Таомларимиз таркиби қандай бўлиши керак?

Инсоннинг ақлан ва жисмонан соғлом бўлиши кундалик тартиби ҳамда ташқи муҳитга боғлиқ. Ҳозирги замон психологлари ақлан ва жисмонан соғломликни таъминлаш воситаларидан бири сифатида тўғри овқатланишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидламоқда. Чунки организмда керакли моддаларнинг етарли бўлмаслиги стрессга олиб келиши, ривожланишни бузиши, ҳаттоки ақлий салоҳиятга ҳам салбий таъсир кўрсатиши тажрибаларда аниқланган. Организмга таомлар орқали оқсил, ёғ ва углеводлар каби мураккаб органик моддалар киради. Ушбу моддалардан организм ўсиш жараёнида ва атрофияга учраган ҳужайралар ўрнига янгилари ҳосил бўлишида қурилиш материали сифатида фойдаланади. Тўйимли моддалар организмдаги энергия моддалар манбайи ҳисобланади.

Овқатланишнинг асосий замонавий консепсияларидан бири ратсионал баланслаштирилган овқатланиш назариясидир. Бу назария асосида фақат организмни энергия билан доимий таъминлаш заруриятигина эмас, балки унинг нормал ҳаёт фаолиятини олиб бориш учун асосий озуқа моддалари ва озуқаларнинг бошқа муҳим элементлари ўртасидаги нисбатни сақлаш тушунчаси ётади. Овқатланишда ҳал қилувчи рол шундай моддаларга тегишлики, улар одам организмида бошқа бирикмалардан синтезлана олмайди. Уларга 40 дан ошиқроқ моддалар – анорганик ионлар (элементлар), витаминлар, алмашинмайдиган аминокислоталар, тўйинмаган мой кислоталари ва коферментларнинг таркибига кирадиган ёки ўзи коферментлик вазифасини бажарадиган баъзи бир биологик фаол моддалар киради. Ушбу моддалар овқатланишнинг алмашинмайдиган омиллари номи билан юритилади.

Таомлар билан бирга организмга тушадиган дармондорилар, маъданли тузлар ва сув ҳам кам аҳамиятга эга эмас. Улар организмда кечадиган турли-туман кимёвий реаксияларнинг бажарилиши учун шароит яратиб берса, баъзилари ушбу жараёнда тўғридан тўғ ри иштирок этади.

Сув, маъданли туз ва дармондорилар организм томонидан тўлиқ ўзгармаган ҳолда ўзлаштирилади. Овқатлар таркибидаги оқсил, ёғ ва углеводлар эса организм томонидан тўғридан тўғри ўзлаштирилмайди. Биринчидан, бу моддалар овқат ҳазми тизими деворларидан ўтолмайдиган йирик-йирик молекулалардан ташкил топган. Бу ерда асосий масала шундан иборатки, уларнинг ҳаммаси организм учун бегона ва ҳар организмда уларга қарши ҳимоя моддалари ишлаб чиқилади (антитана). Асосий тўйимли моддалар организмнинг ички муҳитига тушишидан олдин ҳазм бўлади.

Овқат ҳазми жараёни – озиқ моддаларнинг физик ва кимёвий қайта ишланиши ҳамда уларнинг ошқозон-ичак тизимидан сурилиши, қон билан ташилиши, организм томонидан ўзлаштирилиши мумкин бўлган оддий ва эрувчан бирикмаларга айланиш жараёнидир.

Яна ўқинг:  Чақалоқларда киндик парвариши

Болаларнинг ёши қанча кичик бўлса, уларнинг тўйимли моддаларга, айниқса оқсилга бўлган талаби шунча юқори бўлади. Болалар ва ўсмирларнинг озиқланиш меъёрини аниқлашда, улар организмининг мўътадил ривожланишини ҳисобга олиш зарур.

Оқсилларнинг мўътадил синтезланиши учун бола организми етарли миқдорда сув ва тузларга тўйиниши зарур. Одатда, ёғлар оқсиллар синтезланишини бироз тўхтатиб турувчи сифатида таъсир кўрсатса, углеводлар, аксинча, оқсиллар синтезланишини тезлаштиради.

Болаларнинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан мўътадил ривожланиши учун ратсион асосида озиқланиш жуда муҳим. Озиқланиш маҳсулотлари турли ёшдаги организм талабларини қондирибгина қолмасдан, фақат ҳаётий жараёнларни таъминлаш учун эмас, балки қисман бўлса-да, етарли даражада ўсиш ва ривожланиш учун қимматли оқсил, ёғ, углевод, минерал туз, сув ва витаминларни организмда захира ҳолида жамлаши керак. Шу сабабли, турли ёшдаги болаларнинг кунлик озиқланиш ратсионларида оқсил, углевод ва ёғларнинг маълум миқдордаги нисбати сақланиши зарур. Болаларнинг овқатлари етарли миқдорда клетчатка (бириктирувчи тўқима) сақлаши зарур ва овқат ҳазми каналининг моторикасини таъминловчи, чиқарилувчи маҳсулотларни сақлаши керак.

Вояга етган одамлардан фарқли ўлароқ болалар организмининг мўътадил ўсиши ва ривожланиши учун тўғри тартиб асосида озиқланиш янада каттароқ аҳамиятга эга. Тўйиб овқатланмаслик ёки меъёридан ортиқча еб қўйишнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир овқатланиш учун (ҳаётнинг биринчи ойида 5–6 марта, 2–3 ойликда 5 марта, 1,5 ёшдан бошлаб 4 марта) меъёр белгиланиши керак. 1,5 яшар болалар 4 марта овқатланишга ўтганидан кейин ҳар куни камида икки марта иссиқ овқат ейиши керак.

Бундан ташқари, болаларни овқатлантиришда озиқ маҳсулотларининг нисбати ва улардаги тўйимли моддалар ҳисобга олиниши зарур. 1 ёшда 75 фоиз ҳайвон дунёси оқсиллари, 25 фоиз ўсимлик дунёси оқсиллари (нон, мева, сабзавот) бериш керак. 3 дан 5 ёшгача – 65 фоиз ҳайвонот ва 35 фоиз ўсимлик оқсили, 5 ёшдан катта болаларга – 50 фоиз ҳайвонот ва 50 фоиз ўсимлик оқсиллари (вояга етганларга эса – 30 фоиздан кам бўлмаган ҳайвонот оқсили) берилиши керак.

Болалар организмининг оқсилларга бўлган талаби ёз пайтида ташқи ҳароратнинг кўтарилиши ва катта миқдордаги ҳаракат туфайли 15–20 фоиз ортади. Сабзавот, кўкат ва мевалар бу даврда жуда фойдали. Чунки уларнинг таркибида катта миқдорда минерал модда ва витаминлар мавжуд, шу билан бирга ичакларда ачиш-бижғиш ҳамда чириш жараёнларини келтириб чиқармайди.

Яна ўқинг:  Энди куйиш жароҳатидан фориғ бўлиш мумкин

Дилнавоз БЕРДИЕВА,

ЎзДЖТИ “Биокимё ва гигиена” кафедраси катта ўқитувчиси

“Соғлом авлод учун” журнали сайтидан олинди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: