Юракка ҳаловат керак ёки стенокардиянинг олдини қандай олиш мумкин?

Юрак ишемик касаллигининг асосий турларидан бири – бу стенокардия. Ушбу хасталикда юрак мушакларининг кислородга бўлган эҳтиёжи ва унинг таъминланиши ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши кузатилади. Яъни, юрак мушакларининг кислородга бўлган эҳтиёжини юрак қон томирлари етарли даражада таъминлаб бера олмайди.

Стенокардиянинг стабил (барқарор) зўриқиш тури ва ностабил (беқарор) тури тафовут қилинади. Стабил зўриқиш стенокардияси – бу юракдаги оғриқлар аниқ бир жисмоний зўриқиш ёки стресс (руҳий зўриқиш) оқибатида юзага келиб, айни вақтда бемор дам олганда ёки нитроглицерин қабул қилгандан кейин бартараф этилади.

Ностабил стенокардияда эса жисмоний зўриқиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолатда юракдаги оғриқлар пайдо бўлади. Бу оғриқлар хуружи кўпайиб боради ва беморларнинг жисмоний ҳаракат қилиши сусаяди. Ушбу хасталикнинг ривожланишига кўп хавфли омиллар сабаб бўлади. Яъни, беморнинг турмуш тарзидаги ўзгаришлар, хусусан, таркибида тўйинган ёғлар ва холестерин кўп бўлган маҳсулотларни керагидан ортиқ тановул этиши, чекиш, алкоголни истеъмол қилиш, кам ҳаракатлик, ортиқча вазн, артериал босимнинг кўтарилиши.

Хасталикнинг ривожланишида ирсий омиллар, яъни оилавий касаллик тарихи – анамнезида яқин қариндошларда юрак ишемик касаллигининг ва ундан ўлим ҳолатларининг кузатилиши (эркакларда 55 ёш), ёшнинг ҳамда жинснинг ҳам аҳамияти каттадир.

Стенокардиянинг клиник белгилари ва унга хос шикоятларни тўрт турга бўлиш мумкин:

  1. Оғриқларнинг жойлашганлиги. 2. Уларнинг давомийлиги. 3. Бу клиник белгининг зўриқиш билан боғлиқлиги. 4. Дарднинг кучайтирувчи ёки енгиллаштирувчи омиллар билан боғлиқлиги.

Ушбу дардга хос оғриқлар одатда курак суяги орқасида, юрак соҳасида юзага келиб, улар пастки жағ ёки тишларгача ҳамда кураклар орасига тарқалади. Ёки иккала қўлда билак ва бармоқларгача бориши мумкин. Оғриқ одатда қусиш, сиқилиш ёки оғирлик, айрим ҳолатларда бўғилиш, томоқда луқма тиқилиши ёки ачишиш каби белгилар кўринишида бўлиши мумкин.

Стенокардия ҳансираш ва чарчоқ, ҳолсизлик ва кўнгил айниши, кекириш, нотинчлик ёки ўлим хавфи каби унча хасталикка хос бўлмаган белгилар билан ҳам кечади.

Оғриқ давомийлиги унча узоқ кузатилмайди. Кўп ҳолатларда бу ҳолат 10 дақиқадан ошмаслиги мумкин. Муҳими стенокардия – жисмоний зўриқиш, ўзига хос фаолият ёки кучли руҳий зўриқиш билан боғлиқ бўлади. Касалликнинг аломатлари одатда зўриқиш яъни, тепаликка юриб чиқиш ёки юкламали ишларни бажарганда ёмонлашиб, сабаб омиллари тўхтатилганда бир неча дақиқадан кейин йўқолади. Тўйиб овқат егандан сўнг хасталикнинг клиник белгилари кучайиши ёки эрталабки илк зўриқиш аломати ҳам стенокардиянинг классик белгиларига киради. Бемор нитроглицирин қабул қилса, у тез самара беради. Оғриқ тўхтайди.

Яна ўқинг:  ЎЗ ВАҚТИДА ҚЎЙИЛГАН ТАШХИС УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

 

Касалликнинг олдини олиш чора – тадбирлари

 

  1. Тўғри ва сифатли овқатланиш ҳамда секин – аста кўпайиб борувчи жисмоний машқларни бажариш зарур. Асаб тизимини мустаҳкамлаш – соғлиқни тиклаш учун энг асосий омил ҳисобланади.
  2. Хасталикдан тузалиш учун ҳар бир бемор ўзининг имкониятлари ва кучига ишониши зарур.
  3. Овқатланиш тартиби ва жисмоний машғулотлар қон томирларда холестеринни камайтиришга, уларнинг эластиклиги (қайишқоқлиги)ни оширишга ва артериал қон босимини камайтиришга қаратилган бўлиши мумкин.
  4. Ҳар қандай вазиятда ҳам хаста одам чекмаслиги ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилмаслиги лозим.
  5. Кофени иложи борича жуда кам ичинг. Аччиқ чойни умуман ичманг.
  6. Қовурилган ва ёғли озиқ – овқат маҳсулотларини, ҳайвон ёғларини ва дудланган маҳсулотларни истеъмол қилманг.
  7. Ширинликлардан воз кечинг. Тортлар ва турли пишириқлар таркибида маргарин кўп бўлади. Бу маҳсулот эса ўта тўйинган ва зарарли ёғ кислоталаридан иборат.
  8. Ош тузи истеъмолини бир кеча-кундузда 5 гр. гача камайтириш даркор.
  9. Тўйиб овқат ейиш зарарли.
  10. Кўп миқдорда сархил мева ва сабзавотлар енг.
  11. Ҳайвон ёғларини ўсимлик ёғлари билан алмаштиринг.
  12. Янги тайёрланган мева ва сабзавот шарбатларини кўпроқ ичинг.
  13. Кунни эрталабки бадантарбия билан бошланг. Оғир юк кўтарманг. Бадантарбияни ювиниш (белгача артиниш ёки шу соҳагача ювиниш) билан якунланг.
  14. Асаб ва иммун тизимини мустаҳкамлаш учун эрталаб ва кечқурун илиқ душ қабул қилинг.
  15. Тез – тез тоза ҳавода, парк ва хиёбонларда пиёда сайр қилинг. Дастлаб бир кунда бир неча марта 500–1000 метр юринг. Кейинчалик ушбу масофани янада кўпайтиринг.
  16. Жисмоний тарбия ва пиёда юриш вақтида томир уришини назорат қилинг.
  17. Ҳеч ким билан ва ҳеч қачон тортишманг ва уришманг. Тортишишда ютиб чиқишингиз соғлиғингизни йўқотишингизга умуман арзимайди.

 

Дилором МАМАРАЖАБОВА,

тиббиёт фанлари номзоди,

Республика ихтисослаштирилган илмий – амалий кардиология маркази олий тоифали шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: