Реклама

“Ёрдамга муҳтож” вирус: у ҳақида нималарни биламиз?

Ҳозирги вақтда вирусли гепатитларнинг (сариқ касаллиги) А, В, С, D ва Е турлари чуқур ўрганилган. Касалликнинг В, С ва D турлари асосан парентерал, яъни қон ва қон маҳсулотлари орқали юқади. Бу вируслар орасида “D вирусли гепатит” айниқса, муҳим аҳамиятга эгадир.

Ушбу касаллик “дельта вирусли гепатит” ҳам деб аталади. D вирусли гепатит асосан сурункали В вирусли гепатит билан касалланган ёки унинг ташувчиси бўлган беморларда ко-инфекция (бир вақтда В ва D вирусни юқтириш) ва суперинфекция (В гепатит вируси бўлган кишиларнинг D гепатит вирусини юқтириб олиши) кўринишида кузатилади. Унинг бошқа вируслардан фарқли хусусияти шундаки у РНКга эга бўлиб, унинг ўз қобиғи мавжуд эмаслигидир. Ушбу инфекция В гепатит вирусининг қобиғидан фойдаланади. Шунинг учун инсон В гепатит вируси бўлмаган ҳолда фақат D гепатит вирусини юқтириши мумкин эмас. У организмга тушиши учун у ёрдамчи вирус сифатида В гепатит вирусидан фойдаланади. Яъни, D гепатит вируси беморга алоҳида юқолмайди ва касаллик чақира олмайди. Шунинг учун ҳам бу вирусни вирус-сателлит (ёрдамга муҳтож) вирус деб юритилади. В вирус аниқланган беморлар албатта, D гепатит вирусига ҳам текширувдан ўтишлари шарт. Унинг иккинчи хусусияти ташқи муҳит омилларига чидамлилигидир. Қиздириш ёки музлатиш вируснинг фаоллигини камайтира олмайди.

Бу инфекциянинг яна бир хусусияти унинг мутацияга тез учраб ўзгариши ва кам миқдорда ҳам юқори даражада юқумли бўлишидир. Бугунги кунда вирусологиянинг ютуқларидан бири D гепатит вирусининг 1,2 ва 3-генотиплари мавжудлиги ва уларнинг тарқалиш ареалини аниқланганлигидир. Унинг 1-генотипи асосан Европа ва Шимолий Америкада, 2-генотипи эса асосан Осиё, Япония ва Тайванда ҳамда 3-генотип вирус Африка ва Жанубий Америкада нисбатан кўп учрайди. В гепатит вирусининг юқиш йўллари билан унинг ҳам юқиши бир хилдир. Яъни, мазкур вирус ҳам В гепатит вирусига ўхшаб парентерал, жинсий йўл ва онадан болага (асосан туғруқ жараёнида) юқиши мумкин. Тери бутунлигининг бузилиши билан кечадиган муолажалар (инъекциялар, татуаж, пирсинг, маникюр, педикюр ва бошқалар) ўтказилганда бир марта қўлланиладиган ёки стерилланган буюмлар ишлатилмаса, нафақат В ва D гепатит вирусининг, балки қон орқали юқадиган бошқа инфекцияларнинг ҳам юқиш хавфи юқори бўлади. Шунингдек, В ва D гепатит вируслари озиқ-овқатлар, идиш-товоқлар ва ҳаво-томчи йўли (гаплашиш, йўтал ёки акса уриш) орқали юқмайди. Қонида D гепатит вируси бўлган кишилар касаллик манбаи ҳисобланади. Бу кишилар В+D вирусларининг ташувчилари эканлигини уларнинг ўзлари ҳам билмайди.

2001 йилдан бошлаб ватанимизда В гепатитга қарши эмлаш тизими амалиётда қўлланилмоқда. Шунинг учун ҳозирги вақтда 18 ёшгача бўлган ёшлар орасида В ва D вирусли гепатит қайд этилмайди. Бу бугунги кунда қўлланилаётган вакцинанинг юқори даражада самарали эканлигини билдиради. Бугунги кунда дунё миқёсида 500 миллиондан зиёд одам эмланган ва бирорта ҳолатда жиддий асорат кузатилмаган. Организмда вакцина таъсирида ҳосил бўлган антитанача узоқ йиллар давомида касаллик юқишини олдини олади. Вирус организмга тушган ҳолатда ҳам уни нобуд қилади.

D гепатит вируси қўшилганда кўп ҳолларда В гепатит касаллигининг зўрайиши ва оғир кечиши кузатилади. D вирусли гепатитнинг инкубацион (яширин) даври 2 ойдан 6 ойгача давом этиши мумкин. Касаллик клиник белгилар билан намоён бўлганда, беморни тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши, қусиш, ўнг қовурға остида (жигар соҳаси)да оғриқ безовта қилади. Вируслар қон орқали жигарга боради ва гепатоцитлар (жигар ҳужайралари)ни зарарлайди. Беморнинг кўз склераси ва териси сарғаяди. Пешобнинг ранги тўқ сариқ тусда бўлади. Унда интоксикация (заҳарланиш) белгилари кузатилади. Хастанинг жигар ва талоғи катталашади. D гепатит вируси қўшилган беморларда жигар циррозининг ривожланиш хавфи юқори бўлади. Касаллик ўз вақтида аниқланиб, даволаш тадбирлари ўтказилмаса, бир неча йиллардан кейин D гепатит вирусини юқтирган кишиларда жигар циррози ривожланиши мумкин. Бунда қоринда сув йиғилиши (асцит) ва оёқларда шиш пайдо бўлиши мумкин. Бурун ва милкларнинг қонаб туриши, пешоб ажралишининг камайиши кузатилади.

Жигар етишмовчилиги, ушбу аъзода фиброз тўқиманинг ривожланиши, жигарнинг ёғ қоплаши, қизилўнгач веналарининг варикоз кенгайиши, энцефалопатия ва кома ҳолати D вирусли гепатитнинг оғир кечадиган асоратлари ҳисобланади. Спиртли ичимликлар истеъмол қилиш жигарнинг жароҳатланишини 100 бараваргача оширади. Қонда биокимёвий текширув ўтказилганда умумий билирубин ва жигар ферментларидан аланинаминотрансфераза (АлАТ) ва аспартатаминотрансфераза (АсАТ)нинг ошиши кузатилади.

Касалликка ташхис қўйишда лаборатория текшируви кўрсаткичлари муҳим роль ўйнайди. Юқорида санаб ўтилган биокимёвий кўрсаткичлар меъёрда бўлган тақдирда ҳам қонда D гепатит вирусига қарши антитана ёки замонавий молекуляр-генетик текширув усуллларидан бири ҳисобланган полимераза занжир реакцияси (ПЗР) ёрдамида вируснинг аниқланиши касалликка ташхис қўйиш учун асос бўла олади. Ультратовуш текшируви орқали жигар, талоқ, ўт пуфаги ва меъда ости безининг тузилиши ва морфологияси ўрганилади. Айрим ҳолларда ташхисни тасдиқлаш учун жигар биопсия қилинади.

Ҳозирги кунда ушбу хасталикка қарши даво муолажалари ўтказилганда юқори самарали вирусга қарши специфик махсус дори воситалари ишлаб чиқилмоқда ва клиник синовдан ўтказилмоқда.

Дельта гепатит ҳақида маълумотлар илмий адабиётда дастлаб 1977 йилда пайдо бўлди. У жигар комаси билан ётган В гепатит билан касалланган беморнинг қонида аниқланган ва ушбу гепатитнинг ядродаги антигени сифатида қайд этилган. Аммо уни мутахассислар алоҳида вирус деб ҳисоблашмаган. 1993 йилда вирусларнинг таксономияси бўйича Халқаро қўмита томонидан ушбу инфекция алоҳида вирус сифатида рўйхатга олинди. ЖССТнинг маълумотларига кўра ҳозирги кунда дунё миқёсида D гепатит вирусини юқтирган ва рўйхатга олинган беморлар сони 15миллион нафардан ошди.

Яна ўқинг:  Офтальмология йўналишида янги лойиҳа

 

Аллаберган БАЙЖАНОВ,

Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонасининг бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори,

Ибодулло КАРИМОВ,

гепатология бўлими бошлиғи

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: