Соғлом буйраклар фаолияти – ҳаёт таянчи

ЁКИ СИЙДИК-ТАНОСИЛ АЪЗОЛАРИ КАСАЛЛИКЛАРИНИНГ БEПУШТЛИКНИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРИШИ ҲАҚИДА

Инсон ҳар томонлама соғлом бўлсагина яшашга иштиёқи баланд бўлади. У жамиятда ўз ўрнини тезроқ топишга интилади. Халқимизда «тўрт мучанг соғлом бўлсин» деган мақол бежизга айтилмаган. Зеро, одамнинг организми тўрт хил мижоз (савдо, сафро, қон ва балғам)нинг мутаносиблиги туфайли соғлом бўлади. Вужудимиздаги барча аъзо ва тизимларнинг меъёрдаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Қуйида биз ловиясимон қўш аъзо – буйраклар ва умуман олганда сийдик-таносил аъзолари касалликлари ва бу хасталикларнинг бепуштликка олиб келувчи сабаблари хусусида Ўзбекистон Республикаси бош уронефрологи, тиббиёт фанлари доктори, профессор, “Шуҳрат” медали соҳиби ­Жуманазар Бекназаровга мурожаат этдик.

– Маълумки, урологик хасталиклар хусусида табобат илми султони, буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Сино ҳам ўз илмий асарларида тўхталиб ўтган. Қадимдан қандай урологик касалликлар маълум эди?

– Абу Али ибн Сино ўзининг асарларида урологик хасталиклар тўғрисида батафсил маълумот берган. Чунки, бу хасталиклардан бирига дучор бўлган беморда буни яширишнинг ёки унинг белгиларидан бирини айтмасликнинг иложи бўлмаган. Масалан: жигар, юрак, талоқ, ичакнинг кўпгина хасталиклари, хафақонлик нисбатан узоқ давр мобайнида яширин кечади. Бу касалликларнинг илк белгилари тўғрисида бемор табибга мурожаат қилмай юриши мумкин. Урологик хасталиклар эса тана ҳароратининг ошиб, ҳолсизлик бошланиши ёки қаттиқ санчиқ ҳаддан ортиқ безовта қилишидан хаста кишининг табибга мурожаат қилмасликдан бошқа иложи қолмайди.

Буйракдан сийдик найига тош тушганида, қовуқда тош туриб қолганида ёки сийдик каналига тош тиқилганида қаттиқ санчиқли оғриқ уларни ҳоли-жонига қўймайди. Шу сабабли ҳам табобат илми султони Абу Али ибн Сино сийдик-тош касаллигининг илк белгилари, асоратлари ҳамда даволаш усулларини ўз илмий асарларида батафсил ёритади.

Демак, улуғ табиб яшаган даврда буйрак, қовуқда тош пайдо бўлиши энг кўп тар­қалган хасталик бўлган. Бу хасталикнинг клиник манзараси, унинг қайси ҳолатларда ҳамда асоратларида қандай намоён бўлиши шундай батафсил ёзилганки, ҳатто ҳозирги замонда ҳам шу ёзилган сўзларга бирон сатрни қўшишнинг иложи йўқ. Ушбу касалликларга тиббий асбоб-ускуналарсиз, пешоб таҳлилисиз дардга аниқ ташхис қўйиш учун ҳаддан ташқари зукко тафаккур эгаси бўлмоғи зарур. Энг муҳими тошнинг жойлашган ўрнига эътибор қаратган ҳолда даволаш усуллари шундай мукаммал ёзилганки, ўқиб ҳайратда қоласиз. Маъжозий маънода тиббиёт фанининг отаси ҳисобланмиш Гиппократ “қовуқдаги тошни жарроҳлик йўли билан бартараф қилишга уриниш ақлий телбаликдан бошқа нарса эмас”, дея уқтирган дардни ибн Сино ништар ёрдамида муолажа қилган.

Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида уруғдон истисқоси, ҳар хил турдаги дабба (чурра)лар, буйрак ва қовуқнинг яллиғланиш касалликлари, сийдик канали (уретра) тораймалари, қовуқ саратони, керт­мак варағининг касалликлари, жинсий ожизлик турлари ва шу дардларни даволаш усуллари моҳирона ҳамда ўта билимдонлик билан ёзилган. Ташхис қўйиш борасида аллома ҳозирги замоннинг ҳар қандай етук урологи билан беллаша олган бўлур эди. Чунки, улуғ бобомизда техницизм, яъни аксари ҳолларда техника воситаларига бутунлай таяниш эмас, балки клиник фикрлаш ҳамда таҳлиллаш хусусиятлари ўта даражада юксак эди.

– Одамнинг ёш хусусиятларига қараб, анатомо — физиологик жиҳатдан қандай урологик хасталиклар учрайди?

– Урологик хасталиклар туғма ҳамда орттирилган бўлади. Ўғил ва қиз болаларга ҳамда катта ёшдагиларга хос, жинсга оид урологик хасталиклар фарқ қилинади. Қовуқ олд деворининг шаклланмасдан орқа деворининг қориндан ташқарига чиқиб қолиши (қовуқ экстрофияси), уретра олд ёки орқа деворининг ҳосил бўлмаслиги(гипоспадия, эписпадия), уретра клапанлари — туғма хасталиклар бўлиб, ўғил болаларда ҳам, қиз болаларда ҳам учрайди. Уруғдоннинг ёрғоққа тушмай қолиши(крипторхизм), уруғдон атрофида суюқлик тўпланиши (уруғдон истисқоси), кертмак варақларининг яллиғланиши (баланит ёки баланопостит), кертмак торайиши(фимоз), уруғ тизимчаси вена қон томирларининг кенгайиши ( варикоцеле) фақат ўғил болаларда учрайди. Тухумдон кисталари, қин ва бачадон норасоликлари, бачадон найчалари ҳамда шокилалари аномалиялари қиз болаларга хос туғма касалликлардир. Аёлларда кўпроқ жинсий аъзолар ва сийдик чиқариш тизими яллиғланиш жараёни, эркакларда эса аксари ҳолларда насл (простата) безига хос касалликлар кўпроқ учрайди.

Юқорида ёзилган касалликлар, яллиғланишга оидларидан ташқари, деярли барчаси операция йўли билан бартараф этилади. Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда урологияга оид туғма норасоликлар, нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда бундан 40-50 йил аввалгига нисбатан 4-5 баравар кўпайди. Шу муносабат билан ривожланган мамлакатларда шу норасоликлар билан махсус шуғулланадиган ихтисослашган марказлар ташкил қилинган, қилинмоқда ва бизнинг юртимизда ҳам бунга эҳтиёж бор, имконият етарли.

Яна ўқинг:  МУЛЬТФИЛЬМЛАР БОЛАЛАРНИ СЕМИРТИРАДИ

Ҳозирги пайтда урологиянинг энг долзарб муаммоларидан бири насл(простата) безининг ҳажм жиҳатидан каттариши ёки хавфсиз гиперплазияси(аденома)сидир. Шу борада қизиқ ва муҳим фактни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этмоқчи эдим. Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино ўз асарларида насл безининг бу касаллиги тўғрисида ёзмаган. Агар ўша даврларда ҳозирги пайт­дагидай аденома кўп учраганида, бу ҳолат буюк алломанинг назаридан четда қолмаган бўларди.

Энди савол туғилади, хўш ҳозирги пайт­га келиб бу хасталик нега кўпайди? Шу ерда бир ҳаётий мисол келтирай. Бизнинг “Оқгузар” қишлоғимиздан Шаҳрисабз шаҳригача бўлган масофа 40 чақиримдан ортиқ. Менинг тоғам турмуш ташвишлари туфайли 50 ёшдан ўтган маҳалида ҳам шу масофани бир кунда босиб ўтар экан.

Демак, транспорт воситалари ривожланмаган даврларда йўл муаммоси пиёда юриш, эшак, от, туя миниш воситаларида ҳал этилган ва бу жараёнда тос аъзоларида қон айланиш ҳаддан ташқари юқори ва жадал бўлган. Айни маҳалда простата бези ҳам қон билан яхши таъминланган. Хуллас, аденомага сабаб бўладиган омил юзага келмаган. Ҳозирги пайтда 50 метр нарига ҳам юмшоқ курсили машинада боришни одат тусига киритганмиз. Кам ҳаракатлилик, яъни гиподинамия бизнинг асримизда зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий муаммога айланди. Ахир, унутмаслик лозим, ҳатто ҳомила ҳам она қорнида ҳар хил ҳаракатлар қилиб, келгуси ҳаётига замин яратади. Хулоса шуки, ҳаракат наслдан-наслга ўтувчи, туғма ва орттирилган касалликларни кескин камайтириб, саломатликни мустаҳкамловчи муҳим омилдир.

– Сийдик-таносил аъзолари касалликлари ва нуқсонларининг жинсий ҳаётга таъсири хусусида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Пала-партиш жинсий ҳаёт қандай салбий оқибатларга олиб келади?

– Сийдик-таносил аъзолари ва нуқсонларининг жинсий ҳаётга бўлган таъсири салбий ва ҳаддан зиёд катта. Уларнинг энг муҳимларига тўхталмасдан иложимиз йўқ. Уруғдон қорин бўшлиғида, чов каналида ёки ундан сал чиқиб ёрғоқга тушмаслиги крипторхизм деб аталади. Эътибор қилинг, мабода крипторхизм икки тарафлама бўлиб, операция йўли билан бартараф этилмаса 95 фоиз, агар бир тарафлама-ю, бироқ, вақтида ёрғоққа туширилмаса 45 фоиз ҳолларда бепуштлик рўй беради. Ахир, бу фожиа-ку!

Крипторхизм касаллигида гўдакни 8 ойлигидан 1 ёшгача бўлган даврда операция қилиш зарур. Жарроҳлик амалиёти шу ёшдан кечикса, вақт ўтган сари келажакда содир бўладиган бепуштлик геометрик жадаллик бўйича ўсаверади. Гипоспадия ва эписпадия каби норасоликлар эса боланинг онги тўлиқ шаклланмасдан олдин бартараф этилса, беморлар ўзларини бошқалардан паст кўриши, ийманиши, камчилиги бордай сезиши каби салбий руҳий ўзгаришлар вужудга келмайди. Мабодо уруғдон истисқоси ўз вақтида операция қилинмаса 5 фоизгача бепуштлик рўй беради. Қиз боланинг жинсий норасоликларининг тури ва даражасига қараб 6-8 ёшигача бартараф қилиниши шарт, токи улар оналик бахтидан маҳрум бўлмасин.

Хуллас, ҳар бир дардни ўз вақтида аниқлаш, бартараф этиш, энг аввало ота-оналарнинг, туғруқхона шифокорларининг ва болалар хирургларининг муқаддас вазифаси ҳамда бурчидир

Жинсий ҳаёт Аллоҳ тарафидан инсонга ҳадя этилган олий мўъжиза! Мўъжиза эса муқаддас. Муқаддас вазифани эса маъсулликни ҳис этган ҳолда ҳалол бурч билан адо этмоқ лозим. Уни хор қилмаслик, топтамаслик шарт. Бу аксиома, яъни исбот талаб қилмайдиган амал. Нафсиламбир айтганда, асосан нотўғри тарбия ҳамда баъзи бир катталар “қизиқиб” қарайдиган беҳаё кадрларга эътибор жинсий жиҳатдан энди етилиб келаётган ўсмир қиз ва йигитларда меъёрга хос бўлмаган нопок ҳирс­ни уйғотади ва сўнгра қитиқлайди. Бу каби ҳис-туйғу эса хаста истакни пайдо қилади, орзу-ҳавасни чўлоқлайди. Юксак ниятларни нимталайди, мақсадларни парчалайди. Бу эса уларнинг келажаги хазон бўлишига сабаб бўлади. Бу қинғир ҳис қанчалик даражада кўпроқ рўй бераверса, амалга оширилаверса, аввалгисидан қониқмаслик ҳисси шунчалик тубанлашаверади. Пировардида, нопок ва эгри кўнгил олдингисидан бошқачароқ ҳис-туйғуни тусайверади. Оқибатда меъёрга мутлақо хос бўлмаган жирканчликка мубтало кимсалар пайдо бўлади. Аксари ҳолларда жинсий ожизлик вужудга келиб, бузуқ ниятли кимсалар ўз шаҳвоний ҳиссини хунук усуллар ва воситалар билан қондиришга ўтадилар. Ғарб мамлакатларининг баъзи бирларида бошқа жинс вакилларининг кийимида ресторанларга бориш, бесоқолбозлар намойиши, бир жинслилар никоҳига рухсат бериш бу айтилганларнинг яққол исботидир.

Яна ўқинг:  Атрофимиз тўла аллергенлар?! Бу астманинг асосий сабабчиси эмас

Ҳали-ҳали эсимда. Биз 4-синфда ўқиганимизда 2-синф ўқувчиларини бир партага бир ўғил-бир қиз бола ўтиришга мажбур қилишганди. Ўшанда ўғил-қизларнинг қандай изтироб билан йиғлаганларини бир тасаввур қилинг! Биз учун бу жуда антиқа, қизиқ, қуюшқондан чиққан ҳодиса эди. Чунки, биз олий ўқув юртига келганимизгача бир партада ўғил-қиз бола ўтирмаганмиз. Яшириб нима қилдик: ҳатто институтда ўқиган давримизда ҳам қиз бола билан ёнма-ён ўтириш биз учун бир орзу эди! Бизнинг қизлар тўғрисидаги барча фикримиз кўзгудай тиниқ, булоқ сувидай шаффоф, олмосдай тоза эди!

Ёз палласида чўмилиш ҳавзасига тоғ қишлоқларидан бирида ўсган ўспирин йигитчани олиб келинг-а, у бу ердаги манзарадан оғзи очилиб, анқайиб, “Наҳотки!?..” дея, нима қилишини билмай каловланиб қолади.

Хуллас, жинсий муносабатлар ҳақидаги қулоққа эшитиладиган ва кўзга кўринадиган информациялар қанчалик очиқ, кўп ва беҳаё бўлса, шаҳвоний ҳис ўшанчалик даражада пасаяверади ва жинсий ожизлик ўзининг юқори нуқтасига тобора яқинлашаверади.

Пала-партиш жинсий ҳаёт эса биринчидан, турмуш ташвишларини янада орттириб, шунчаки умр кечиришга айланади, холос. Иккинчидан, жинсий касалликларга дучор бўлиш одатий ҳолга айланади. Яъни, сўзак, захм, хламидиоз, трихинеллёз, одам иммунтанқислиги вируси (ОИВ), орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС) каби хасталикларга чалиниш осон. Уларнинг сони анчагина, асоратлари ҳам жиддий. Бу энди алоҳида мавзу…

– Ҳозирда шиддат билан ривожланаётган техника асрида “сотка” (уяли алоқа воситалари) ва компьютер, пейд­жерлардан кўпчилик эркакларнинг ҳаддан зиёд кўп фойдаланганликлари қандай салбий оқибатларга олиб келмоқда?

– Ҳар бир нарсада меъёр бўлгани маъқул. Агар заҳар ҳам меъёрида истъемол қилинса дори, асал меъёридан ортиқча бўлса, заҳарга айланиши ҳеч гап эмас. Рент­ген нурларининг ортиқчаси организм ҳужайралари учун салбий таъсир кўрсатиши маълум. Ультратовуш тўлқинлари, уяли алоқа воситалари, компьютерлардан чиқаётган тўлқинлар ҳам организм ҳужайралари учун бегона. Масалан, зангори экрандан неча метр узоқлашганда, уларнинг нур тўлқинлари салбий таъсир кўрсатмаслиги ҳисоблаб чиқилган. Ультратовуш тўлқинларининг ортиқчаси қондаги қизил қон таначаларида орқага қайтмас салбий ўзгаришларга олиб келиши, айниқса унинг ҳомилага жиддий манфий таъсирга эга эканлиги олимлар тарафидан аллақачон исботлаб берилган.

Қўл телефонларидан чиқаётган тўлқинлар тўғридан-тўғри қулоқ пардаси орқали мия ҳужайраларига ўз салбий таъсирини ўтказади. Шу сабабли ҳам мия ҳужайраларининг бажарадиган вазифасидан издан чиқишлар, ҳатто тўлқинланиш ва нурланиш оқибатида ёмон сифатли ўсма (рак) пайдо бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлмоқда. Шу сабабли ҳам қўл телефонларидан фойдаланадиганлар гаплашиб бўлганларидан кейин қулоқларида шан­ғиллаш, калла суяклари ичида қандайдир сигнал товушлари вақтинча эшитилаётганига эътибор беришлари лозим. Асосийси, қўл телефонларидан фақат зарур гапларни сўзлашган маъқул. Майда-чуйда, арзимас гап-сўзларни айтиб вақт ўтказиш билан асло шуғулланмаслик лозим. Компьютерда фойдаланишда ҳам меъёрни ушлаш шарт.

– Ушбу электротехника воситаларидан чиқадиган нурланишлар сперматогенезга қандай таъсир этади?

– Энди арқонни узун ташлайлик ва мулоҳаза қилайлик. Уруғдонда икки хил: Сертолли ва Шарко-Лейдиг ҳужайралари мавжуд. Шарко-Лейдиг ҳужайралари тестостерон моддасини ишлаб чиқаради. У эркакнинг эркаклигини намоён қиладиган гормон. Сертолле ҳужайралари эса тирик ҳужайралар-сперматозоидлар етиштиради. Сперматозоидлар тухум ҳужайра билан бирикиб, ҳомилани вужудга келтиради. Қизил қон таначалари худди шу ҳужайраларга кислород етказиб, модда алмашинув жараёнининг меъёрда кечишини таъминлайди. Агар қизил қон таначаларида салбий ўзгаришлар содир бўлса, улар Сертолли ва Шарко-Лейдиг ҳужайраларини етарли равишда кислород билан тўлиқ таъминлай олмаслигидан шу ҳужайраларда кислород танқислиги рўй беради. Оқибатда тестостерон етишмаслигидан эркак мижози сустлашади. Айниқса, кислородга жуда сезгир Сертолли хужайралари сперматозоидларни рисоладагидай етиштира олиш қобилиятидан маҳрум бўлади. Оқибатда сперматозоидлар қувватсизланади. Уларнинг ҳаракати камаяди, оқибатда тухум хужайра қобиғини ёриб ўта олмайди. Ёҳуд уларнинг ҳаракати мутлақо йўқолади. Мана шу сабабли ҳам охирги йилларда саксонвой, етмишвой, элликвойлар туғилишини қўя турайлик, балки қирқвойлар сони ҳам ҳаддан ташқари камайиб кетди. Буни албатта, турмуш тарзи билан ҳам боғлаш мумкин. Бироқ, илмий-техника ривожланишининг салбий таъсирини ҳам бутунлай инкор қилиш асло мумкин эмас.

Яна ўқинг:  Дунё ва саломатлик (2013/50)

Сперматогенез мураккаб ва жиддий жараён. Уруғдон ҳужайралари маълум ҳароратда(35.5-360С) ва атроф-муҳитдан ҳеч қандай салбий таъсир ва босим ҳамда тўсиқ бўлмаган тақдирдагина ўз меъёрий вазифасини тўлиқ бажаради. Атроф-муҳит ҳарорати 360С дан паст бўлса, уруғдонни кўтарувчи мушаклар(кремастер) қисқариб, уруғдонни яқинлаштиради ва у қўшимча иссиқлик олади. Мабода ҳаракат юқори бўлса, бу мушаклар бўшашади, уруғдон танадан узоқлашади, томирлари кенгаяди ва атрофга ортиқча иссиқлик ажратади. Демак, ёрғоқ уруғдон ҳужайраларининг меъёрида ишлашини таъминловчи мустаҳкам қўрғон. Электротехника воситаларидан келаётган нурланиш мана шу ўта нозик жараёнга салбий таъсир кўрсатади. Уни издан чиқаради.

– Урологик касалликларни даволашда шифокор деонтология қоидаларига амал қилган ҳолда бемор шахсини ҳурмат қилиб муомала қилиши зарур. Бу борада бўлажак шифокорларга тавсия­ларингиз…

– Ҳар бир инсон урологик касалликларга ўзи истаб дучор бўлмайди, хоҳламайди ҳам. Болалар туғма касалликлари тўғрисида ота-оналар билан суҳбатлашаётганда муомала маданиятига алоҳида эътибор бермоқ шарт. Чунки, норасолик қандай бўлмасин, унинг вужудга келишида ота ёки она ўзини ёҳуд бир-бирини айбдор санаши мумкин. Қайнота ёки қайнона келинни ёки куёвни айбдор дея киноя гапларни айт­иши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Агар сиз ўзи юраги безиллаб, ачишиб турган инсоннинг ҳамиятига ўйламай айтилган сўзлар билан туз сепиб юборсангиз, оиланинг мустаҳкам пойдеворига дарз кетишига сабабчи бўлишингиз турган гап.

Орттирилган урологик касалликларга чалинган беморнинг қалби яраланган, бир неча ўн марта пушаймон бўлиб, ўз айбига иқрор бўлади. Айни шу пайтда унга қўпол муомала қилсангиз “ўлганнинг устига тепган”дай бўласиз. Ва унинг шу касалдан тузалишига бўлган ишончини барбод қиласиз. Балки эр-хотин ўртасида кескин совуқлик пайдо бўлишига замин яратасиз. Агар юқоридаги ҳодисалар сиз туфайли рўй берган бўлса, бу тиббий интизомсизликнинг натижаси. Шунинг учун беморнинг ёшидан ва ким бўлишидан қатъий назар унинг келажагини ўйлаб, тўлақонли ижтимоий вакил бўлмоғини кўзлаб, муомила маданиятининг энг нозик усулларининг ҳам мувофиғини қўллаш мақсадга тўғри келади.

– Сийдик-таносил аъзолари хасталикларини халқ табобати усулида ҳам даволаса бўладими?

– Аслида, ҳозирги замон тиббиёти халқ табобати пойдевори устига қурилган уст­қурма. Халқ табобатида қўлланиладиган муолажа усуллари бир неча юз, балки минг йиллар мобайнида минг чиғириқли синовдан ўтган, амалиётда исботини топган. Масалан, буйракдаги тошни эритиш учун ёввойи сабзи уруғи, турп уруғи, бўймадорон, рўян, қуш тили, қуштарон, ловия пўстлоғи дамламалари кенг қўлланилган ва бу гиёҳлар таъсири жиҳатдан замонавий тиббиётда қўлланилаётган дорилардан ҳеч бири қолишмайди. Урологик яллиғланиш касалликларида қирқбўғим илдизи, гулхайри илдизи, мойчечак, далачой дамламалари ўз таъсирига кўра таҳсинга сазовор. Насл бези аденомасида ошқовоқ уруғи мағзи жуда яхши ёрдам беради. Фақат бунинг учун аниқ ташхис асосида шунга айнан мувофиқ келадиган малҳам ва шифобахш гиёҳларни тўғри танлай билмоқ лозим, холос.

– Ўзбекистонда урологик нуқсонлар билан туғилган болаларда қандай жарроҳлик амалиётлари қўлланмоқда?

– Ҳозирги пайтда урологик нуқсонлар билан туғилган болалар касалликларини бартараф қилиш борасида болалар жарроҳлари томонидан фаннинг энг сўнги ютуқларига таянилган ҳолда хирургия амалиётлари қўлланилмоқда. Масалан, уруғ тизимчаси томирлари кенгайиши, уруғдоннинг ўз жойига тушмаслиги, қизларда шокила ва тухумдон найчаси, тухумдон кисталари, буйрак кисталари каби касалликлар операция йўли билан эмас, балки 3.0-5.0 мм. ли тешик очиш (эндоскопик йўл) билан бартараф этилмоқда. Гипоспадия ва эписпадия норасоликлари аввалгидек 3 марта эмас, балки 1 марта операция қилинмоқда. Буйрак-жом косача тизими кенгайиб кетишига сабаб бўладиган пиелоуретерал сегмент хасталиклари (гидронефроз) деяр­ли асоратсиз воронкасимон усул билан бажарилмоқда. Бу соҳада мақтанса арзигулик муваффақиятларимиз бор. Уретра клапанлари, қовуқдаги тошни олиш усулларига Россия, Германия, Америка олимлари ҳам тан беришди. Ютуқларимиз анчагина. Бироқ, тинмай илмий изланишда бўлмоғимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Гулчеҳра ШИРИНОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: