Реклама

Қовун пашшасидан эҳтиёт бўлинг

Кейинги пайтларда миришкорларимиз қовун етиштиришда муаммоларга дуч келишаётганлиги бот-бот таъкидланмоқда. Чунки полизларга ин қуриб олаётган турли зараркунанда ҳашаротлар, касалликлар тилими тилни ёрадиган қовунларимизга жиддий зарар етказмоқда.

Айниқса, “бўрикалла”, “қора бўрикалла”, “шакарпалак”, “дониёри”, “қариқиз” каби қовун навлари бугун полизларимизда, бозорларимизда деярли йўқолиб бораётир. Зараркунандалар орасида қовун пашшаси айниқса, кенг тарқалган.

Илмий номи “myiopardalis pardalina” бўлган бу ҳашарот юртимизга Кавказ ва Кавказолди ҳудудларидан кириб келган. Хоразм Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институтининг маълумотларига қараганда, қовун пашшаси бизнинг шароитда мавсум давомида уч ва ундан кўп миқдорда авлод беради. Ҳашарот қиш мавсумида 5-15 сантиметр тупроқ остида сохта ғумбак ҳолида яшайди. Май ойи охири ва июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, яъни қовун палакларининг гуллаши ва мева тугиши даврида учиб чиқади. Ҳар бир етилган наслдан кейин зараркунандаларда яна 23-30 кундан сўнг яна насл пайдо бўлади. Битта пашша қовун пўсти остига 100-150 тагача уруғ қўяди. Оқибатда, қовунлар пишмасдан далада чириб, айниб кетади. Бундай қовунларни ҳатто, чорва моллари ҳам емайди. Лекин пашша пўсти қотган қовунларга уруғ қўя олмайди.

Зараркунанда ҳашаротга қарши курашда гектарига 2 литр 36 фоизли “дель-тафос”, 25 фоизли “циракс”, 50 фоизли 1 литр “карбафос” 600 литр сувда аралаштирилиб, ёз ойида ишлов берилади. Кўрсатилган кимёвий препаратлар билан вақтида сифатли ишлов берилса, кутилган натижага эришиш мумкин. Бу тадбирлар пайкалларимизда мазали қовунлар етиштириш имкониятини яратади.

 

Жасур МУРОДОВ,

Тошкент юк саройи карантин инспектори

Яна ўқинг:  Тут шодасидаги шифобахш инжу
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: