Умуртқа поғонаси – тана асоси

Остеохондроз кўпчилик ўйлаганидек оддий туз йиғилиши натижасидагина пайдо бўлган хасталик эмас, балки бу организмда кечадиган чуқур патологик жараён туфайли келиб чиқадиган жуда ҳам мураккаб, сурункали касаллик ҳисобланади.

Олимларнинг кузатишларича, вертеброген (остеохондроз ва унинг асоратлари) касалликлари билан оғриган беморлар грипп ва уйда шикастланишлар кўрсаткичидан кейинги ногиронлик келтириб чиқариш бўйича эса юрак-қон томирлари касалликлари билан бир ўринда туради. Кўриниб турибдики, остеохондроз касаллиги аҳоли орасида жуда кенг тарқалган бўлиб, ижтимоий муаммога айланмоқда.

Умуртқа поғонаси одам организмида ҳаракат-таянч аъзоларининг асоси ҳисобланади. Умуртқалар орасида диск бўлиб, бу диск умуртқаларни бир бирига бириктириб туради, шу билан бирга амортизация вазифасини бажаради ва умуртқанинг ҳаракатланишини таъминлайди. Умуртқалар орасидаги ушбу дискнинг емирилиши остеохондроз дейилади. Бунинг натижасида умуртқалар орасидаги бўғим емирилади – бу спонделоартроз дейилади. Умуртқа дискининг ёрилиши натижасида унинг ичидаги ядроси сиқилиб, ташқарига чиқади ва диск чурраси пайдо бўлади.

Мазкур патологик жараёнлар умуртқанинг қийшайишига олиб келади. Бу эса сколиоз дейилади. Натижада умуртқа орасидаги масофа қисқаради ва орқа миядан периферик нервлар чиқадиган умуртқалараро тешик қисилади. Бунинг оқибатида периферик нерв толалари эзилади ва бош миядан орқа миягача келган импульс эзилган периферик нерв толаларидан улар бошқарадиган аъзоларгача тўлиқ етиб бормайди. Бу эса ўз навбатида шу аъзолардаги пайлар, мушаклар, қон томирлари ва бошқа тўқималар фаолиятининг бузилишига олиб келади.

Натижада мушак ва пайлар тортилиб, қаттиқ оғриқлар пайдо бўлади. Кислород ва озуқалар етишмаслигидан қўл-оёқлар музлайди, уюшади, ҳолсизланади. Ҳаракатланганда ва юрганда қаттиқ оғриқ пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда ногиронлик даражасигача олиб келиши мумкин. Мана шуларни ҳисобга олиб бундай касалликларга чалинган беморларга “оддий туз йиғилган” ёки “нервлар шамоллаган” деб қарамасдан, уларни ҳар томонлама, чуқур, индивидуал тиббий текширувидан ўтказиш, тўғри ва тўла ташхис қўйиш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, бундай беморларни даволаш жараёни ҳар бир беморга индивидуал – унинг касаллигининг оғир-енгиллигига, ўткир ёки сурункалилигига, қандай асоратлар қай даражада кечаётганлигига ва беморнинг умумий аҳволига қараб ўтказилиши лозим. Беморни тўла ва самарали даволаш гарови, биринчидан, беморга қўйилган ташхиснинг тўғрилиги ва тўлиқлигига, иккинчидан, шу организмда кечаётган патологик жараёнларнинг қандайлигига қараб касалликни келтириб чиқараётган сабабига йўналган муолажалар ўтказилишига боғлиқ.

Яна ўқинг:  ГИЁҲЛАР “ТИЛГА КИРГАНДА”

Бундай хасталик билан оғриган беморларни вертеброневрология бўйича малакасини оширган юқори малакали врач-неврологлар, врач ортопед-вертебролог текширади. Компьютер ёки магнитли-резонансли томографияда текширувдан ўтказиб, касалликнинг босқичини, шунингдек, қандай асоратлар келтириб чиқарганлиги аниқланиб, уларга муолажа ўтказиш режасини тузиб чиқишлари керак.

Шу ўринда айтиш лозимки, остеохондроз ва диск чурраси билан оғриган беморлар бир-бирларидан кескин фарқ қиладилар. Шунинг учун диск чурраси деб қўйилган ташхис бу ҳали тўла ва охирги ташхис эмас. Чунки, баъзи беморларда диск чурралари катта бўлишига қарамасдан периферик нерв толасини эзмайди.

Баъзи бир беморларда диск чурралари уч-тўрт миллиметр бўлса ҳам улар нерв толаларининг илдизини эзади, натижада қайси нервларни эзишига ва қайси умуртқанинг орасида пайдо бўлишига қараб қўл ёки оёқларда қаттиқ оғриқ, тортишиш, уюшиш, совқотиш, ҳаракатланганда оғриқларнинг кучайиши каби касалликлар белгиларини келтириб чиқаради.

Баъзи беморларда эса диск чурралари орқа мияни эзиб, унинг фаолиятини бутунлай бузиб қўйиш хавфини туғдиради. Бундан ташқари, баъзи ҳолларда умуртқаларнинг силжиши, умуртқалар ёнидаги пайларнинг, мушакларнинг яллиғланиши, шунингдек, умуртқалар орасидаги дискларда кисталар, ўсимталар пайдо бўлиши ва бошқа асоратлар бўлиши мумкин. Шунинг учун компьютер томографиясида диск чурраси мавжудлигини кўриб, беморни ҳар томонлама текширмасдан, унинг умумий ҳолатини ҳисобга олмасдан “фақат жарроҳлик усули билан даволаш мумкин, бошқа муолажалар ёрдам бермайди” деган фикрлар нотўғри. Чунки, беморда диск чурраси бўлиши мумкин, лекин уни қийнаётган оғриқлар ва касалликнинг бошқа белгилари диск чуррасидан эмас, бошқа сабаблар туфайли ҳам бўлиши мумкин. Буни мутахассис индивидуал ҳар бир беморни остеохондроз ҳамда унинг асоратлари қандай ҳолатда эканлигини аниқлаб, шундан кейингина беморни қандай усул билан даволаш кераклигини белгилаши лозим.

Республикамизда остеохондрозни ва диск чурасини даволашда Республика травмотология ва ортопедия илмий текшириш марказида вертебролгия, яъни умуртқалар касаллиги бўлими, Республика нейрохирургия марказида самарали ўтказилмоқда. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида консерватив, операциясиз даволаниш йўллари ҳам кенг ишлатилмоқда ва ўз самарасини бермоқда.

О.ЗОКИРОВ,

травматолог – ортопед

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: