ТАНТИ ТАБИАТНИНГ ДАРМОНБАХШ ТУҲФАЛАРИ

Ҳар фаслнинг ўз кўрки ва таровати ўзгача. Бу йил қиш анчайин илиқ келди. Гидрометеоролог маълумотларига кўра тарихда бу ҳолат 110 йил аввал ҳам кузатилган экан.

Бу нотабиий илиқ қишдан сўнг ёққан қор эса барвақт уйғонган дов-дарахтларга салбий таъсир кўрсатгани рост.

Ҳавонинг бир исиб, бир совуши, гоҳида осмонга булут тўпланиб, ёмғир ёғмасдан ўтиб кетиши қон босими мавжуд беморлар, нотўғри овқатланиш ва чекиш сабабли қони қуйилган инсонларга ҳамда ортиқча вазнга эга, шунингдек, сурункали чарчоқ синдроми, камқонлик дардига чалинганларни ва кексаларнинг аҳволини янада танг қилади.

Баҳорга келиб кузда йиғилган мева-сабзавотлар ва полиз экинларининг ўз намлигини йўқотиши сабабли уларнинг таркибидаги дармондорилар камаяди. Шунда кўклам неъматлари бўлмиш исмалоқ, беда, ҳилол, матор (мадор), семизўт, жағ-жағ, шўранинг қизил шўра, думба шўра каби турлари, редиска, кўк пиёз, шивит, кашнич, сельдерей, саримсоқпиёз, ялпиз, шовул, отқулоқ “илик узилди”да жонингизга оро киради.

Аммо жағ-жағ таркибида К витамини бўлгани сабабли қони қуюқ беморларга тавсия этилмайди. Ялпиз, кўк пиёз ҳамда саримсоқпиёз эса меъда-ичак тизимида яллиғланиш ва яра мавжуд беморлар учун зарарли. Исмалоқ, отқулоқ ва шовул шифобахш гиёҳларини буйрак-тош касаллигига мойил инсонлар тановул этмаганлари маъқул. Шунингдек, баҳорда кўпроқ қуёшли кунларда очиқ ҳавода пиёда узоқ сайр этиш ҳам киши кайфиятини кўтаради. Сут, қатиқ маҳсулотлари эса вужуднинг кальций микроэлементлари ва Д дармондорисига бўлган эҳтиёжини қоплайди.

Ҳавода магнит бўрони кузатилса ёки булутли кунда ўзингизни лоҳас ҳис этиб, қон босимингиз кўтарилса жигарранг олма ёки узум сиркасини тиззангиздан пастга қараб оёқ учларигача суртиб, уқалаб чиқинг. Шунда оёқдаги қон томирлар кенгайиб, аҳволингиз яхшиланади. Аммо аллергияга мойил беморларга ва териси таъсирчан инсонлар ҳамда болаларга бу муолажа тавсия этилмайди. Яна олма ва узум сиркаси гўшт ҳамда хамирли овқатлар ҳазмини яхшилайди. Оёқ ва қўл тирноқларидаги замбуруғли касалликлар ҳамда терлашнинг олдини олади.

Ҳавода магнит бўрони кузатилса ва катта босим билан ҳаво сизни сиқаётгандай ҳис этсангиз ҳамда бошингиз оғриса газсиз минерал сув ичинг. Писта мойи ва саримсоқпиёз солинган қизил лавлагили салат ёки цитрус мевалар, олма, анор, узум енг. Чунки, бундай ҳолатларда қонни суюлтириш керак. Тарвуз, қовун ҳам қонни суюлтиради. Турли мева қоқилари (олма, ўрик, анжир қоқи, олхўри, шафтоли, майиз)ни таъбингизга кўра қайноқ сувга ивитиб ёки уларни 5-10 дақиқа қайнатиб ичинг. Улар ҳам организмда витаминлар, микро ва макроэлементлар етишмовчилигининг олдини олади.

Яна ўқинг:  “АҚЛЛИ ТАРЕЛКА” ЯРАТИЛДИ

Қуёш чарақлаб турган кунларда бош мияда жойлашган гипоталамусдан эндорфин “бахт гормони” ажралиб чиқади. Бу гормон киши кайфиятини кўтариб, унинг ишчанлик қобилиятини оширади.

Агар ҳавога қора булутлар чиқиб, кайфиятингиз тунд бўлса, қора аччиқ шоколод истеъмол қилинг ёки 1-2 финжон қаҳва ичинг. Шунингдек, ишхонада ёки уйда вазага сариқ тусли цитрус мевалар ҳамда беҳи солиб қўйинг. Яна уларни вақти-вақти билан ҳидлаб туринг. Иш столингизнинг тўғрисига кунгабоқар ёки қуёш тасвири туширилган сурат ёки фотосурат илинг. Ёрқин рангли либослар кийинг.

Баҳорги дармонсизликда нафақат сифатли ва тўйимли овқатланиш, шунингдек, тўйиб ухлаш ҳам катта аҳамиятга эга. Катта одамлар тиниқиб дам олишлари учун кечаси 8 соат ухлаши лозим. Кундузи имкон бўлса ярим ёки бир соат мизғиб олиш ҳам танани тетиклаштиради. Нафақат уйқуга тўймаслик, балки бесабаб 10-12 соат ухлаш ҳам одамни касал қилади. Тўйиб ухламаслик юрак-қон томир касалликлари, руҳий зўриқиш (стресс) ҳамда жиззакилик, хотира сусайишига сабаб бўлса, кўп ухлаш гиподинамия (камҳаракатлик), ортиқча вазн ва унинг натижасида моддалар алмашинуви бузилиши сабабли қандли диабет ривожланиши ҳамда танада балғам (шиллиқ) тўпланиши туфайли депрессия (руҳий тушкунлик)ни келтириб чиқаради.

Кўп ухлашга сабаб камқонлик, сурункали чарчоқ синдроми ёки мижознинг бузилиши туфайли танада совуқ балғамнинг кўпайишидир.

Бундай ҳолатда қиздирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиб, балғамни етилтириш зарур. Қиздирувчи маҳсулотларга қора чой, новвот, асал, ёнғоқ, майиз, писта, бодом, ҳинд ёнғоғи, кедр ёнғоғи, қалампир, занжабил, мурч, карри (ҳиндча зиравор) шолғом, нўхат, қўй ёки от гўшти, қази-қарта, думба, пиёз, саримсоқпиёз, горчица (хантал), турп, қора аччиқ шоколад, қаҳва каби маҳсулотлар киради.

Шунингдек, турли сурункали оғир дардга чалинган беморлар ҳам кам қувват бўлганлиги сабабли кўп ухлашади. Уларни шифокор ёки халқ табобати академияси лицензияси билан фаолият юритаётган табиблар тавсиясига кўра сифатли ва тўйимли парҳез таомлар, дори-дармонлар, шифобахш гиёҳлар билан даволаб, парвариш қилиш зарур. Зарур ҳолатларда уларга психолог ёрдами ҳам керак бўлади.

Яна баҳорда нотўғри овқатланиш ва кўп ўтириб ишлаш, камҳаракатлик, суюқликларни кам истеъмол қилиш, қуюқ овқатни кўп тановул этиш сабабли айрим кишиларда қабзият кузатилади. Ич қотиши тананинг секин-аста заҳарланиши, бош оғриғи, кўнгил айниши каби аломатларни келтириб чиқаради. Бу ҳолат жигар ва талоққа ҳам салбий таъсир этади. Ивитилган туршак суви қабзиятга мойил беморларга шифобахшдир. Яна у юракка қувват бериб, организмни калий ва магний билан тўйинтиради. Шу сабабли организмни хилтлардан тозалаш учун аввало суюқ ва қуюқ таомларни навбати билан истеъмол қилиш зарур. Яна қуюқ овқат ейилганда унинг ҳазмига ёрдам берувчи турли ошкўклар, қатиқ, салатларни ҳам қўшиб истеъмол қилиш керак.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-31)

Кўкламнинг қуёш чарақлаган кунларида ерга тушган шафтоли гулларидан тайёрланган чучвара организмни хилтлардан тозалайди. Чунки, бу таом сургидай таъсир этади. Яна янги ивитилган қатиқ зардоби ва творог суви ҳам шундай таъсирга эга. Ушбу табиий сурги воситасини ичиш муолажасидан уч кун аввал қуюқ ва гўштли таомлар истеъмол қилинмайди. Енгил ҳазм бўладиган сабзавотли ва сули ёрмаси (перловка)дан тайёрланган шўрва ҳамда мева-сабзавотли салатлар, кепакли қора нон тановул этиш керак.

Бу муолажа эрталаб оч қоринга бажарилади. Хона ҳароратида турган қатиқ зардоби ёки творогдан ажралиб чиққан сув ҳўплаб-ҳўплаб, таъбга қараб 0, 5-1 литргача ичилади. Орадан 1-1, 5 соат ўтгач эса у ични суради.

Шунингдек, баҳорнинг тансиқ таомлари ҳалим ва сумалак ҳам “илик узилди” даврида организмни дармондорилар билан тўйинтиради. Хитой, Япония, Корея аҳолиси дуккакли дон маҳсулотларининг янги ундирилган оқиш майсаларидан турли салатлар тайёрлашади. Парҳезшунослар фикрича сумалак учун ундириладиган буғдойнинг оқиш майсаси ҳам ноёб жен-шень ўсимлиги каби Е витаминига бой экан.

Каминь ёки ўчоққа ўт қалаб, унинг ёнида ўтириш ҳам қишда заифлашиб қолган аура (биомайдон)ни тиклайди. Ер қизигандан сўнг оёқ яланг юриш ундаги организмнинг барча аъзолари билан чамбарчас боғлиқ биофаол нуқталарни “қитиқлайди”. Бу баҳорги дармонсизликда фойдали. Мавсумдаги беҳолликда мевали ва манзарали дарахтларга суяниш ҳам дармонга киришингизга кўмаклашади. Аммо бундан чинор дарахти мустасно. Чунки, у сиздан қувват сўради. Энг кучли қувват манбаи – бу эман (дуб) дарахтидир. Ижобий фикрлаш ҳам сизга қувват беради.

Атрофдагиларга кулиб боқиш, меҳру-мурувват билан кўмакка муҳтож одамга ёрдамга шошиш, эзгулик улашишга интилиш аввало ҳар бир инсоннинг ўзини кайфиятини кўтаради. Қалбингизга баҳор қуёши билан бирга улкан яхшилик қилиш истаги кириб борсин, азизлар.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: