Теран нигоҳлар

катаракта туфайли гавҳаришамчироқларимиз хиралашмасин

Катаракта – ( юнонча «katarhaktes» – «шаршара») кўз касалликларидан бири бўлиб, аслида тиниқ кўз гавҳарининг хиралашувидир. Катарактанинг ривожланиши инсон организмидаги баъзи касалликларнинг асорати, қолаверса, ташқи муҳит омиллари – кўз шикастланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бу хасталик туғма ва ҳаёт давомида орттирилган бўлиши мумкин. Қариликда (одатда 50 ёшдан кейин ) катаракта кўп учрайди (90 фоиз). Бунинг сабаби кўз гавҳари озиқланишининг бузилиши, унинг таркибига кирувчи оқсилларнинг ўзгариши (денатурация) ва ҳоказо.

Келиб чиқишига кўра катаракталар бир неча хил бўлади:

– Қарилик катарактаси;

– кўз шикастланишидан кейин ривожланадиган катаракта;

– асортали катаракталар(кўз касалликлари асорати – масалан юқори даражали миопия ва ҳоказо);

– радиацион катаракталар (ионлаштирувчи нурланиш оқибатида келиб чиқади);

– токсик катаракталар (нафтолон кислота ва шунга ўхшаган заҳарли моддалар таъсири остида ривожланади);

– организмнинг умумий касалликлари оқибатида келиб чиқадиган катаракта (эндокрин тизимидаги ўзгаришлар, умумий моддалар алмашинувининг бузилиши оқибатида);

Ушбу хасталик сабабли вақт ўтиши билан кўз гавҳари бутунлай хиралашиб қолади.

Қариликдаги катаракта аста-секин ривожланади. Касалликанинг бир неча босқичлари фарқ қилинади, яъни:

– Бошланғич;

– етилмаган;

– етилган;

– ўтиб кетган.

Унинг етилган даври ҳаммада ҳар хил кечади. Бу кўпроқ беморнинг умумий аҳволи ва ёши билан боғлиқ. Кўз гавҳарининг ҳамма қисми хиралашса, етилган катаракта деб аталади.

Катарактада қуйидаги белгилар кузатилади:

– Кўриш қобилиятининг пасайиши;

– беморнинг кўз олди жимирлашади, нуқта, чизиқ ва доғ каби шакллар пайдо бўлади;

– соғ кўз беркитилганда жисмлар иккита бўлиб кўринади;

– тасвирлар хиралашади;

– ёруғликка нисбатан таъсирчанлик ошиб, асосан бу ҳолат кечки пайтда кучаяди;

– кўз қорачиғи оқиш, кулранг тусга киради;

– ранг ажратиш бузилади.

ТАШХИС

– Кўриш ўткирлигини ва кўриш майдонини аниқлаш;

– кўз ички босимини ўлчаш – тонометрия;

– кўз гавҳарини биомикроскопия (тирқишли лампа) ёрдамида текшириш;

– кўз тўр пардасини электрофизиологик усул билан текшириш;

– кўзни ультратовуш ёрдамида текшириш;

– қўшимча текширувлар.

Кўзнинг хира тортиши унинг бошқа касалликларида ҳам кузатилади. Шунинг учун албатта шифокор–офтальмологга мурожаат этиш ва касалликни ўз вақтида аниқлаш лозим. Текширувлар натижасини таҳлил қилиб, шифокор дорилар воситасида ёки жарроҳлик йўли билан даволашни тавсия этади. Дорилар билан даволаш кўз гавҳаридаги хиралашишнинг сўрилишига ёрдам бермайди. Лекин дори-дармонлар касаллик ривожланишини секинлаштириши мумкин.

Яна ўқинг:  Чарақлаган офтоб – хушнудлик сабабчиси

Катарактанининг даволашнинг ягона йўли – жарроҳлик операцияси бўлиб, бунда хиралашган кўз гавҳари интраокуляр линза – сунъий гавҳар билан алмаштирилади. Ҳозирги вақтда бутун дунёда катарактани ультратовушли факоэмульсификация йўли билан олиб ташлаш жарроҳлик амалиётида кенг қўлланилмоқда. Жарроҳлик амалиётини амалга ошириш учун катарактани етилишини кутиш керак эмас. Ҳозирги пайтда ушбу кўз хасталигини даволаш қанча эрта бошланса, даво шунча самарали бўлади.

Эсда тутинг!

Катаракта кўзни тўсиб турган парда эмас. Балки, бу жиддий кўз касаллиги бўлиб, уни махсус парҳез, томчи дорилар ёки халқона усуллар билан даволаб бўлмайди.

Дилфуза УСМОНХЎЖАЕВА,

олий тоифали офталмолог

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: