Лиқилдоқлар

чақалоқлар парваришининг илк кезларида нималарга эътибор бериш керак?

Гўдаклар ҳаётининг биринчи йилида бош қисмида сарғимтир-оқимтир қазғоқлар пайдо бўлиши мумкин. Бу қазғоқларни куч билан олиб ташлаш мумкин эмас. Тиббиётда бу қазғоқлар “ёғли гнеслар” дейилади. Чақалоқни чўмилтиришдан 1-2 соат олдин болалар креми суртилади. У бош терисини юмшатади, қазғоқларни кўчиради. Шундан сўнг бола чўмилтирилиб, аста-секин унинг боши махсус мўйтароқ билан тозаланади.

Гўдакларнинг бош қисмидаги лиқилдоқлар нима? Бу лиқилдоқлар қачон ёпилиши керак? Лиқилдоқнинг ҳажми жуда кичкина ёки катта бўлса нима бўлади? Бу каби саволлар ёш оналарни қизиқтириши табиий.

Чақалоқнинг бош қисми тез ўсадиган суякчалардан ташкил топган. Лиқилдоқларнинг вазифаси туғруқ вақтида ва болани ҳаётининг биринчи йилида бош мия чаноқ суягининг эластиклигини таъминлаб беради. Лиқилдоқларнинг бу хусусияти сабабли, чақалоқнинг мия суяги жуда ҳаракатчан бўлиб, туғруқ пайтида туғруқ йўлларидан ўтаётганида онанинг тос суякларига тўғриланиб, мослашади.

Янги туғилган чақалоқларда олтита лиқилдоқ бор. Булардан энг каттаси олдинги лиқилдоқ, кейингиси орқа лиқилдоқ кичикроқ ўлчамда бўлади. Тўртта лиқилдоқ ҳаётининг биринчи куниданоқ ёпилади ёки шунчалик ўлчамлари кичикки, булар сезиларсиз бўлади. Бешинчи лиқилдоқ ҳаётини иккинчи ойида, олтинчиси яъни катта лиқилдоқ бола 3 ойлигидан бошлаб 24 ойлик ва ундан ҳам кўпроқ ойларда ёпилиши мумкин.

Нормал ҳолатда лиқилдоқлар қандай бўлиши керак?

Бола туғилганида ва кейинги кўрикларда иккита лиқилдоқ баҳоланади. Булар катта (олд) лиқилдоқ ва кичик (орқадаги) лиқилдоқ.

Лиқилдоқлар ҳажми махсус формула билан ўлчанади:

Лиқилдоқнинг узунасига диаметр ўлчами +лиқилдоқнинг кўндаланг диаметрининг ўлчами / 2.

Кўпчилик чақалоқларнинг орқа лиқилдоғининг ўлчами 0,5-0,7 см бўлади. Орқа лиқилдоқ бола ҳаётининг иккинчи ойида битади.

Катта лиқилдоқнинг ўлчамлари катта фарқ қилади. Чақалоқларда нормада катта лиқилдоқнинг ўлчамлари 0,6 х 3,6 см бўлади. (ўртача ўлчами 2,1 – 2,2 см бўлади. Лиқилдоқлар ўлчами формуласига қаранг). Катта лиқилдоқ ёпилиши индивидуал бўлади, худди гўдак ўсаётгандаги параметрлари каби (тишлар ёриши, биринчи қадами, гапиришни бошлаш каби). Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари соғлом болаларни кузатганида 1 фоиз болаларда катта лиқилдоқ 3 ойликда, 40 фоиз болаларда 1 ёшлигида, 95 фоиз болаларда эса ҳаётининг иккинчи йилининг бошида битган. Ўғил болаларда катта лиқилдоқ, қиз болаларга қараганда тезроқ битгани кузатилган. Катта лиқилдоқнинг соғлом чақалоқларнинг бошида кўриниши ромбга ўхшаган бўлади. Ҳаддан ташқари катта лиқилдоқ ёки уни жуда ҳам кеч ёпилиши қуйидаги касалликларда бўлиши мумкин:

Яна ўқинг:  Вояга етмаган ёшларнинг оила қуриши – келажак заволи

Рахитда: Рахит кўпроқ муддатига етмай туғилган чақалоқларда кузатилади. Катта лиқилдоқнинг чеккалари эгилувчан бўлиб, боланинг пешанаси дўнг бўлиб, мушаклар тонуси пасаяди, оёқ-қўл бўғинлари шалвираб қолади. Суякларнинг тўғри ўсиши бузилади. Кўкрак қафасида ўзгаришлар содир бўлиб, қовурғаларда оғриқсиз қаттиқ (мунчоқ донасидек) ўсмалар ҳосил бўлади. Нима қилиш керак? Бунда албатта мутахассисга мурожаат қилинади ва рахит умумий қоидалар бўйича даволанади.

Туғма гипотиреозда – бу кам учрайдиган касаллик бўлиб, қалқонсимон безнинг функцияси пасайиб кетганида бўлади. Суяк скелети ўсишида қалқонсимон без катта аҳамиятга эга. Туғма гипотиреознинг илк сабабларидан бири бу катта лиқилдоқнинг жуда кеч ёпилишидир. Бундан ташқари туғма гипотиреознинг илк белгиларига доимий қабзият, уйқучанлик, ланжлик, иштахасизлик, шишлар киради.

Мутахассис – эндокринологга мурожаат қилиниб, қонда гормонлар миқдорини аниқлайдиган ТТГ (тиретроп гормони), тироксин текширилади ва ташхис аниқланганда керакли муолажалар қилинади.

Ахондродисплазия – жуда кам учрайдиган туғма суяк тўқимаси касаллиги бўлиб, катта лиқилдоқ жуда кеч ёпилишидан ташқари, бунда суяклар нотўғри ўсади, оёқ ва қўллар калта бўлиб, боланинг пешонаси дўнг бўлиб, бўйи ўсмайди.

Даун касаллиги – бу хромосом касаллиги бўлиб, ақлий ва жисмоний ривожланишдан бола ортда қолади. Бундан ташқари, Даун касаллиги боланинг туғилгани заҳотиёқ характерли белгиларига қараб аниқланади. Юз тузилиши, калта бўйин, катта тил, қўл панжасида кўндаланг чизиқ, олд лиқилдоқнинг катталиги ва бошқалар.

Бунда бола генетик кўригида бўлиб, болага қондаги хромосомалар кариотипи ўтказилади.

Лиқилдоқ нимага тез ёпилади ёки нима учун унинг ўлчамлари кичкина бўлади?

Катта лиқилдоқ бола уч ойлигидан олдин бекилса, катта лиқилдоқ ўлчамлари аниқланибгина қолмай, балки чақалоқнинг бош айланаси ҳам ҳисобга олинади. Лиқилдоқ муддатидан олдин(3 ойлигидан олдин ёпилса), ёки ўлчами кичкина бўлса, лекин бош айланаси ўлчами нормал ҳолатда бўлса, бу бола соғлом ҳисобланади.

Лиқилдоқнинг муддатидан олдин ёпилиш сабаблари:

Краниосиностоз: таянч-ҳаракат тизими касаллиги бўлиб, бош суяк чокларининг тез битиб қолиши, бош ўлчами кичик бўлиб, бош мия босимининг ошиши, эшитишни бузилиши, ғилайлик, суяклар ўсмасдан калта бўлиб қолади. Краниосиностоз туғма бўлиши ёки орттирилган, яъни рахит асоратлари, қалқонсимон безнинг функцияси баланд бўлиб кетганда ҳам бўлади.

Яна ўқинг:  Номи қандли, аммо азоби аччиқ

Бу касаллик жарроҳлик йўли билан даволанилади.

Бош мия аномалия(нуқсонлари): Жуда кам учрайдиган касаллик бўлиб, бунда лиқилдоқ тез битиб қолади.

Лиқилдоқнинг шишиб қолиши сабаблари: Мия ичи босимининг ошиши, менингит, энцефалит, мия ичи ўсмаларида кузатилади.

Унинг пасайиб қолиши боланинг тана ҳарорати жуда юқори бўлганда, гўдак организми сувсизланиб қолганда, ичи кетганда, жуда кўп қусганда кузатилади. Бу ҳолларда албатта шифокорга мурожаат қилиш керак.

Феруза НАЗАРОВА,

неонатолог, тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: