Ўсмирлик даври психологияси

Ўтиш ёшини турли олимлар турлича чегаралайдилар. Айримлар 10-14 ёшни бошланиш ёши, 14-18 ўрта, 18-20 ни ўтиш ёшининг якуни деб ҳисоблайдилар. Замонавий тиббиёт эса организмнинганотомик-физиологик ўзгаришларининг 7 ёшдан бошланишини ўрганиб чиқдилар. Шунга кўра, тақвим бўйича эмас, айнан организмдаги жинсий ўзгаришларига қараб ўтиш ёшини белгилаш лозим деб ҳисоблайдилар.

Организмнинг физиологик ўзгаришининг тезлашуви натижасида бу ёшда бола ўзида ҳаяжон, кўтаринки кайфиятда уйғониш ва баъзан ўз-ўзини ерга уриш ҳиссини сезади.

Бу даврда бола ўзига нисбатан кўпроқ диққат-эътиборни талаб қилади. У ўзини катта одам деб ҳисоблайди ва шахсига нисбатан катталардек муносабатни талаб қилади. Лекин мактабда, коллеж ёки лицейда ва уйда унинг мавқеи аввалгидек қолаверади. Натижада болада ўсмир ёши инқи­рози бошланади. Ўсмирлик ёши инқирози эмансипация, тенгдошлар билан гуруҳлашиш ва хобби реакцияларини келтириб чиқаради. Эмансипация реакцияси ҳолатида бола катталар назоратидан чиқиш ва мустақилликка эришишни хоҳлайди, унда ўзининг «мен­»и пайдо бўлади. Катталар томонидан ўтказилмоқчи бўлган кичкина таъқиб ҳам боланинг хулқининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

Тенгдошлар билан гуруҳлашиш болада ўзаро ҳаракат, жамоа тартибига бўйсиниш, ҳурматга эга бўлиш ва ўз хоҳишидаги мавқега эга бўлиш қобилиятларини шакллайди. Болада ўз-ўзини баҳолаш ҳусусияти ўсади. У тенгдошларининг фикрларини катталарнинг танқидига нисбатан кўпроқ қадрлайди.

Хобби – бирор нарса билан шуғулланиш жуда катта аҳамиятга эга. Унинг шарофати билан болада қизиқишлар ва индивидуал қобилиятлар шаклланади.

Хоббининг турлари: интеллектуал-эстетик, яъни мусиқа, расм, тарих, техника; бирор нарса йиғиш; эксцентрик, яъни диққат марказда туриш учун экстравагант кийимларга қизиқиш кўринишида бўлиши мумкин.

Ўсмирларнинг қизиқишларини билиш, улар ва катталар орасидаги ўзаро тушунишларни яхшилайди.

Ўсмир психологиясида пайдо бўладиган янги ҳиссиёт бу – ўз-ўзини англашдир. Ўз-ўзини англаш, ўсмир ёшининг асосий якунидир. Бу пайтда инсон ўзининг янги «мен»ини очади, кучли ва кучсиз тарафларини ўрганишга ҳаракат қилади. Ўзини бошқа одамлар билан солиштира бошлайди, ўзига нисбатан қизиқиш уйғонади, ўзига мос дўст қидиради.

Қоидага кўра ўсмирда ўқитувчи ёки ота-онага нисбатан жамоанинг болага берган баҳоси кўпроқ аҳамиятга эгадир. Бу ёшда болада ташкилотчилик, ишбилармонлик ва бошқа шахсий қобилиятларини шакллантиришга яхшигина шароит яралади.

Яна ўқинг:  ОНА ВА БОЛА СКРИНИНГИ: СОҒЛОМ АВЛОД КАФОЛАТИ

В.Сухомлинский асосий шахс хусусиятлрини қуйидагича таърифлайди.

1. Бир томондан жоҳилликка бўйсунмаслик, уни эмоционал қабул қилмасликнинг иккинчи томондан ҳаётдаги қийин ҳолатларда ҳал қила олмаслик қобилияти билан уйғунлашади.

2. Ўсмир яхши бўлишни хоҳлайди, идеалга интилади, лекин уни тўғри тарбиялашлари ёқмайди.

3. Ўсмир шахс бўлишни хоҳлайди. Қандайдир қаҳрамонлик, романтик, ноодатий нарсаларни қилишни истайди. Жараёнга талабнинг борлиги ва ўзида ишонч ҳосил қилиш хоҳишининг мавжудлигига қарамай, ўсмир ҳали бунга қандай эришишни билмайди.

4. Ўсмирда хоҳишнинг бойлиги ва кучнинг чегараланганлиги қарама-қарши қўйилган. Қизиқишларнинг турли-туманлиги ва доимий эмаслиги мана шундан келиб чиқади. Ўсмир ўзининг қобилиятли эмаслигини билиб қолишдан қўрқади. У ўзини жуда яхши кўради ва ортида ёрдамга мухтожлиги яширинган. Кўргазмали ишончлилик ва қатъият ортига яшириниши мумкин.

5. Ўсмирда романтик ҳиссиёт ва дағал қилиқлар уйғунлашган. Гўзалликдан завқланади ва унга сурункали муносабатда бўлади. Лекин ўз ҳиссиётларидан уялади. Бу туйғуларни ёш болаларга хос деб ҳисоблайди. У уни ўта ҳиссиётли деб ҳисоблашларидан қўрқади ва дағаллик ортига беркинади.

Жисмоний кучнинг қуйилиб келиши уни фаолиятга бошлайди.

Ўсмирлар билан ишлаганда уларнинг ёш ва шахсий хусусиятларини, бу ёшнинг асосий психологик янгиланишини инобатга олиш зарур.

Ўсмир организми ҳам бу пайтга келиб анча ўзгаришларга дуч келади: ҳуснбузарлар чиқади, танадан турли нохуш ҳидлар кела бошлайди. Шунинг учун ҳам тарбиявий соатлар ўтганда ўқитувчи албатта, шахсий гигиена ҳақида ҳам тўхталиб ўтиши лозим.

Бу ёшда болада жуда катта психологик ўзгаришлар юзага келади ва биз буни кўриб чиқамиз.

Биринчи галда бу ёшдаги болаларда уятчанлик ва тезда ҳафа бўлиш кузатилади. У арзимаган нарсалардан ҳам ҳафа бўлади ва бунга катта аҳамият беради. У ўз таш­қи кўринишидан уялади, ҳаракатлари букчайган ҳолатга келади. Чунки, у ҳали ўз танасини илгаригидек бошқара олмайди. Шунга ўхшаб ўсмир ўз ҳиссиётларини ҳам жиловлай олмайди. У ўзини катта одам деб ҳисоблайди ва атрофдагилардан ҳам шунга яраша муносабатни талаб қилади.

Эркинликни талаб қилиш уларда қўрқув уйғотади. Деярли барча ўсмирлар ота-онаси уларнинг эркинлигини сиқиб қўйганлигидан шикоят қиладилар. Ўсаётган бола ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши табиийдир, лекин ота-она унинг ҳар бир талабини бажаришга мажбур эмас.

Яна ўқинг:  Таъм сезишнинг пасайиши вазн ортишига сабаб бўлади

Ўсмирлар устидан раҳбарлик қилиш зарур. Кўпинча уларнинг баъзилари ота-оналари улар билан қатъиятлироқ бўлишини хоҳлашади. Болани тўғри йўлда уни ўқитаётган қоидалар эмас, соғлом тарбия ва унга бўлган ишонч ушлаб туради. Ўсмирга эса қоида ҳам, ота-онасининг ҳаётдаги бўшлиқларни тўлдирадиган бу қоидаларни ўргатиш учун унга бераётган эътибори ҳам керак.

Ота-она билан бўладиган келишмовчиликлар ўсмир ўзини катта ҳис қилиб, ота-онасининг ўрнини эгалламоқчи бўлганлиги оқибатида юзага келади. Албатта, ота-онага бу ёқмайди. Ота-она ва фарзанд ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлади. баъзида бу ота ва қиз, она ва ўғил ўртасидаги зиддиятлар ҳам бўлиши мумкин. Отага қиз, онага эса ўғил бола яқинроқ бўлади, дейишади. Лекин, вақт ўтган сари, яъни балоғат ёшида бола буни унута бошлайди. Чунки, оиладан ташқаридаги бошқа одамларга ўз ҳис-туйғуларини йўналтирган бўлади. У ота-онага бўлган муносабатини йўқотишга ҳаракат қила бошлайди. Агар уйда ўсмир ёшини ҳисобга олиб, бола билан ўзаро дўстона, юмшоқ муомалада бўлинса, шароитга қараб фарзандининг хоҳиш истакларини инобатга олиб иш кўрилса, фарзандга шахс сифатида қаралса, у буни сезади ва яхши йўлдан юришга ҳаракат қилади. Акс ҳолда ўсмир кўчадан ўзига бошқа машғулот топади ва ёмон йўлга юриб кетиш эҳтимоли катта бўлади.

Бизнинг менталитетимизда, айниқса, қиз болани фақат турмушга чиқишга тайёрлаймиз. Оқибатда қизларимиз ҳам айни ўқиб, оила қурадиган пайтда турмушга чиқиш ва оилали бўлишни ўйлай бошлайдилар.

Бизнинг аждодларимиз фарзандларини миллий қадриятларимизга асосланиб тарбия қилганлар ва натижада улар орасидан кўпгина буюк инсонлар етишиб чиққанлиги сир эмас.

Ўсмирлик даврини қийин давр деймизу, лекин мана шу оралиқнинг пайдо бўлиши ва секин ўтишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолаётганимизни сезмаймиз. Биз фарзандларимизга озгина вақт ажратиб, уларнинг кўнглига йўл топа олсак, эртага жамиятимизга фойдаси тегадиган инсонларни тарбиялаб, камолга етказамиз.

Замира ҲАКИМОВА,

Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи рус тили ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: