Вояга етмаган ёшларнинг оила қуриши – келажак заволи

“Биз ўз истеъдодли, фидоий болаларимиз, фарзандларимизга билим ва касб чўққиларини забт этиши учун қанот беришимиз керак”

Ислом Каримов

Соғлом оила, энг аввало, келин-куёвнинг саломатлиги асосида бунёд бўлади. Турмуш қуражак ёшлар соғлом бўлсагина, табиийки, дунёга келадиган гўдаклар ҳам соғлом ва бақувват бўлиб вояга етади. Аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, ёшларни турмуш қуришдан аввал тиббий кўрикдан ўтказиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар, вояга етмаган ёшларни эрта турмуш қуришининг олдини олиш, ирсий касалликлар тарқалишини камайтириш борасида юртимизнинг тегишли муассасалари томонидан кўпгина ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Афсуски, бу қилинган саъй-ҳаракатларга қарамай, баъзи ота-оналар ўз қизларини тезроқ турмушга бериш пайида бўлмоқдалар.

Юртимиз ёшларига бугунги кунда жуда кўплаб имкониятлар, шарт-шароитлар яратилмокда. Шу имкониятлардан ўсмир қизларни эрта турмуш қуришга мажбур қилиб бебаҳра қилсак, уларни маънан-руҳан ва жисмонан ривожланишига тўсқинлик қилган бўламиз.

Ҳали ўзининг организми ривожланиш жараёнида бўлган ўсмир қиз табиийки, соғлом фарзанд кўра олмайди.

Шифокорларнинг фикрига кўра, ёш аёллар ва ўсмир қизлар учун туғруқ жараёни жуда хавфли ҳисобланади. Ҳомиладорлик ва туғруқ вақтидаги хавфлар 15-19 ёшли оналар ўртасида 10 фоиз, 15 ёшгача бўлган қизлар ўртасида 25-40 фоизни ташкил қилиб келмоқда. Ачинарлиси, 13-17 ёшли оналар ўртасидаги ўлим бошқа ёшдагиларга нисбатан 5-8 марта кўпроқ содир бўлиши кузатилмокда. Ҳозирги кунда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассисларининг фикрича, турмуш қуриш учун энг қулай давр бу қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш эканлиги таъкидланган. Руҳшунос олимларнинг аниқлашича, 21 ёшда бош мия тўлиқ ривожланиб, инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашади. Шунинг учун, 21-27 ёш оралиғида она бўлиш аёллар учун қулай давр ҳисобланади.

Юқорида келтириб ўтилган далиллардан кўриниб турибдики, вояга етмаган қизларни эрта турмушга бериш ҳар тарафлама салбий оқибатларга олиб келади. Бу ҳолатнинг жабрини нафақат ёш келинчак, балки унинг оила аъзолари ва яқинлари тортади. Бунда фақат келинчакнинг ота-онасини айблаш ноўрин, деб ҳисоблаймиз. Чунки, балоғатга етмаган қизга уйланаётган бўлажак куёв тўра ҳам маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари, жойлардаги хотин-қизлар қўмитаси раислари, оилавий поликлиника ва ҚВП шифокорлари ҳам бу салбий ҳолатга масъулдирлар.

Яна ўқинг:  “Ширин” касалликнинг аччиқ оқибатлари

Шу ўринда фикримизни Президентимиз И. Каримовнинг қуйи­даги сўзларини келтириб ўтмоқчимиз: «….Айрим ота-оналар ўртасида ўз фарзандлари, айниқса, қиз болаларга нисбатан мактабни битирганидан кейин ўқиш шарт эмас турмуш қуришни ўйлаш керак, деган эскича қарашлар ҳанузгача учраб туришини афсус билан айтиб ўтишга тўғри келади. Ваҳоланки, коллежда ўқиб, аниқ касб-ҳунар эгаси бўлиш, биринчи навбатда қиз бола учун зарур. Қўлида ҳунари бор қиз бола эртага бировга қарам бўлиб қолмайди, ўз меҳнати, билими ва истеъдоди билан оиласини тебратишга, фарзандларни баркамол инсон этиб тарбиялашга ҳисса қўшади. Бу ўз навбатида ёш оилани моддий ва маънавий жиҳатдан мустаҳкамлашда қандай муҳим аҳамиятга эга эканлигини кимгадир исботлаб беришнинг ҳожати йўқ. Бу ҳақиқатни биз, яъни ота-оналар тушуниб, англаб, фарзанд­ларимизнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун ҳамма шароитни яратиб беришимиз керак. Бу бизнинг болаларимиз, фарзандларимиз олдидаги муқаддас бурчимиздир. Акс ҳолда уларнинг келажагига хиёнат қилган бўламиз».

Мунира ЗУПАРОВА,

Чилонзор тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: