Соғлиқ учун зарарли маҳсулотлар

Сўнгги йилларда фойдали маҳсулотлардан кўра зарарли озиқ-овқат маҳсулотларининг сони ошиб бормоқда, десак муболаға бўлмайди. Чунки, айрим одамлар соғлиқ учун фойдали турли кўкатлар, ёғсиз гўшт, табиий парҳез маҳсулотлар, ёғи олинган сут ва қатиқ маҳсулотлари, сархил, шунингдек, қуритилган мева-сабзавотлардан кўра дудланган, тузланган, консерваланган, ёғли, ширин, аччиқ ҳамда зарарли трансёғлар мавжуд пишириқ, ширинликларни хуш кўришади. Сабаби улар жуда хуштаъм бўлиб, мазаси оғизда қолади.

Ишлаб чиқарувчилар истеъмолчилар уларнинг маҳсулотларини сотиб олишлари учун жон-жаҳдлари билан ҳаракат қилишади. Бу йўлда тинмай изланишади. Юқорида номлари тилга олиб ўтилган маҳсулотлар нафақат хушхўр, балки соғлиқ учун жуда зарарли ҳамдир. Чунки, уларнинг таркибига қўшимча ва ҳатто, ортиқча миқдорда туз, шакар, сирка, тўйинган сунъий трансёғ (маргарин)лар, биокимёвий қўшимчалар қўшилмоқда. Саноат ривожланиши билан бирга ишлаб чиқарувчилар ҳам озиқ-овқат маҳсулотларига турли бўёқларни қўшишмоқда. Айниқса, турли сунъий бўёқли ичимликлардан кўра газсиз минерал сув ва табиий шарбатлар, сархил ёки қуруқ мевалардан тайёрланган компотларни истеъмол қилган соғлиқ учун фойдалироқ.

Ҳозирда қишлоқ хўжалигида кўпгина мева-сабзавотларни етиштиришда ҳам кимёвий ўғитлардан фойдаланилади. Аммо “ҳамма нарсада меъёр яхши”, дейди донолар. Бироқ, таомномадан барча маҳсулотларни олиб ташлашнинг иложи йўқ. Шундай бўлсада ўзимиз ва оила аъзоларимизнинг соғлиғига бефарқ бўлмайлик. Озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишда диққат билан унинг ёрлиғини ўқиб чиқиш керак.

Сиз танлаган маҳсулот қандай таркибга эга?

Ҳатто, оддий кўринган йогуртга ҳам турли озиқ-овқатларга солинадиган биокимёвий бўёқлар солинган бўлиши мумкин. Йогуртнинг таркиби қанча оддий бўлса, у шунчалик табиий бўлади. Маълумки, 5 ёшгача бўлган болаларга чой, турли газли ва сунъий бўёқли ичимликлар бериш мумкин эмас. Чой таркибидаги танин темир моддасининг ичакларда сўрилиб, қонга ўтишига тўсқинлик қилади. Сунъий бўёқли газли ва газсиз ичимликлар эса турли аллергик касалликларни келтириб чиқаради ҳамда ёш болаларнинг ичини дам қилиб, ел(газ) тўпланишига сабаб бўлади. Ундан кўра болаларга газсиз илиқ минерал сув, ивитилган туршак суви ҳамда турли қуритилган мева қоқиларидан компот ичириш уларнинг соғлиғи учун фойдали. Йогуртни уй шароитида ўзингиз тайёрласангиз ҳам бўлади.

Барча турдаги тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, қуритилган гўштли ва сабзавотли шўрвалар, угралар, картошкали пюре кимёвий саноат маҳсулотидир. Уларни истеъмол қилиш-қилмаслик ўзингизга ҳавола.

Яна ўқинг:  Яхши янгилик

Айниқса, тўйинган трансёғлар (маргарин ва шу каби сунъий йўл билан олинган ёғлар) жуда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида учрайди. Бу ёғлар юрак-қон томир тизими касалликларининг асосий сабабчисидир. Улар қонда ёмон сифатли холестериннинг ошишига сабаб бўлади ҳамда қон томирларда ёғли тиқилмалар ҳосил қилади. Шунингдек, семизлик, қандли диабет, кўкрак безлари саратони ривожланишига замин яратади. Эркакларда тестостерон гормони камайиб кетишига сабаб бўлади.

Ҳозирда Европа Иттифоқига кирувчи давлатларда озиқ-овқат маҳсулотларида трансёғларни қўлламаслик қонуни мавжуд. Иккинчи ўринда шакар ва унинг ўрнини босувчи маҳсулотлар, мисол учун аспартам зарарли ҳисобланади. Яна шунингдек, ривожланган давлатларда кўпгина шакар ўрнини босувчи маҳсулотларни озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшиш таъқиқланган.

Аспартам – шакар ўрнини босувчи сунъий усулда олинган маҳсулот. Хорижда ўтказилган кўпгина илмий тадқиқотлар натижаларига кўра бу маҳсулот миянинг айрим соҳалари тузилишига наркотик воситадай салбий таъсир этиб, одамнинг руҳий ҳолати бузилишига сабаб бўлар экан. Ўз навбатида инсоннинг интеллект (ақлий салоҳияти) сусайиб кетади. Хотира бузилади. Ахборот қабул қилиш жараёни ёмон томонга ўзгаради. Худди шундай емирувчи жараён жигарда ҳам кузатилади.

Барча турдаги “фастфуд”лар гени ўзгартирилган маҳсулотлар композициясидан иборат. ГЎМ – гени ўзгартирилган маҳсулотлар эса техника тараққиёти натижаларидир. Шу сабабли дунё бўйича 12 ёшгача бўлган болаларга ҳамда ҳомиладор аёллар ва организмида гормонал ўзгаришлар кузатилаётган инсонлар учун ГЎМларни истеъмол қилиш таъқиқланади. Шундай қилиб диетолог (парҳезшунос)лар фикрига кўра, қуйида соғлиқ учун энг зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг қисқача рўйхатини баён этамиз.

Чипс ва картошкали фри

Бу маҳсулот углевод ва ёғ аралашмаси ҳамда бўёқлар, таъм берувчи биоқўшимчалардан иборат. Ишлаб чиқарувчилар кўпинча ноорганик картошка (тез етилиши учун ушбу полиз маҳсулотларига кўп кимёвий ишлов берилади. Айниқса, пестицидлар кўпроқ қўлланилади.)дан фойдаланишади.

Қайта ишланган гўшт маҳсулотлари

Қайта ишланган гўшт маҳсулотларига кирувчи дудланган колбасалар ва гўшт, сосиска, пиширилган колбаса таркиби гормон, нитратлар ҳамда турли кимёвий қўшимчалардан иборат. Яна бу маҳсулотларга товуқ ёки курка териси (европа услубида тайёрланса чўчқа териси ва ёғи) ҳам қўшилади.

Тоғай ҳамда чиқит гўштлар, шунингдек, 25-30 фоиз гени ўзгартирилган соя уни, турли озиқ-овқат бўёқлари хушбўй ҳид ва таъм берувчи биокимёвий қўшимчалар аралаштирилади. Парҳезшунослар фикрига кўра табиий сўйилган гўшт маҳсулотларини уй шароитида ўзингиз тайёрлаб истеъмол қилсангиз маъқул.

Яна ўқинг:  ТАНГА ДАРМОН ДАРМОНДОРИЛАР

Газли ва сунъий бўёқли ичимликлар

Бу ичимлик таркибида фақатгина сув табиий. Қолганлари эса сунъий бўёқлар ва биокимёвий қўшимчалардан иборат. Уларга асосан аспартам солинади. У эса ўз навбатида формальдегидга парчаланади. Бу модда А синфига кирувчи канцероген (саратон ҳужайраларини ривожлантирувчи) восита ҳисобланади. Шунингдек, формальдегид метанол ва фенилаланинга парчаланади. Бу моддалар бошқа оқсиллар билан биргаликда заҳарлидир. Ширин газли ичимликлар моддалар алмашинувини бузади. Бўёқлар эса аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Ундаги газ эса меъда шираси нордонлигини ошириб гастрит (меъда яллиғланиши)га сабаб бўлади.

“Фастфуд”ни мунтазам истеъмол қилувчиларнинг асаб тизимида турли салбий ўзгаришлар кузатилади, дея таъкидлашмоқда АҚШнинг Нью-Йорк психиатрия институти тадқиқотчилари. Чунки, ундаги турли биокимёвий қўшимчалар мия ҳужайралари тузилишига ёмон таъсир этади. Асаб тўқимасини парчалаб, унда яллиғланиш жараёнини келтириб чиқаради. Бундан ташқари тез тайёрланувчи овқатлар катталар ва болаларда гиёҳванд моддадай қарамликни келтириб чиқармоқда. Бунга сабаб эса унинг таркибидаги турли биокимёвий қўшимчалардир.

Шунингдек, майонез, кетчуп, турли соуслар, турфа хил таъмни яхшиловчи сунъий қўшимчали озиқ-овқат маҳсулотлари, шоколадли батончиклар, сақичга ўхшаш ва сўрилувчи конфетлар, “чупа-чупс”ларнинг барча-барчасига сунъий бўёқлар қўшилган. Яна попкорн (ёғ, шакар ва таъм берувчи бўёқ қўшилган ширин ёки шўр жўхори), спиртли ичимликлар, рафинадли ёғлар ҳам зарарли. Ушбу ёғлар таркибида омега – 6 ва омега – 3 ёғ кислоталари 15: 1 нисбатда учрайди. Ҳолбуки, ушбу меъёр 1: 1ни ташкил этади.

Маргарин организмда яллиғланиш жараёнларига сабаб бўлади. Унинг таркибида транскислоталар мавжуд. Улар эса қон томирларни зарарлайди ва юрак қон томирлари касалликларига сабабчи бўлади ҳамда онкологик касалликларни келтириб чиқаради. Яна маргарин ортиқча вазнга сабаб бўлади. Тайёр концентрантлар ва шўрва учун кубиклар таркибида 50-60 фоиз туз бўлади ва яна глютамат натрий (таъмни яхшиловчи япон тузи) 3/1 қисмни ташкил этади. Меъда ости бези яллиғланган беморлар ҳамда буйрак ва жигар хасталигига чалинганлар учун бу маҳсулот ўта хавфли. Шунингдек, туз ва глютамат кучли канцероген моддалар ҳисобланади.

Туз ва шакарни диетологлар беҳудага “оқ ажал” дейишмайди. Шўр маҳсулотлар кўз, буйрак ва жигарга зарар. Шунингдек, танада заҳарли моддалар йиғилишига сабаб бўлади. Агар одам бир кунда 50 грамм(10 чой қошиқ) шакар истеъмол қилса “бемалол” қандли диабет, онкологик хасталиклар, остеопороз (суяклар мўртлиги), семизлик, кариес, аллергик хасталикларга катта йўл очиб беради.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-32)

Барча турдаги рафинадланган маҳсулотлар, оқ нон, ёғ, қанд унчалик фойдали эмас. Аксинча кепакли қора нонда фойдали витаминлар ва микро ҳамда макроэлементлар мавжуд. Шунингдек, қора нон қабзиятнинг олдини олади ва камқонликда шифобахш таъсир этади.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: