Реклама

Қандли диабет: унинг келиб чиқиш сабаблари, касаллик оқибатлари ва профилактикаси хусусида

Қандли диабет (лотинча diabetes mellitus) – эндокрин касалликлар қаторига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилигидан келиб чиқади. Натижада қонда гипергликемия – қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади. Касаллик сурункали давом этиши ва организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши билан тавсифланади.

Бундай патологик ҳолатнинг биринчи таърифлари касалликнинг энг кўзга кўринган клиник белгилари – пешоб орқали кўп суюқлик йўқотиш (полиурия) ва қондириб бўлмайдиган ташналик (полидипсия) билан берилган. Қадимда қандли диабет касаллиги танада суюқлик ушлаб қолиш хусусиятининг йўқолиши билан кечадиган патологик ҳолат сифатида кўрилган.

Қомусий аллома, буюк табиб бобокалонимиз Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида қуйидагиларни баён этади: “ Диабет ёмон касаллик бўлиб, танадан кўп миқдорда суюқликнинг чиқиб кетишига ва ичилган суюқликдан керакли бўлган намликнинг танага сингишига қаршилик кўрсатиб, беморда эса беҳоллик ва аъзои баданиниг қуруқ бўлиб қолиши кузатилади. Бунинг сабаби буйраклар ҳолатига боғлиқ.”

1675 йилда Томас Уиллис полиурияда ажралиб чиқаётган пешоб “ширин” ёки “бемаза” бўлиши мумкин эканлигини аниқлади. Шу сабабли биринчи ҳолатда диабет сўзига “ mellitus” ( лотинча “асал каби ширин”), иккинчи ҳолатда “ insipidus” – “мазасиз” сўзини қўшди. “Мазасиз диабет” кейинчалик “қандсиз диабет” деб аталиб буйрак касаллиги (нефроген қандсиз диабет) ёки гипофиз касаллиги (нейрогипофиз) туфайли келиб чиқиб антидиуретик гормонини ҳосил бўлиши ёки биологик таъсирининг ўзгариши билан кечиши аниқланди.

Мэтью Добсон касалларнинг қони ва сийдигидаги ширин маза юқори миқдордаги глюкоза билан боғлиқлигини аниқлади. Қадимги ҳинд табиблари диабет касаллиги билан оғриган беморлар сийдиги чумолиларни жалб этишига аҳамият берганлар ва касалликка “ширин пешоб касаллиги” деб ном беришган.

Техника ривожланиши билан қондаги қанд миқдорини аниқлаш имконияти пайдо бўлди. Қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши пешобда глюкоза пайдо бўлишидан анча олдин бошланар экан. Қондаги глюкоза миқдорининг кейинги кўпайиши буйракларнинг чегара кўрсаткичи ( 10 ммол/л атрофида)дан ошиб кетиб гликозурия – қандни пешобда аниқланиши ҳолатига олиб келади.

Қандли диабетнинг келиб чиқишига инсулин етишмовчилиги сабаб бўлишини кейинчалик бир неча олимлар ўз кашфиётларида очиб беришди. 1889 йили Жозеф фон Меринг ва Оскар Минковски меъда ости бези олиб ташланган итларда қандли диабет касаллиги белгилари пайдо бўлишини аниқладилар. 1910 йилда Эдвард Альберт Шарпей Шефер меъда ости безида жойлашган Лангерганс оролчалари ажратиб чиқарадиган кимёвий модда етишмовчилиги диабетни келтириб чиқаради деган тахминга борди. Бу моддани у инсулин ,лотинча “insula” – орол деб номлади. Меъда ости безининг эндокрин фаолияти ва инсулиннинг диабет ривожланишидаги ролини 1921 йилда Фредерик Бантинг ва Чарльз Герберт исботлади. Улар меъда ости бези олиб ташланиши натижасида диабет хасталиги ривожланган итларга соғлом итлар меъда ости бези – Лангерганс оролчалари экстрактини юбориш орқали касаллик белгиларини йўқотиш мумкинлигини кўрсатдилар. Бантинг ва Бест қорамол меъда ости безидан ажратиб олиб, тозаланган инсулинни биринчи бор 1922 йил беморларда синашди. Бу кашфиётлари учун олимлар 1923 йилда тиббиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Шундан сўнг қандли диабетни инсулин билан даволаш жадал ривожланиб борди.

Яна ўқинг:  Ҳомиладор аёл таомномаси: бунда кўпроқ нималарга эътибор бериш зарур?

Қондаги инсулин миқдорини аниқлаш усуллари ишлаб чиқилгандан сўнг шу нарса маълум бўлдики, қандли диабет билан оғриган бир қатор беморларда қондаги инсулин миқдори камайиши эмас, балки ошиши кузатилган. 1936 йилда жаноб Гарольд Персиваль Химсворт томонидан чоп этилган мақолада биринчи бор 1– ва 2– тур диабет алоҳида касаллик деб эътироф этилди. Бу диабет тўғрисидаги фаразларни яна ўзгартириб, бутунлай инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 1-тур ва нисбатан инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 2-тур диабет касаллиги борлигини кўрсатди. Диабетологиянинг охирги йилларида сезиларли ривожланишига қарамасдан ҳозирги кунда ҳам касалликка ташхис қўйишда углеводлар алмашинуви кўрсаткичларини текширилади.

2006 йилдан бошлаб 14 ноябрь БМТ томонидан “Халқаро диабетга қарши кураш куни” сифатида нишонланмоқда. Фредерик Грант Бантинг ушбу санада туғилган. Инсон пайдо бўлибдики касалланган, даво излаган ва даволанган.Тиббиёт тарихи илдизлари қадимги тамаддунларга бориб тақалади. Қандли диабет касаллиги тарихини ўрганишни қадимги Миср давридан бошлаш керак бўлади. Сабаби Мисрда яратилган эрамиздан аввалги 1500 йилда ёзилган тиббий – “Эберс папируси” да биринчи бор диабет тилга олинади. У XIX асрда Фиван қабристонлари (ўликлар шаҳри)да топилган бўлиб, анъанага биноан таржима қилиб, таърифлаб берган олим номига аталган. Демак, мисрлик табиблар уч ярим минг йил аввал диабет белгиларини бошқа касалликлардан ажрата олишган. Ўтмишдаги Мисрда ўликларга сиғиниш учун мурдаларни чиримайдиган қилиб мўмиёлаш талаб қилинган, бу эса олимларга одамларнинг ички аъзоларини ўрганиш ва тушуниш учун яхши ёрдам берган.

Эрамизнинг 30-йилларида император Тиберия даврида яшаб ижод қилган Авел Корнелий Цельс ёзиб кетган тиббий рисолада пешобнинг кўп ишлаб чиқарилиши билан кечадиган касаллик ҳақида ёзилган. Бунинг сабабини у меъда-ичак тизимида овқатнинг нотўғри ҳазм бўлишида деб билади. Тан олиш керак, бу хақиқатга яқин.

Диабетнинг биринчи клиник тавсифини Рим олими Аретеус бериб, у биринчи бор тиббиётга “диабет” терминини олиб кирди. Биринчи тур қандли диабет билан оғирган беморлар тезда озиб, кўп суюқлик ичиб, кетма-кет пешоб ажратадилар. Бу худди суюқлик тана орқали шиддатли оқим бўлиб ўтиб кетаётгандек бўлади. Шу сабабли Аретеус касалликка “diabaino”– грекчадан “ичидан ўтаман” деб ном берди.

Яна ўқинг:  ГЎДАКНИНГ териси “сўзлаганда”

Кўриб турганимиздек диабет жуда қадимги касаллик. У билан беморлар антик даврда ҳам ўрта асрда ҳам касалланишган. Лекин энг аҳамиятлиси ўша давр табиблари касаллик ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганлар. Минг йилликлар давомида шифокорлар ушбу касаллик белгиларини билишган ва бемор ҳаётини узайтира олишган. Аретеус даврида ҳам табиблар диабетни мадорнинг қуриши ва иштаҳанинг пасайиб кетиши, оғиз қуриб, қондириб бўлмас чанқоқлик, тез ва кўп миқдорда пешоб ажралиши, унинг ширинроқ таъмга эга бўлиши ва беморнинг кучли озиб кетиши каби белгилардан ажратиб олишган. Баъзи одамларда – асосан ёшларда, бу белгилар тез, ҳатто бехосдан пайдо бўлиб, касаллик кучли намоён бўлган. Улар гўёки бу тузалмас дардга маҳкум этилган бўлган. Ҳозирги замон тушунчаларига кўра бу беморлар биринчи тур қандли диабет билан оғриган бўлиб, улар сурункали ҳолатнинг оғирлашишидан эмас, балки диабетик комага тушиб, кетоацидоздан нобуд бўлганлар. Бошқа турдаги (2-тур) беморлар балоғат ёши, ҳатто, кексайган даврига яқин оғриганлар. Ўтмишдаги табиблар уларни оч қолдириш, жисмоний тарбия ва шифобахш ўсимликлардан тайёрланган доривор воситалар билан даволаганлар.

Замонавий тиббиётда даво воситаларини танлашда касалликнинг оғир-енгил кечиши, асоратлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади. Чунончи, беморда ирсият сабабли ёшлик пайтида инсулин етишмаганида унинг ўрнини босиш мақсадида инсулин юборилади. Кексаларда ва кўпроқ тўла кишиларда инсулин нисбатан етишмаганда шифокор тавсиясига кўра парҳезга амал қилиш зарур. Қондаги қанд миқдорини камайтирувчи воситалардан фойдаланилади. Касаллик енгил кечганда кўпинча парҳез буюрилади. Углеводлар кам истеъмол қилинади, улар ўрнига гўшт, картошка, қора нон ва бошқа маҳсулотларни истеъмол қилса бўлади. Ёғли овқатлар миқдори камайтирилади. Касаллик зўрайиб кетганда беморга сариёғ ва бошқа ёғ маҳсулотлари берилмайди. Овқат калориясининг деярли 20 фоизи оқсиллардан иборат бўлиши керак. Хаста киши истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари витаминлар, айниқса, С ва В гуруҳ витаминларига бой бўлиши лозим. Бемор овқатни бўлиб-бўлиб ейиши керак. Инсулин билан даволанишга ўтган беморлар учун таъсири 6-8 соатдан 30-36 соатгача узайтирилган инсулинлар ишлаб чиқарилади. Шифокорнинг қаътий назоратига амал қилган беморлар кун тартиби ва парҳезга доир тавсияларга аниқ риоя қилиши, лаборатория текширувига ўз вақтида келиб туришлари зарур.

Яна ўқинг:  Простатит: муаммо, ташхис ва муолажа

Шундай қилиб, XX асрга келиб диабетниннг олдини олиш ва уни даволашга доир кўпгина муаммолар ҳали тўлиқ ўз ечимини топмаган бўлсада касалликни ўз вақтида аниқлаш ва ташхис қўйишда бутунлай янги ва юқори кўрсаткичларга эришилмоқда. Қандли диабет билан оғриган беморларни умрини узайтириш ва касалликни енгиллаштириш масалаларида тиббиёт фани анча олға силжиб бормоқда.

Шунингдек, аҳолининг тиббий саводхонлигини ошишида шифокорлар томонидан турли касалликларнинг олдини олишга доир олиб борилаётган кенг тарғибот ва ташвиқот ишлари ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ҳилола ПРИмуҲамедова,

Тошкент фармацевтика институти ассистенти

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: