Одам организмидаги тошлар қандай пайдо бўлади?

Эркакларга қараганда аёлларда кўпроқ учрайдиган ўт-тош хасталиги сурункали бўлиб, ушбу дард ўт йўллари ва унинг халтасида тош пайдо бўлиши билан кечади.

 

Республикамизда ўт-тош касаллиги баъзи бир вилоятларда болалар ўртасида оз бўлсада учраб туради. Калькулёз холецистит – баъзан ўт-тош касаллиги деб ҳам аталади. Бироқ, у ўт пуфагида яллиғланиш жараёни билан кечмаслиги ҳам мумкин. Бунда конкрементлар (тошлар) ҳосил бўлиши бошқа қатор омилларга боғлиқ бўлади.

Ўт-тош касаллигини пайдо бўлишига кўпгина омиллар жумладан, ирсий мойиллик, кўп ёғли овқатларни истеъмол қилиш, нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик, жигарнинг яллиғланиши ва юқумли касалликлар, ўт йўллари ва ўт халтаси хасталиклари, шунинг­дек, ичкиликга берилган кишиларда тош ҳосил бўлиши кузатилади. Буларнинг барчаси ўтнинг физик ва кимё­вий таркибини ўзгаришига замин яратади. Натижада ўт тошлари пайдо бўлади. Ўт сарғимтир, жигарранг тусдаги суюқ, ўзгача ҳидга эга ажралма бўлиб, уни жигар ҳужайралари ажратади. Ўт одам ичагида озиқ моддаларнинг парчаланишига ва ёғли маҳсулотларнинг ҳазм бўлиши ҳамда сўрилишида муҳим роль ўйнайди.

Ўт пуфаги ва ўт йўллари касаллик­лари қаторига туғма дискинезия номини олган ўт пуфаги мушакларнинг қисқаришининг бузилиши, унинг қийшиқ жойлашганлиги киради. Натижада ўтнинг жигар ва ўт пуфагидан ўн икки бармоқ ичакка ажралиб чиқиши бузилади. Унинг жиддий асорати ўт жигар санчиғи хисобланиб, бунда ўнг қовурғалар остида кучли оғриқ хуружи бўлади. Жигар, ўт пуфаги ва умумий ўт йўли тошдан тиқилиб қолиши ҳамда обтурацион сариқлик, истисқо ёки йирингли холецистит ривожланиши мумкин.

Ёғли овқатни хуш кўриб ҳар доим кўп истеъмол қилинса холестерин билан ўт кислоталари ўртасидаги мувозанат бузилади. Бу ҳолатда холестерин доначалари чўкиб, тошлар ҳосил бўлади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ёғли овқатларни истеъмол қилиб ётиб олиш, бир хил одамларнинг озиш мақсадида очлик билан ўзини ўзи даволашга уриниши нафақат тош ҳосил бўлиши балки ёмон оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Кам ҳаракат қилиш бошқача қилиб айтганда гиподинамия, ўтнинг фақат ўт халтасида эмас, балки ўт йўлларида ҳам димланиб қолишига сабаб бўлади. Шу туфайли меъда ости бези хасталанади. Бу аъзо билан ўт ажратиш тизими ўртасидаги уйғунлик бузилади ва тош ҳосил бўлиши осонлашади. Шуни хам эслатиш мақсадга мувофиқки, ўт қопи фақат жигар билан эмас, балки ўн икки бармоқ ичак, меъда ости бези билан ҳам чамбарчас боғланган. Шу сабабли бу аъзолар биргаликда касалланади.

Яна ўқинг:  ЁЗ ВА МИЖОЗ

Ушбу хасталик кўпми-озми узоқ муддатгача аста-секин, зимдан ўртача катарал яллиғланиш билан намоён бўла бошлайди. Бир неча йиллар давомида беморнинг оғзи вақти-вақти билан тахир бўлиб, ўнг қовурғалар остида унчалик кучли бўлмаган оғриқ ва осилиш ҳисси сезилади. Кўпинча касаллик қорин дам бўлишидан бошланади. Бемор овқат еганидан бир-икки соат ўтганидан сўнг ўнг биқинида оғирлик ҳисси пайдо бўлади. Унинг қорни қаппаяди. Оғриқ ўнг елкага берилади, кўнгил айниб, бемор қусади, томир уриши тезлашиб, унинг ҳарорати кўтарилади. Бемор ўз вақтида шифокорга учраб даволанмаса аҳволи оғирлашиб, териси ва кўз оқи сарғаяди. Яъни, умумий ўт йўлига тош тиқилиб, сафро қонга ўта бошлаган бўлади. Энди фақат операция қилишдан бошқа чора қолмайди.

Холестеринга бой ҳайвон ёғларини, ёғли сут маҳсулотларини камроқ, сабзавот ва меваларни кўпроқ ейиш керак. Аччиқ, шўр овқатларни, хантал, қалампир ва шунга ўхшаш нарсаларни емаган маъқул. Бемор ўз вақтида шифохонага бориб даволанса асоратларнинг олди олинади.

Ўт-тош касаллигига қўшилиб келадиган лямблиоз ва бошқа паразитар касалликлар асосий касаллик клиник манзарасига жиддий таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Бироқ қатор ҳолларда паразитлар борлиги, айниқса, уларнинг кўп миқдорда бўлиши касаллик кечишини оғирлаштириб, ўт оқиб чиқишига қарши механик тўсиқлар вужудга келиши мумкин. Шунингдек, унга аллергия – организм­нинг ярим микроорганизмлар ёки омилларга (озиқ-овқат аллергияси) ортиқча сезувчанлиги ҳам мойиллик пайдо қилади. Ўт-тош касаллигининг ривожланишига ўт пуфагида ўтнинг димланиб қолиши имкон беради. Овқатдан заҳарланиш, қабзият, тор кийим, корсет, бел-боғлар, колит касаллиги ва бошқалар ҳам холециститга туртки бўлиши мумкин. Бурун ва оғиз бўшлиғидаги яллиғланган жойлар (кариес,парадонтоз) ва бош­қа яллиғланиш жараёнлари бўлса, албатта, яхшилаб даволаниш зарур.

Ўт-тош касаллигининг олдини олиш учун инсон серҳаракат бўлиши, бир неча соатлаб бир жойда ўтирмасдан, бадантарбия билан шуғулланиб туриши лозим.

Асқар СОЛИЕВ,

Фарҳод БОБОЕВ,

ТошПТИ Болалар хирургияси ва онкологияси кафедраси

2-босқич магистрлари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: