Нарколепсия қандай хасталик?

Ғалати ҳолат… Кўз ўнгингизда ўтирган бир одам кутилмаганда ўзида қаттиқ чарчоқ сезадию шу заҳоти қаттиқ ухлаб қолади! Ҳатто айрим пайтда тана мушаклари кескин бўшашиб йиқилиб тушади ва шу зайлда ухлайверади. Бу ҳол ярим ёки бир соат давом этади, кейин бемор ўз-ўзидан уйғониши мумкин. Мутахассис олимлар шу ҳолатни нарколепсия, яъни уйқучанлик деб аташади. “Нарколепсия бош мия пўстлоғининг айрим қисмларида тормозланиш жараёни рўй бериши натижасида келиб чиқади. Баъзан одам уйқудан уйғонгани заҳоти бир мунча вақт тана мушаклари ўз таранглигини йўқотганини сезиши мумкин” дейишади олимлар.

Бу касаллик ривожланишининг аниқ сабаблари етарлича ўрганилмаган. Олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасига кўра, нарколепсия дардига чалинган беморларнинг бош миясида биологик фаол модда (кимёвий ингридиент)нинг етишмаслиги аниқланган.

Нарколепсия: Иш қобилияти кескин пасайса…

Сиз автоулов бошқариш, кундалик юмушларни бажариш ёки ўқиш жараёнидаги қобилиятингиз сусайганини сездингизми? Бу сизнинг кундалик иш ва ҳаёт фаолиятингизга салбий таъсир ўтказяптими? Демак, дарҳол шифокор мутахассисга мурожаат қилишингиз лозим. Бордию сизга нарколепсия ташхиси қўйилса, унинг қай даражада ривожланганлигини полисомнография ва МСЛТ тест (уйқу жараёнларининг бузилишини аниқлашга имкон берувчи махсус синов тури) ўтказиб билиш мумкин.

Сомнологик марказ мутахассислари томонидан беморнинг бош қисмига махсус электродлар жойлаштирилиб бош мия, юрак ва кўз соҳасидаги функсионал жараёнлар кузатилади. Синовнинг иккинчи кунида МСЛТ тест ўтказилади. Яъни кундуз куни шифокор–мутахассислар кузатувида ҳар икки соат ичида бемор қисқа муддатга уйқуга кетиши таклиф этилади. Ушбу тест ёрдамида беморнинг ухлаш хусусияти кузатилади.

Нарколепсия хасталигини нафақат дори-дармонлар билан даволаш орқали, балки кундалик турмуш тарзингизни назоратга олган ҳолда ҳам ижобий натижага эришиш мумкин. Маслаҳат шуки, ҳар куни бир хил вақтда уйқуга ётинг ва бир хил вақтда уйғонишга ҳаракат қилинг. Яъни уйқу ва тетиклик мутаносиблигига риоя қилинг. Иишхона ёки уй шароитида бажариладиган юмушларни, масалан автомобил бошқариш, овқат тайёрлаш чоғида эҳтиёткор бўлинг.

Ушбу мақолани ҳам ўқинг:  Уйқусиз тундан кейин қандай қилиб тез тикланиш мумкин?

Шифокор тайинлаган дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилинг. Дориларнинг таъсири борасидаги ўзгаришлар ҳақидаги хабарни унга етказиб туринг.

Кучли ҳаяжон ҳам сабабчи

Яна ўқинг:  Болаларни жазолаш орқалигина тарбиялаб бўлмайди

Кундузги вақтда ҳаддан ташқари уйқуга берилиш нарколепсиянинг битта аломати. Баъзан кутилмаганда кучли ҳаяжон туфайли тана мушаклари таранглиги қисқа муддатга кескин пасайиб кетади (катаплексия) ва бемор тўсатдан йиқилиб тушади, лекин эс-ҳушини йўқотмайди. Уйқу фазасининг бузилиши, узоқ вақт давом этмайдиган “фалажланиш” ҳолатлари, уйқудан уйғониш чоғида юз берадиган галлютсинатсиялар ҳам нарколепсия белгиларидир.

Касаллик асосан ўсмирлик даврида ёки ёшликда пайдо бўлиб, ўз вақтида даволанмаса бир умрга сақланиб қолиши мумкин. Уйқучанликнинг ушбу турига учраган одам хотирасининг пасайиши, диққат-еътиборини жамлай олмаслиги, мунтазам бош оғриғидан шикоят қилади. Тунги вақтда эса мириқиб ухлай олмайди. Катта ёшдаги беморлар руҳий зўриқиш боис кундалик иш юмушларини бажара олмайдилар. Ёш болалар эса ўз тенгдошларидан ривожланишда ортда қолади.

Жамила КОМИЛОВА,

шифокор.

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: