Реклама

Оғиз бўшлиғи касалликлари

Уларнинг олдини олиш жиддий асоратлардан асрайди

Стоматит

Стоматит – оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг яллиғланиши, яъни оғиз еликиши ҳам дейилади. Бу хасталик мустақил касаллик ҳолида кечиши ҳам, бошқа дардларнинг(қизамиқ, қизилча, грипп, кандидоз) белгиси ҳам бўлиши ҳам мумкин.

У моддалар алмашинуви касалликлари (авитаминоз – витаминлар етишмовчилиги, қандли диабет) асаб ва ички аъзолар касалликлари, витамин етишмовчилиги, ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, жуда иссиқ ёки совуқ, нордон, шўр овқатлар ейиш ҳам стоматитга сабаб бўлиши мумкин. Айрим дориларга нисбатан сезувчанлик ортганда хусусан, пала-партиш антибиотикларни ичиб ўз-ўзини даволаганда, балоғатга етиш даврида, ақл тиши чиқиши қийинлашганда ҳам стоматит рўй беради.

Ушбу касалликнинг шакли ҳар хил бўлишига қарамай уларнинг умумий ўхшаш белгиси бор. Яъни, бу хасталикда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати қизаради. Унинг атрофидаги тўқималар шишади, жағ ости лимфа тугунлари катталашади. Хасталик ўткир ва сурункали кечади.

Стоматитнинг катарал, ярали некротик, афтоз хиллари фарқланади.

Айрим дори моддаларининг ёқмаслиги оқибатида, кимёвий моддалар таъсирида медикаментоз стоматит, оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг ўткир кечувчи, касалланган тишлар ёки тиш протезидан жароҳатланиш натижасида травматик стоматит пайдо бўлади. Травматик стоматитнинг Беднар афтаси (чақалоқлар афтаси) шакли гўдакларда кузатилади. Стоматитнинг олдини олиш учун оғриган тишларни ва организмнинг умумий касалликларини ўз вақтида даволаш, шиллиқ қаватнинг яллиғланишига сабабчи бўладиган омилларни бартараф этиш зарур.

Гингивит

Гингивит – милкнинг яллиғланиши бўлиб, маҳаллий ва умумий омиллар таъсирида ривожланиб, тиш-милк боғланишининг бузилишисиз кечади. Гингивит узоқ вақт давомида фақат ўрта ва катта ёшли беморларда учрайди, деган фикр юритилар эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги маълумотларига кўра бу касалликлар дунёнинг турли ҳудудларидаги 80 фоиз болаларда ҳам кузатилар экан.

Касалликларнинг ривожланишига кўп сонли омиллар таъсир қилади: оғиз бўшлиғи гигиенасига амал қилмаслик, сифатсиз протезлар, тиш-жағ нуқсонлари, фтор қўшилган сувни ичиш, узоқ вақт парҳез қилиш, соматик(ички) касалликлар шулар қаторига киради.

Кўпчилик муаллифлар парадонтдаги ўзгаришлар тиш пилакчасидаги кўп сонли микроорганизмларнинг таъсир кўрсатиши сабабли ривожланади деб ҳисоблашади. Тиш пилакчаси тиш ўқи бўйлаб силжиб, микроорганизмларнинг токсин (заҳар)лари таъсирида милк тўқималарини яллиғлантиради. Улар милк тўқималари билан мулоқотда бўлган соҳага кучли таъсир қилиб, моддалар алмашинувини издан чиқаради. Агар гингивит даволанмаса тиш-милк эпителийсида жиддий ўзгаришлар юзага келади ва пародонтит касаллиги ривожланади. Сўлак таркибининг милк касалликларини ривожланишидаги аҳамияти каттадир. Унинг иммунологик хоссаларининг ўзгариши, миқдори, модда ажралиши тезлигининг бузилиши тиш караши ҳосил бўлишини тезлаштиради. Тиш пилакчаси милкка узоқ вақт давомида таъсир қилганда организмда микроблар тўпланади ва аутоиммун жараён юзага келади. Милкнинг яллиғланиш жараёнида стрептококклар ва стафилакокклар, бактерицидлар, фзиобактериялар, спирохетлар катта роль ўйнайди.

Яна ўқинг:  Оналик бахти остонасида

Маҳаллий шикастловчи омилларга яна протез нуқсонлари-қопламаларнинг қирраси узунроқ қўйилса, олиб-ечиладиган айрим протезлар, тиш даволаш нуқсонлари – милкда пломба миқдорининг кўплиги, тиш коваги ичидаги доривор моддаларнинг таъсири, нотўғри тайёрланган ортодонтик аппаратлар мисол бўлади.

Умумий омиллар:

А,В,Е,С витаминлари танқислиги гингивит ривожланишида катта аҳамиятга эга. С витамини етишмаганда пародонтнинг коллаген толаларига салбий таъсир этади. С витамини коллаген синтезида, А ва В витаминлар эса милкнинг эпителизациясида иштирок этади. Е витамини қон айланишига, милкнинг коллаген ва эластиклик толалари тузилишига яхши таъсир қилади. Организм реактивлигининг сусайиши (иммунитет) пародонт тўқималарида физик ва кимёвий ўзгаришлар пайдо бўлади. Натижада қон томирлар ўтказувчанлиги ҳам бузилади. Қон айланиши ва тўқималардаги моддалар алмашинуви издан чиқади.

Бу касалликнинг келиб чиқишида эндокрин ўзгаришлар ҳам муҳим ўрин тутади. Қандли диабетда пародонт тўқималарида ангиопатик ўзгаришлар рўй беради (қон айланиши бузилади).

Қон касалликлари ва қон ишлаш тизими касалликлари пародонт тўқималарида дистрофик ўзгаришлар пайдо қилади, бу эса милк қиррасининг гиперплазия(шишиб чиқиши, яллиғланиб кенгайиши) билан ифодаланади. Милк патологиясининг ривожланишида генетик мойилликнинг ҳам аҳамияти катта.

Доривор моддаларни пала-партиш қабул қилиш (иммунодепрессантлар, гидантоин) ҳам милк касаллигининг келтириб чиқаради.

Симоб, қўрғошин, йод, альюминий, рух каби металлардан заҳарланишда умумий ҳолсизлик, яъни бош оғриғи, қориндаги оғриқлар билан биргаликда катарал гингивит, ярали гингивит, стоматит ҳам кузатилади. Ҳомиладор аёлларда гипертрофик гингивитларнинг ривожланиши сабаби бу даврда сариқ тана томонидан гормонларнинг ишлаб чиқилишидир. Гипертрофик гингивит (милк катталашгани) асосан ҳомиладорликдан аввал милк яллиғланганда ва оғиз бўшлиғини тоза тутмаслик натижасида ривожланади. Ҳомиладорларда С витамини етишмовчилиги ҳам гипертрофик гингивит пайдо бўлишига олиб келади. Ҳомиладорлик даврида тез-тез қайт қилиш натижасида меъда шираси оғиз бўшлиғига тушганда ацидоз ривожланади ва гингивитга олиб келади. Тутқаноқни даволашда дифенин дориси қўлланилади, унда ҳам гипертрофик гингивит ривожланади. Бу препарат таъсиридан фиброз қават коллаген синтези кучаяди, милк гиперплазияси кузатилади. Хасталикни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, яллиғланиш-деструктив жараённи турли босқичларига самарали ва йўналишли таъсир эттириш организмнинг ҳимоя кучини ошириш, тиш-жағ тизимига оид функцияларини тиклашга қаратилган ҳолда олиб борилади.

Хулоса қилиб айтганда “Касалликни даволагандан кўра уни олдини олган яхши” дейди доно халқимиз. Оғиз бўшлиғи касалликларининг олдини олишда беморлар нафақат шахсий гигиенага жиддий эътибор беришлари зарур, балки шифокор-стоматолог кўригидан тез-тез ўтиб, унинг маслаҳатларига ҳам амал қилишлари керак.

Яна ўқинг:  Одам ДНКсида мия қаришининг генетик дастури мавжуд

Глоссит

Тилдаги патологик ўзгаришлар кўпинча тизим касалликларида айниқса, меъда-ичак касалликларида содир бўлади. Унинг касаллиги ёшга боғлиқ бўлмай, бу хасталик турли беморларда кузатилади.

Ушбу аъзодаги касаллик алоҳида бўлиб учрайди. Бунда касаллик аломатлари фақат тилда қайд қилинади. Хасталик сабабли тилнинг кўриниши ўзгариб, “қора сочли” ёки ромб шаклида бўлади. Тил география харитасини эслатади. Бу тил географик тил ёки шифокорлар тили билан айтганда десквоматив глоссит деб юритилади.

Бемор тилида ҳар хил шакллар борлигидан шикоят қилади. Оғиз бўшлиғидаги кариес(чириган) тишлар ва милкдаги яллиғланишни даволаб, шахсий гигиенага эътибор бериш керак. Баъзида тил аччиқ, шўр таъмни сезса, унда бу десквамация тил учида жойлашганини билдиради. Оғиз гигиенасига эътибор билан қаралмаса кўпчилик тишларда кариес ва унинг асоратлари аниқланса (унга патоген микроблар тушса) касаллик анчагача чўзилиши мумкин.

Оғиз бўшлиғини уй шароитида аччиқ дамланган кўк чой билан 2-3 маротаба чайиб туриш керак. А ва Е витаминини докага намлаб зарарланган жойга қўйилади. Бу дори воситалари 20-30 дақиқа ушлаб турилади.

Бемор нордон, аччиқ, шўр ва маринадланган(сиркали) озиқ-овқат маҳсулотларидан парҳез қилиши зарур. Глосситда тил юзасида ёриқсимон ариқчалар жуда кенг, узун ва ён тарафга шох сингари тарқалган бўлади. Яъни, унда майда-майда бурмалар кузатилади. Бу “бурма тил” дейилади. Оғиз бўшлиғи гигиенасига қатъий риоя қилинса, касаллик асоратсиз кечади ва тузалиб кетади. Аксинча бўлса оғизда замбуруғ, яъни кандидоз касаллиги ривожланади.

Стоматолог кўригида тилнинг учдан бир орқа қисмида кўпинча ромбга ўхшаган ўзгариш борлиги кузатилади. Уни пайпаслаб кўрилганда ва диққат билан қаралса тил юзасидан кўтарилган, қизил тусли ёки кўкимтир-қизил рангда бўлади. Баъзан бу шакл думалоқ, оқишроқ рангда ҳам бўлади.

Давоси: Тишларни даволаш, пародонт тўқимасини соғломлаштириш, тишдаги караш ва тошларни олиб ташлаш, оғиз гигиенасига риоя қилиш кифоя.

Тил эпителийси озиқланишининг бузилиши, моддалар алмашинуви жараёнининг издан чиқиши, спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, узоқ вақт давомида антибиотиклар қабул қилиш оқибатида замбуруғлар кўпайиши, меъда-ичак ва жигар касалликларида сўрғичли тил (“қора сочли тил”) учраши мумкин.

Тилдаги ипсимон сўрғичларнинг одатда устки қисмидаги дағаллашган ҳужайра кўчиб тушиб, ўрнига янгиси пайдо бўлади. Глосситда эса бу ҳолат рўй бермаслигига сабаб дағаллашган қатлам йиғилиб қолади ва “сўрғичсимон тил” пайдо бўлади.

Яна ўқинг:  Ҳаракатларсиз озиш

Касалликка сабаб бўлган нуқсонлар бартараф этилса бемор аста-секин тузалиб кетади. Ипсимон сўрғичлар жуда узун бўлса совуқ, яъни паст ҳарорат (криотерапия) билан даволаш усули бор. Бемор ўз билганича бу сўрғичларни қирқиб ташлаши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: