган санксирт тилидаги қўлёзмаларда ҳам хантал ўсимлиги уруғининг шифобахш хусусиятлари тилга олинган. Қадимги Грецияда хантал бўтқасини иштаҳа очувчи зиравор сифатида аҳоли хуш кўриб истеъмол қилган. Хантал пастасини эса римликлар кашф этишган.

Тайёр хантал бўтқаси ўткир ҳидли ва бироз тахир таъмга эга. Уни гўштли, балиқли, сабзавотли таомлар ҳамда бутерброд, сэндвич ва шунингдек, пицца каби егуликлар билан истеъмол қилиш мумкин. Чунки, горчица нафақат иштаҳани очади, балки у бадҳазм ва ёғли овқатларни ҳам яхши ҳазм қилдиради. Шунингдек, моддалар алмашинувини яхшилайди. Хантал сўлак ажралишини 8 баробарга оширади. Бу зиравор яллиғланишга қарши, антиоксидант, яъни ўсмалар ва шишларнинг олдини олувчи ҳамда енгил сурги доридай таъсир этувчи хусусиятга эга маҳсулот.

Мутахассисларнинг фикрича организмни соғломлаштиришда ҳам унинг ўзига хос ўрни бор. Ўт пуфаги яллиғланиши, жигар хасталиги, атеросклероз (қон томирларида ёмон холестерин сабабли тўпланиб қоладиган ёғли тиқилмаларни эритишда), ҳазм бузилганда, метероизм (ел пайдо бўлса), ревматизм (бод) касаллигида қўлланилади. Мисол учун, ёш болаларда иштаҳа бўлмаса, улар интутив тарзда хантални кўрса оғзига солишга ҳаракат қилади. Ханталдан тайёрланган дори воситалари маҳаллий таъсирлантириш ҳамда ўраб олувчи хусусиятга эга. Яъни, ханталли қоғоз (горчичник)лар грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар)да қўлланилса, бемор танасини ёки оёғига ванна қилинса, уни қиздиради.

Бироқ, бу муолажа хаста кишининг тана ҳарорати кўтарилмаган пайтда тавсия этилади. Яна ханталнинг учувчи эфир ёғлари антибактериал, фитонцид хусусиятга эга бўлганлиги сабабли озиқ-овқат саноатида уларни тез бузиладиган маҳсулотларни сақлашда қўлланилади. Шунингдек, хантал панжарасимон суяк (Гаймор бўшлиғи)даги тиқилмаларни очишда ёрдам беради. Иссиқ шишларнинг сўрилишида ҳам у ижобий самара беради.

Агар хантал уруғини майдалаб, уни асал билан аралаштириб ичилса, доимий равишда томоқ қичиб, йўтал тутишини бартараф этади.

Эркакларда мижоз сустлиги (импотенция)ни ҳамда аёлларда “бачадон бўғилиши” хасталигини даволашда ҳам горчица уруғи фойдали. Мабодо оч қоринга янчилган уруғини кукун ҳолида майдалаб, ундан озгина ичилса, одам тиниқ фикрлайди. Шунингдек, хантал ҳар қандай заҳарланишнинг олдини олади ва кўзни равшан қилади. Яна унинг таркибида калий, кальций, магний моддалари ҳам мўл.

Яна ўқинг:  Каркадэнинг шифобахш хусусиятларини биласизми?

Ўсимлик мойи ҳам шифобахш

Хантал ёғи таркибида А, Е, Д, В6, РР, К ва Р витаминлари мавжуд. Шунингдек, у табиий антибиотик ҳам ҳисобланади. Ундан тайёрланган ёғ ҳам антигельминт (гижжаларни ҳайдаш) таъсирига эга. Унинг таркибидаги хлорофиллар эса қон таркибини яхшилайди. Яъни, қонда оқ қон таначалари – лейкоцитлар ҳамда қизил қон таначалари – эритроцитлар ва гемоглобин кўрсаткичини оширади. Агар хантал ёғи бошқа мойларга қўшилса, у аста-секин оксидланади ва ушбу маҳсулотларни узоқ муддатга консервалаб қўяди. Бу ёғ оз миқдорда, таъбга кўра истеъмол қилинса, эмизикли оналар сутини оширади. Организмда ёғлар алмашинуви бузилганда, куйиш, терининг юза қисмидаги яраларда ва артеросклерозда ижобий таъсирга эга.

Хантал кукуни

Хантал кукуни суртилган доривор восита – махсус тўртбурчак қоғозлар – горчичниклар ҳаммамизга болаликдан таниш. Аммо болада тери касалликлари (диатез – чилла яра) темиратки ва бошқа шу каби касалликлар мавжуд бўлса бундай муолажа тавсия этилмайди. Горчичниклар икки курак усти ва умуртқа поғонасига қўйилмайди.

Қарши кўрсатмалар

Ханталдан тайёрланган дори воситаларини буйраклар яллиғланганда ҳамда сил хасталигида, шунингдек, меъда-ичак тизими касалликлари гастрит, меъда ва ўн икки бармоқ ичак ярасида тавсия этилмайди. Хантал бўтқасини кўп истеъмол қилиш қизилўнгач шиллиқ қаватини куйгандай таъсирлантириб, яллиғлантиради. Шунингдек, бу маҳсулот хафақон (гипертония) касаллигида, юрак – қон томир тизими хасталикларида ҳамда аллергияга мойил беморларга яъни, астма (зиққинафас)да тавсия этилмайди.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: