ПРОФИЛАКТИК КЎРИК – меъда саратонининг олдини олишда муҳим омил

Меъда саратони хасталигига эрта ташхис қўйиш ва уни тўғри даволаш муаммоси нафақат бизнинг юртимизда, балки бутун жаҳон онколог олимларининг диққат-эътиборида турибди. Саратон касаллиги ҳақида гап кетганда инсонлар онгида ваҳима пайдо бўлиб, ҳаттоки, бу ташхис ўлимга ҳукм деб тушунилади. Одатда онкологик касаллик билан оғриган беморлар даставвал онкологга эмас, балки бошқа соҳа шифокорларига мурожаат этадилар.

Хавфли ўсмаларнинг илк белгиларини билиш, уларни эрта босқичларида аниқлаш ва албатта беморларни тезда ихтисослашган онкологик муассасалардаги малакали онколог шифокорларга юборилиши касалликнинг самарали даволашнинг асосий мезони бўлиб хизмат қилади. Чунки, хасталик илк босқичларида онколог мутахассис томонидан малакали даволанса, албатта, бемор ушбу касалликдан тўла фориғ бўлиши мумкин. Афсуски, баъзи беморларга меъда саратони ташхиси қўйилганда онкологик муассасаларда даволанмасдан айрим сохта табибларда нотўғри даволанишади. Бемор уларнинг “касалингизни даволайман” деган сохта сўзларига ишониб ўз ҳаётини ҳалокат ёқасига олиб бориб қўяди. Бундай сўзларга ишониш эса албатта, ҳар бир инсоннинг тиббий маъданиятининг қай даражада шаклланганлигига боғлиқ.

Юртимизда онкологик хасталиклар билан оғриган беморлар учун хориждан келтирилган асбоб-ускуналар ва малакали шифокорларга эга бўлган барча даво муолажаларини муфаққиятли амалга оширадиган онкологик муассасалар фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Аммо, хасталикнинг биринчи ва иккинчи босқичларида беморлар даволанишга жуда кам мурожаат этишади. Касалликнинг кеч босқичларида эса мақсадга йўналтирилган ва самарали даволаш имконияти кескин чегараланиб қолади.

Хасталикни келтириб чиқарувчи омиллар

Республика Онкология илмий марказининг маълумотларига кўра мамлакатимизда меъда саратони билан касалланиш даражаси ҳар 100 минг нафар фуқародан 6 кишига тўғри келади. Меъда саратони барча онкологик касалликлар ичида иккинчи ўринни эгаллаб, беморларнинг 60, 5 фоизи III босқичда ва 29, 6 фоизи IV босқичда даволанишга мурожаат этишган. Фақат 10 фоизга яқин беморларда касаллик I ва II босқичда аниқланган. Сўнгги вақтда меъда саратони касаллигига инсон организмига кўп омилли ва узоқ давом этган сурункали жараённинг таъсири натижаси сифатида қаралмоқда.

Бизга маълумки, саратон ҳужайраси организмга ташқаридан тушмайди. Балки канцероген (саратон чақирувчи) омиллар таъсирида нормал ҳужайралардан пайдо бўлиши аниқланган. Бу омилларнинг 80-85 фоизи атроф-муҳитнинг инсон организмига таъсири натижасида (экзоген таъсирот) ва фақат 15-20 фоизи одамнинг ички омилларидан келиб чиқади (эндоген таъсирот). Саратон касаллиги муаммосининг мураккаблиги уни келтириб чиқарувчи сабабларнинг кўплиги (полиэтиологиклиги)дадир. Қуйидаги омиллар меъда саратонини келтириб чиқарувчи асосий сабаблар ҳисобланади. Яъни, ирсий омил (наслий мойиллик), дудланган, тузланган, ўта қовурилган, куйган нон ва тагига олган эски овқат, туриб қолган озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда кўп истеъмол қилиш, нотўғри овқатланиш, чекиш, спиртли ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш, саратон олди касалликлари билан сурункали тарзда оғриб юриш ва шу каби ҳолатлар.

Яна ўқинг:  Болангиз нега инжиқ?

Касаллик белгилари

Сурункали гастрит, меъда яраси касаллиги, меъда полиплари, пернициоз анемия (камқонлик)ни ўз вақтида даволатмаслик меъда саратонига сабаб бўлади. Унинг эрта босқичларида алоҳида клиник белгилар кузатилмайди. Балки, узоқ вақт мобайнида кечаётган сурункали касалликларнинг яширин фонида бу дард ривожланиб боради. Дарднинг бошланғич даврида беморлар эътиборини яққол жалб этмайдиган белгиларни учратиш мумкин. Унга қуйидагилар киради:

– Беморнинг охирги вақтларда ўзини ёмон сезиши, тез чарчаб қолиши, меҳнатга лаёқатининг пасайиши, кайфиятсиз юриши, унинг ҳаётга, ишга қизиқишининг йўқлиги, ётсираши, сабабсиз иштаҳанинг пасайиши, баъзида эса бир хил овқатларни (масалан, гўшт, балиқ) кўнгли тортмаслиги, меъдада ноқулайлик сезиш ҳолати – овқатланишдан қониқмаслик, қориннинг тўлиб кетиш ҳисси, эпигастрал (меъда) соҳасида оғирлик ёки оғриқ пайдо бўлиши, баъзан кўнгил айниши, беморнинг тез орада сабабсиз озиб кетиши, камқонлик (анемия) пайдо бўлиши.

Меъда саратонининг ривожланган клиник манзараси кейинчалик ўсманинг жойлашган ўрни ва тарқалиш даражасига нисбатан намоён бўлади. Бу хасталик шу жиҳатлари билан хавфлики, хавфли ўсма ривожланиши натижасида овқат ҳазм бўлишининг бузилиши, овқатнинг ичакларга ўтишига тўсқинлик қилиши, унинг меъда деворидан ўсиб ўтиб, қўшни аъзоларга – меъда ости бези, йўғон ичакка тарқалиши, агар ўсма қизилўнгачга тарқалса, овқат ўтишининг бузилиши, натижада беморнинг кескин озиб кетишига сабабчи бўлади. Ўсма уларда қон ва лимфа томирлари орқали бошқа аъзоларга (жигар, ўпка, бош мия, тухумдонлар ва ҳакозоларга) метастазлар бериши мумкин.

Тиббий текширув усуллари

Меъда эндоскопик тиббий ускунаси орқали текширилганда қизилўнгач, меъда, 12 бармоқли ичак ҳолати кўрилади. Агар ўзгариш аниқланса, шубҳали қисмлардан морфологик текшириш учун биопсия олинади. Меъдани контрастли рентген орқали текшириш ундаги ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. Қорин бўшлиғи аъзоларини ҳолатини аниқлаш мақсадида ультратовуш текшируви ўтказилади. Компьютер томографияси текшируви, лапароскопия жараённинг қанчалик тарқалганлик даражасини, қўшни аъзоларга ва йирик қон томирларга алоқадорлигини, узоқдаги аъзоларга метастаз берганми ёки йўқлигини аниқлаш учун ёрдамчи усул ҳисобланади.

Меъда саратонини даволашда жарроҳлик, кимёвий ва нур билан даволаш усуллари қўлланилади. Жарроҳлик йўли билан даволашнинг асосий мақсади аъзонинг зарарланган қисмини кўринарли соғлом тўқима чегарасида катта ва кичик чарви ва зарарланиш эҳтимоли бўлган лимфа тугунлари билан биргаликда олиб ташлашдан иборатдир.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-34)

Ингичка ичакдан ҳосил қилинган резурвуар олиб ташланган меъда ўрнини босади. Овқат егандан кейин беморда нохушлик сезгилари йўқолади. Унда тўйиш ва қониқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу операциянинг яна бир афзаллик томони шундаки, бундай ҳолатда беморларга кескин таъқиқланувчи алоҳида парҳезлар тавсия қилинмайди. Яна эътиборли томони шуки, резервуар ясаш амалиёти бажарилган беморларнинг қисқа вақт ичида тана вазнининг ошиши, гастроэктомиядан кейинги пайдо бўладиган асоратлар сонини камайиши кузатилади. Натижада беморларнинг умумий ҳолати яхшиланади ва кўпчилик беморлар яна ўз меҳнат фаолиятига қайтишади.

Машҳура ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Республика Онкология илмий маркази абдоминал жарроҳлик бўлими шифокори

SHU O‘RINDA

Меъда саратони ўсма касалликлари ичида энг кўп учровчи хасталиклардан бири ҳисобланади. Дунё миқёсида йилига 1 миллионга яқин кишида меъда саратони касаллиги аниқланади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: