Вужудни ёшартирувчи полиз экини

Абу Али ибн Сино тарвуздан жигар, буйрак касалликларини даволашда ҳамда пешоб ҳайдовчи восита сифатида фойдаланган. Тарвуз шарбати чанқоқ қолдириши билан бирга ўт ҳайдаш хусусиятига ҳам эга.

Шунинг учун юрак, буйрак ва жигар касалликларида уни истеъмол қилиш тавсия этилади. Қуритилган пўчоғидан тайёрланган дамлама йўғон ичакнинг ўткир ва сурункали яллиғланишида ёрдам беради. Семиз одамларни оздиришда бу полиз маҳсулотини мунтазам исътемол қилиш фойдали. Шунингдек, тарвуз паришонхотирликнинг ҳам олдини олади. Унинг уруғи шифобахш хусусиятга эга. Сут билан яхши аралаштирилган дамламаси бачадондан қон кетишини тўхтатади, “Ғарқ” пишган мағзидан саҳарда ейилса гижжа ҳайдовчи восита сифатида яхши самара беради. Тарвузни камқонликда, ўт ва пешоб ажратиш йўлларида тош бўлганида, сурункали қабзият (ич қотиш) да 100-250 г. дан кунига 4-5 маҳал еб туриш тавсия этилади.

Ушбу полиз экини таркибида глюкоза, фруктоза ва сахароза кўринишидаги 12 фоизгача енгил ўзлаштириладиган қандлар мавжуд. Шунингдек, унда C, B1, B2, A, фолий кислотаси, пектин моддалари, каротиноидлар, калий тузлари, темир, магний ва кальций моддалари, аминокислоталар ҳам мавжуд.

Тарвуз мунтазам равишда овқатдан олдин тановул қилинса, баданни тозалаш хусусиятига эга.

Уни замонавий тиббиётда ҳам кенг қўллашади. Хусусан, тадқиқотчиларнинг берган маълумотларига кўра тарвуз таркибидаги фолий ва аскорбин кислотаси бошқа моддалар билан биргаликда склерозни даволашда яхши таъсир кўрсатар экан. Унинг янги тайёрланган шарбати артрит, подагра, ичак касалликлари, атеросклероз каби касалликларни даволашга ёрдам беради. Унинг пешоб ҳайдовчи хусусияти юрак ва буйрак касалликларида пайдо бўладиган шишларни йўқ қилади. Жигар хасталикларида тарвуз шарбати организмдан ортиқча суюқлик ва хилтларни чиқарибгина қолмасдан, унинг тўқималарини енгил ўзлаштириладиган қандлар билан ҳам таъминлайди. Шунингдек, у подагра, бўғим хасталиклари, гепатитда, атеросклерозда, қон босими ошганда ва гастритда ва ортиқча вазндан қутулишда шифобахш таъсир этади.

Тарвузнинг 90 фоизи сувдан иборат. Шу билан бирга у пектин, ўсимлик оқсили, минерал моддалар (темир, калий, кальций, магний, фосфор, натрий ва ҳакозо) ҳамда В гуруҳи витаминларига бойлиги туфайли у ёғли ва қуруқ терига бирдай ижобий таъсир кўрсатади. Мағзи терини таранглаштиради. Гўё уни ёшартиради. Шарбатидан терининг салқиб қолишига қарши шифобахш восита сифатида фойдаланиш мумкин. Бунинг учун тарвуз шарбатига қоғоз салфеткани намлаб, уни юзда 15 дақиқа ушлаб туриш кифоя қилади. Бундай косметик муолажа учун тарвуз шарбати илиқ ҳолда қўлланилади.

Яна ўқинг:  Талабалик орзуси: унга муносиблар сазовор бўлади

Яна бундай тарвузли муз бўлакчаси терини таранглаштириш ва тетиклаштириш учун қўлланилади. Уни юзга суриб, 10-15 дақиқа ўтгач совуқ сув билан бетингизни ювиб, одатий кремдан суриш зарур.

Севара ГАЗИБАЕВА,

1-Республика тиббиёт коллежи фармация кафедраси мудири

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: