Шифобахш таомнома аллергик хасталиклардан асрайди

Ҳозирги кунда экологиянинг ёмонлашиши, кимёвий моддаларнинг кўп ишлатилиши, турли дори-дармонлар, таркибида сунъий қўшимчалари бор озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида аллергия билан касалланган болалар сони ортиб бормоқда.

Шунингдек, тез-тез грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекциялар) билан оғриш ҳам ушбу хасталикнинг кенг тарқалишига замин яратади.

Овқат аллергияси гўдакнинг бир ёшидаёқ пайдо бўлиб, 90 фоиз ҳолларда аллергияни сигир сути, тухум, балиқ, денгиз маҳсулотлари ва ёнғоқлар келтириб чиқаради. Шунингдек, ҳайвон ва ўсимлик аллергенлари ҳам мавжуд.

Аэроаллергенлар организмга ҳаво орқали тушади. Улар уй канаси, суварак қолдиқлари ва унинг ахлати, ҳайвонлар эпителийси (мушук, ит, от, қуён, эчки жуни) товуқ ва қуш патлари, ўсимликлар чангида бўлади. Касалликни чақирувчи бу омиллар ҳаво таркибида йил давомида учиб юради. Баҳорда эса апрель ва май ойларида дарахтлар гуллаши натижасида юзага келади.

Дорилар қўзғайдиган аллергияни антибиотиклар – пенициллин, сульфаниламид ва поливитаминлар чақиради. Ҳашаротларнинг заҳари ва хитин пўстлоғи, аквариумдаги балиқларга бериладиган озуқа, кимёвий моддалар ва косметик воситалар ҳам уни чақиради. Бунинг натижасида эса аллергик хасталиклар юзага келади.

Кўп тарқалган аллергик касалликларга диатез (чилла яра), атопик дерматит, аллергик дерматит, Квинке шиши, аллергик ринит, аллергик конюктивит ва бронхиал астма (зиққинафас) киради. Айниқса, бу хасталиклар ичида атопик дерматит (овқат билан боғлиқ бўлган) болаларда кўп учрайди. Ушбу касаллик натижасида бемор болалар юзи, танаси, оёқлари қичишади ва тошмалар тошади. Бола инжиқ бўлиб қолади, танаси эса қурийди. Ичаклардаги дисбактериоз ва бактериялар аллергияни кучайтиради.

Болаларда энг кўп учрайдиган яна бир аллергик касалликларидан бири эшакеми хасталиги бўлиб, бу бутун тана бўйича қичишиш, тошма тошиши билан намоён бўлади. Беморда шишиш ҳолати кузатилади ва бу ҳолат тез йўқолади. Овқатланиш ва дорилардан бўладиган аллергия эшакеми билан характерланади. Хасталик эшакеми ва Квинке шиши билан бирга кечади. Бу пайтда беморнинг лаби, юзлари, қулоқлари шишиб кетади.

Хасталикнинг давоси аллергенни бартараф этиш билан бошланади. Бунинг учун гипоаллерген муҳит яратиш (чанг, уй ҳайвонлари, қушлар патларини йўқотиш), парҳезга риоя қилиш тавсия этилади. Шунингдек, уни қўзғайдиган дори-дармонларни ишлатмаслик керак. Шу билан бирга дорилар билан даволаш шифокор маслаҳати билан амалга оширилади. Айтмоқчимизки, аллергия билан бирга кечадиган касалликлар, яъни меъда-ичак, қулоқ, бурун касалликлари, инфекциялар, паразитларни ҳам даволаш лозим.

Яна ўқинг:  Болада иммунитет пасайса...

 

Болаларда аллергиянинг белгилари қандай намоён бўлади?

Давомли тумов, аксириш, бурундан сув оқиши, кўздан ёш оқиши ва унинг қизариши, терида тошма тошиши ва қичишиш, нафас олишнинг қийинлашиши ва томоқда шишнинг пайдо бўлиши ва ҳоказо. Баъзи болаларда аллергик касаллик уларга хос бўлмаган тарзда ўтиши мумкин. Хусусан, болада иситма чиқиши, баъзида эса аллергия грипп ва ЎРВИ хасталиги белгилари билан бирга кечиши мумкин.

 

Хасталикнинг олдини олиш учун нима қилиш зарур?

Энг аввало, ҳомиладорлик пайтида аёллар турли дорилар, айниқса, антибиотиклардан имкони борича фойдаланмасликлари зарур. Болани эмизиш пайтида парҳезга амал қилиш керак. Шунингдек, ушбу омилни қўзғовчи маҳсулотларни эҳтиётлик билан истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Яъни, шоколад, балиқ, ёнғоқ, цитрус меваларни эмизикли аёллар емаганлари маъқул.

Агар ота-оналарнинг бирида аллергик касаллик бўлса, 1 ёшгача бўлган болани овқатлантиришга кечроқ ва эҳтиётлик билан ўтказиш лозим.

 

Керакли тавсиялар

Биринчи навбатда шифокор бемор билан истеъмол қилиш мумкин ва мумкин бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини тузиб чиқиши лозим. Барча овқатларни уй шароитида тайёрлаш мақсадга мувофиқ. Ярим тайёр, консерва маҳсулотлари, майонез, соусларни тановул қилиш эса зарарлидир. Шу билан бирга, шифокор онага фарзандининг ҳам қайси егуликларни ейиши мумкин ва мумкин эмаслигини тушунтириши лозим. Мактаб ўқувчисига тушликни уйда тайёрлаб бериш керак.

Айниқса, касалликнинг ўткир (хуруж) даврида парҳезга қатъиян амал қилиш зарур. Аччиқ, тузли қовурилган овқатлар, дудланган, зиравор, колбаса маҳсулотлари, жигар, балиқ, икра, денгиз маҳсулотлари, тухум, аччиқ ва эритилган пишлоқ, музқаймоқ, майонез, кетчуп, турп, редиска, помидор, булғор қалампири, карам, тузланган бодринг, қўзиқорин, ёнғоқ, лимон, мандарин, ўрмон мевалари, ўрик, шафтоли, анор, узум, киви, ананас, қовун, тарвуз, эритилган ёғлар, маргарин, газли ва мевали ичимликлар, квас, кофе, какао, шоколад, асал, зефир, торт, сақич, кексларни истеъмол қилиш беморлар учун таъқиқланади.

Унутманг, фарзандингизни соғлом бўлишида парҳезга амал қилиш алоҳида ўрин тутади.

 

Гули ШАЙХОВА,

ТТА “Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси” кафедраси профессори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: