Реклама

Парҳез таомлар дастурхони

Беморларнинг овқатланиши фақат улар организмини озуқавий моддалар ва зарурий энергия билан таъминлаш бўлибгина қолмай, балки муҳим даволовчи тадбир сифатида қаралиши керак.

Парҳез – бемор организмида бўлаётган ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда мутаносиб овқатланишдир. Организмда тез ҳазм бўлувчи, меъда-ичак тизимида беморни даволашга қаратилган чора-тадбирларнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Беморларнинг парҳез тутиш­ларида муҳим ўринни фақатгина овқат таркиби эмас, балки унинг қабул қилиш тартиби ва қабул қилиш давомийлиги, овқат ҳарорати ва хоказолар эгаллайди. Кўпгина касалликларни оғир ёки сурункали турга ўтиши беморнинг парҳезни бузиши билан боғлиқ. Масалан, диабет касаллигида пархезга риоя қилмаслик қонда қанд миқдорининг кескин кўтарилишига олиб келади.

Парҳезли овқатланиш жароҳатланган аъзолар ва тизимларга таъсир этиб уларнинг фаолияти ва тузилишининг тикланишига ёрдам бериш учун йўналтирилган бўлиши зарур. Шунинг учун шифобахш парҳезнинг асосий тамойили қуйидагилардан иборат:

Яъни, овқат физиологик жиҳатдан тўла қийматли бўлиши шарт. Таом ўзига хос терапевтик хусусиятга эга бўлиши керак. Даволовчи овқатланиш, беморларнинг овқатланиши ҳақидаги фан диетология дейилади.

Баъзи ҳолларда диетология асосий даволовчи усул сифатида қўлланиши мумкин. Масалан: ортиқча вазнда, меъда-ичак тизими касаллик­ларида.

Парҳез айнан касалликнинг турига боғлиқ бўлади. Гипертония(хафақон) касаллиги билан хасталанган бемор парҳези қандли диабет ёки гепатит(сариқ касаллиги) билан хасталанган беморникидан тубдан фарқ қилади.

Парҳез маълум столларга бўлинади. Ҳар бир стол ўзига хос касаллик билан оғриган беморлар учун мўлжалланган. Ҳар бир стол маълум йўналишда бўлади. Жигар ва меъдани зўриқтирмаслик, рациондаги шакар миқдорини камайтириш, ичак­лар фаолиятини рағбатлантириш, шулар жумласидандир.

Энди барча парҳез столлари билан яқиндан танишиб чиқамиз.

1-сонли парҳез столи меъда ва ўн икки бармоқли ичак касалликларида белгиланади. Қайнатилган маҳсулотлар кичик ҳажмларда кунига 5-6 маҳал хаста кишига берилади. Беморга тавсия этиладиган маҳсулотлар: кечаги қора ва оқ (бир кунлик) нон, карамдан ташқари барча сабзавотлар (артилган, қайнатилган ҳолатда), сутли бўтқалар, буғда пиширилган котлетлар, сметана, қайнатилган гўштлар, мевалар.

Хаста одамга тавсия этилмайди: дағал ўсимлик клетчаткаси, мавжуд қаттиқ қандолат маҳсулотлари, қовурилган овқатлар. Кун давомида туз 8 граммдан ошмаслиги керак. Жуда иссиқ ёки жуда совуқ, аччиқ, нордон, шўр озиқ-овқат маҳсулотларини бемор ейиши мумкин эмас.

Яна ўқинг:  УЙ ШАРОИТИДА ҚОННИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИШ МУМКИН

2-сонли парҳез столи сурункали гастрит (меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши) ва секретор етишмовчилик ҳолатларида белгиланади. Овқатлар қайнатилган, буғда пиширилган бўлиши керак. С, В1, В2, РР витаминларга бой маҳсулотларни беморга қўшимча сифатида берилади. Бир кеча-кундузда туз миқдори 12-15 граммдан кўп бўлмаслиги лозим. Ёрма ва сабзавотлардан шўрва, ёғсиз гўштлар (қайнатилган ҳолатда), сут, қатиқ, сметана, творог, пишлоқ (қирғичдан чиқарилган ёки эритилган ҳолатда) беморга тавсия этилади. Дуккакли ўсимликлар, қўзиқоринларни истеъмол қилиш мумкин эмас.

3-сонли стол қабзият(ич қотиш)да берилади. Рационга клетчаткага бой, ичак перистальтикаси (ҳаракати)ни оширувчи озуқалар қўшилади. Гўштлар, нон, ёғсиз шўрвалар, қатиқ, творог, асал, мева шарбатлари, гречкали таомлар, кўп суюқлик ичиш зарур. Асосан ўсимлик маҳсулотларига эътибор қаратилади. Аччиқ чой, қўзиқоринлар, какао, кофе, анор каби ични қотирадиган маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

4-сонли парҳез столи диарея (ич кетиш)да кунига 5-6 маҳал берилади. Какао, кофе, қотирилган нонлар, ёғсиз қатиқ, смородина, шўрвалар, қайнатилган гуруч бўтқаларни ейиш, аччиқ чой ичиш мумкин.

Сут, ўсимлик клетчаткаси, тузламалар, йогуртлар, шакар, дуккакли ўсимликлар, дудланган маҳсулотлар тавсия этилмайди.

5-сонли парҳез столи сурункали ва ўткир гепатитларда, холециститларда, циррозларда белгиланади. Бу беморларга қовурилган маҳсулотларни истеъмол қилиш мумкин эмас. Нон, шўрвалар (қайнатма), сабзавотлар, мевалар, сут маҳсулотлари, шакар, асал тавсия этилади. Кунига 200 грамм творог ва битта чала қайнатилган тухум албатта берилади. Шовул, исмалоқ, қўзиқорин, лимон, какао, нордон меваларни ейиш тавсия қилинмайди. Алкоголли ичимликлар, рангли ва газли ичимликлар, ёғли гўштлар, дудланган маҳсулотлар, консерва, музқаймоқлар, какао, шоколад ҳам беморлар учун зарарли.

6-сонли парҳез столи подагра (бўғим оғриқларида), урат тузлари билан боғлиқ касалликларда белгиланади. Сут ва унинг маҳсулотлари, қора ва оқ нон, шакар, асал, шўрвалар, ширин мевалар, мурабболар, шарбатлар, салат барги, бодринг, лимон ёки олма, узум сиркаси қўшилган маҳсулотлар, чала қайнатилган тухум, гўштни ҳафтада 2-3 марта истеъмол қилиш мумкин. Бир кеча-кундузда туз миқдори 6-8 граммгача буюрилади. Кунига 2-3 литргача кўп сув ичиш керак. Беморга С ва В витаминларга бой маҳсулотлар берилади.

Гўшт, жигар, буйраклар, дудланган маҳсулотлар, думба, дудланган чўчқа ёғи, сельёдка балиғи, аччиқ соус, шпрот, паштет, қўзиқорин, дуккакли маҳсулотлар, исмалоқ, шовул, кофе, какао, шоколад, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш мумкин эмас.

Яна ўқинг:  Марганцовка истеъмоли чекланган дорилар қаторида

7-сонли парҳез столи ўткир ва сурункали нефрит (буйрак) касалликларида буюрилади. Туз кунига 1-5 грамдан ошмаслиги лозим. Нон, балиқ, парранда гўшти, турли макарон, қуён гўшти тавсия этилади.

Нордон ва аччиқ мева-сабзавотлар, тухум, шакар, шўр, сут маҳсулотлари, дуккакли маҳсулотларни ейиш зарарли.

Ортиқча вазнда 8-сонли парҳез столи буюрилади. Қора нон, ёғсиз қайнатилган гўштлар, гречкали бўтқа, сабзавотлар, мевалар, сут ва сут маҳсулотлари (ёғсизлантирилган) тавсия этилади. Ширин мевалар, зираворлар, ёғли маҳсулотлар тавсия этилмайди.

9-сонли парҳез столи қандли диабетда буюрилади. Рационда углевод ва холестерин чекланган бўлиши зарур. Қора нон, сабзавотларга бой шўрвалар, ёғсиз балиқ ва мол гўштини истеъмол қилиш мумкин.

Манний ёрмаси, макарон, мандарин, ширинликлар, ширин мевалар, гуруч, тухум, сабзи, картошка, қизил лавлаги, асал, (кам миқдорда) тавсия этилади.

10-сонли парҳез столи юрак-қон томир касалликларида буюрилади. Бунда туз, ҳайвон ёғлари, холестерин чекланади. Кўпроқ мева-сабзавотлар, туршак, балиқ (лаққа), қора узум, анжир, ўрик, кўк олма, сули, тариқ, гречиха ёрмасидан бўтқалар истеъмол қилишни беморга тавсия қилинади. Ёғли гўштлар, хамир, балиқ увилдириғи, спиртли ичимликлар, консервалар, кофе, от гўшти, калорияси кучли овқатлар ейиш ман қилинади.

11-сонли парҳез столи юқумли касалликлардан сўнг (сил касаллигида ҳамда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморларга) буюрилади. Бунда оқсиллар ва минералларга бой маҳсулотлар тавсия этилади.

Кунлик рационда оқсиллар 110-130 гр. (60 фоиз ҳайвон оқсили), ёғлар 100-120 гр, углеводлар 400-450 гр, энергетик аҳамияти 3000-3400 ккал бўлиши зарур.

12-сонли парҳез столи асаб тизими касалликларида буюрилади. Бундай беморларга зираворлар, спиртли ичимликлар, аччиқ чой, кофе истеъмоли чекланади. Жигар, тил, сут ва унинг маҳсулотлари, дуккакли ўсимликлар ва фосфор микроэлементига бой (кўпроқ балиқ) ва шу каби бошқа маҳсулотлар тавсия этилади.

13-сонли парҳез столи ўткир инфекцион касалликларда буюрилади. Бунда углевод ва оқсилларнинг миқдори камайтирилганлиги ҳисобига энергетик қиймат тушиб кетади. Шунинг учун витаминларга катта аҳамият берилади.

14-сонли парҳез столи буйракдаги тош ( фосфатурия)да буюрилади. Бу парҳез столининг меъёридаги рациондан фарқи унда кальций ва ошловчи моддалар миқдори камайтирилади. Сут ва гўшт маҳсулотлари чекланади.

15-сонли парҳез столи диета талаб қилинмайдиган ҳар хил касалликларда буюрилади. Бунда физиологик жиҳатдан тўлиқ озиқланиш, қийин ҳазм бўладиган ва аччиқ, шўр ва нордон маҳсулотлардан чекланиш зарур.

Яна ўқинг:  Вояга етмаган ёшларнинг оила қуриши – келажак заволи

Ҳилола ПРИМУҲАМЕДОВА,

Ўқув-даволаш комплекси Шайхонтоҳур тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: