Танга роҳат, руҳга қувват

Чанқаганимизда сув ичиб роҳатлансак, ювинганимизда эса икки карра баҳра оламиз. Чунки ювиниш чоғида тозаланиш билан бирга ички аъзоларимиз саломатлигига замин яратамиз, вужудимиздан барча ғубор чиқиб кетади. Шу туфайли бўлса керак ҳаммомни покланиш маскани деймиз. Қолаверса, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳаммом бир қанча ички ва ташқи касалликларга шифо ҳам ҳисобланади. Бел, оёқлар, қўллар, кураклар, бўйин каби инсоннинг ташқи аъзолари, шунингдек, ички аъзолардан нафас йўллари, ўпка, меъда-ичаклар, буйрак, жигар, талоқ, қовуқ кабилар даволанади. Қизиғи шуки, бир аъзони даволашни кўзлаб қилинган меҳнат туфайли бошқа аъзолар ҳам даволанади ёки уларнинг фаолияти яхшиланади. Умумий соғлиқ мустаҳкамланади. Кучли терлаш натижасида инсон терисидаги тешиклар очилади ва кенгаяди. Теридаги қон томирлар фаолияти кучаяди. Юздаги ажинлар текисланади ва инсоннинг рангу рўйи кўркамлашади.

Шунингдек, ҳаммомда яхши терлаш сочни силлиқ қилади. Сочлар ранги жилвакор бўлади. Ҳар қандай ўримга, шаклга киришга мойил бўлади. Тараганда сочлар кам тўкилади, соч ости томирлари мустаҳкамланади.

Бундан ташқари кўзнинг ички томони ҳам тозаланади, шунинг эвазига кўз қорачиғи яна ҳам қораяди, кўриш қобилияти яхшиланади. Ҳаммомда киши баданидан ғубор чиқиб кетиши эвазига тери мулойимлашади, тери остидаги майда қон томирчаларда қон оқими равонлашади, натижада бадан ранги ним пушти атиргул рангига киради. Фақат бадан ранги чиройли бўлибгина қолмай, унда ёқимли, мулойим ҳид пайдо бўлади. Чунки ёмон хилтлар эриб танадан чиқиб кетади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш жоизки ҳаммом қабул қилишнинг ҳам ўзига хос қоидалари мавжуд. Ҳаммомда кўп қолиш, у жойга бавл қилиш, суҳбат қуриш ман этилади. Бу жиҳатлар инсон саломатлигига салбий таъсир қилиши мумкин. Бу борада бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам кўплаб фойдали маслаҳатлар бериб ўтган.

– Ҳаммом енгил иссиқ ва мўътадил ҳўлланишдан манфаат олмоқчи бўлган кишигагина керакдир. Бу мақсад учун унинг ҳаммомда узоқ қолиши шарт эмас. Унинг обзон ( ҳаммом)да фақат териси қизариш ва бўртишда давом этгунигача туриши кифоя қилади. Терининг қизариши йўқола бошлагач, ҳаммомдан чиқиш керак.

– Ҳаммомдан чиққач ёки ҳаммомнинг ўзида совуқ ичимликларни ичишдан тийилиш керак. Чунки, бу вақтда бадан тешиклари очиқ бўлиб, совуқ бошқарувчи аъзоларнинг жавҳари томон интилади ва уларнинг қувватини синдиради. Шунингдек, бирон иссиқ нарсани ейишдан, айниқса, иссиқ сув ичишдан сақланиш керак. Чунки, бу бошқарувчи аъзоларга бориб сил ва ингичка оғриқ касаллигини келтириб чиқариши сабабли хавфлидир. Жумладан:

Яна ўқинг:  Уйқу гормони қанчалик муҳим?

– Ҳаммомдан чиққач, бошни бирдан яланг қилишдан, танани совутишдан сақланиш керак, қиш вақтида ҳаммомдан иссиқ кийимга ўралиб чиқиш зарур.

– Ҳаммомнинг кўп фойдалари билан бирга зарари ҳам бор. У заифлашган аъзоларга чиқиндиларнинг қуюлишини осонлаштиради, баданни бўшаштиради, асабга зарар етказади. Туғма иссиқликни тарқатади. Овқатга бўлган иштаҳани туширади ва жинсий қувватни заифлаштиради.

– Ҳарсиллашга учраган кишилар мумкин қадар ҳаммомдан, айниқса, овқат еб ҳаммомга тушишдан, кўп ухлашдан, айниқса, кундуз куни ухлашдан сақланишлари зарур.

Бундан кўриниб турибдики, ҳаммомга тушиш ҳам меъёр талаб этар экан. У орқали айрим касалликлардан фориғ бўлсак, аксинча бемаврид қабул қилинган ҳаммом кўпгина касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлар экан.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: