ЛАРИНГИТ ХАСТАЛИГИНИНГ АСОРАТЛАРИ ОҒИР

Ҳаётимиз мазмуни бўлмиш фарзандимизнинг соғ-саломат ҳолда улғайиб камолга етиши шубҳасиз ҳар бир ота-она учун улкан бахт эрур. Зеро, ҳар бир гўдакнинг дун­ёга келиши баробарида чекилган заҳматлар унинг беғубор кулгусида унут бўлишини барчамиз яхши биламиз. Аммо бехосдан кичкинтойимиз бирон касаллик билан хасталаниб қолса борми бу ёруғ жаҳон кўзимизга тор кўриниб, юрагимизга оғриқ киради.

Экологик муаммолар сабаб охирги пайт­ларда касалликлар ҳам янги-янги кўринишда пайдо бўлиб худди замон билан бирга одимлаб бораётгандек. Илгари антибиотиклар билан даволаса бўладиган хасталиклар эндиликда қўшимча муолажаларни талаб қилмоқда. Сир эмаски, иммунитет пастлиги сабабли кўп учрайдиган ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция)лар, грипп каби касалликлар ҳам ўз вақтида даволанмаса бемор организмида оғир асоратлар қолдиради.

Шукрки мустақиллик туфайли она ва бола саломатлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, тиббиётда улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Республикамизнинг энг чекка туманларидаги тиббиёт муассасаларигача сўнгги русумдаги, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда. Замонавий кўринишда қад ростлаган тиббиёт масканларида яратилган шарт-шароитлардан аҳоли мамнун бўлмоқда.

Ана шундай тиббиёт масканларидан бири Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасида бўлиб болалар қабул бўлими ва маслаҳат поликлиникаси мудири Нодира Ҳошимова билан болаларда учрайдиган ларингит хасталиги хусусида суҳбатлашдик.

– Нодира опа, сўнгги пайтларда ларингит касаллиги ёш болаларда кўпроқ кузатилмоқда. Бунга сабаб нима ва у қандай хасталик ҳисобланади?

– Ларингит ўткир юқумли касаллик бўлиб, ҳиқилдоқ шиллиқ пардасининг ўткир ёки сурункали яллиғланишидир. Ушбу хасталикнинг болаларда кўп учрашининг асосий сабаби 6-7 ёшгача бўлган болада ҳиқилдоқ тешиги тор бўлиб, шиллиқ қаватлар қон томирлари ва лимфа тугунлари билан яхши таъминлангани боис касаллик ёш болаларда кўп учрайди.

Ҳиқилдоқ яллиғланишида уч хил белги кузатилади:

Яъни оғир йўтал, бўғилиб нафас олиш ва овоз бўғилиши. Ларингит касаллиги турли вирус, бактерия, стрептотокк, доимий овоз зўриқиши, ўткир газли моддалардан нафас олиш, томоқ яхши намланмай қуриб қолиши, овоз боғламларининг деформацияси (нуқсони) ва уларнинг жарроҳлик операциясидан шикастланиши натижасида ҳам содир бўлади. Шунингдек, ушбу хасталик ўта иссиқ ёки совуқ овқат ҳамда ичимлик ичиш, цитрус мевалар (лимон, апельсин, мандарин, киви, грейпфрут), ширинлик­лар (асал, конфет, шоколад, торт, ширин пишириқлар), ел (газ) қўзғовчи дуккаклилар (мош, нўхат, ловия, соя), тухум, ёнғоқ, писта, бодом, ерёнғоқларни , қизил рангли маҳсулотларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади. Бу касалликнинг келиб чиқишига эпидемиологик вазият, куз-қиш фасллари, болаларнинг ёши ва яшаш шароити ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Яна ўқинг:  Соғлом руҳ танни даволайди

– Хасталикнинг илк белгилари қандай кечади?

– Мазкур хасталикнинг дастлабки босқичида бола хирилдоқ овозда йўталади. У шовқинли нафас олади, безовталанади. Бундай ҳолларда ўткир респиратор вирусли инфекция босқичма-босқич юзага келади. Бола дарҳол юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилиши керак. Бемор тиббий кўрикдан ўтказилганда овози бўғилишидан ташқари, тана ҳарорати кўтарилиши, бурун оқиши, кўз ёшланиши (коньюктивит) белгилари кузатилиши мумкин. Оғир ҳолатларда бемор талвасага тушади.

Агар болада рахит, камқонлик, диатез (чилла яра) касалликлари,ЎРВИ ва грипп сабабли юқори ва қуйи нафас аъзоларида яллиғланиш белгилари кузатилса, уни ўз вақтида даволаш, парҳезга қаттиқ риоя қилиш керак. Грипп эпидемияси вақтида болани у соғлом пайтида албатта ушбу касалликка қарши эмлатиш лозим. Овоз боғламини ҳам зўриқтирмаслик лозим.

– Ларингитни уй шароитида даволаса бўладими? Нима сабабдан ушбу касаллик билан оғриган бемор томоғини (Люголь эритмаси ёки бошқа дори воситаси билан) артиш мумкин эмас?

– Бу касалликни уй шароитида даволаш тавсия қилинмайди. Дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим. Шифокор келгунга қадар боланинг оёғига иссиқ ёки буғли ванна қилинади. Шифохона шароитида ишқорли ингаляция ўтказилади. Қолган муолажалар боланинг аҳволига қараб тавсия этилади. Вақтида шифокорга мурожаат қилсангиз, бола 4-5 кунда батамом соғайиб кетади. Акс ҳолда ҳар хил асоратларга, яъни қулоқ шиллиқ пардасининг яллиғланиши (отит), бурун шиллиқ пардасининг яллиғланиши (ринит), бронхларнинг яллиғланиши (бронхит), пневмония (зотилжам) касалликларига олиб келиши мумкин. Ларингит билан оғриган бемор боланинг томоғини артиш мумкин эмас. Чунки, бу соҳани артиш пайтида товуш пайлари янада торайиб, шишиб, унинг тирқиши бекилиб қолиши мумкин. Бундан ташқари болаларнинг нафас йўллари тор бўлиб, шиллиқ қават шикастланиши туфайли бу соҳа янада шишиб кетади.

– Қандай даво чоралари кўрилади?

– Беморларга биринчи навбатда парҳез қилиш, кўпроқ илиқ ҳолдаги суюқлик ичиш тавсия этилади. Даволаш жараёнида ингаляция, балғам кўчириш ва вирусли инфекцияга қарши воситалардан фойдаланилади. Уч ёшгача бўлган болаларни ўткир респиратор инфекциялардан сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, уларнинг иммунитетини ошириш чора-тадбирларини шифокор тавсиясига қатъий амал қилган ҳолда бажариш зарур.

Ларингит касаллиги профилактикасида болаларни чиниқтириш ҳамда нафас йўллари гимнастикаси катта аҳамиятга эга. Эрталабки бадантарбия ҳам кичкинтойнинг соғлиғини тиклашда муҳим аҳамиятга эга.

Яна ўқинг:  Турли дориларни бир вақтда қабул қилиш салбий оқибатларга олиб келади

Ҳа, “Қаеринг оғриса, жон шу ерда”,– дейди доно халқимиз. Умримиз мазмуни бўлган болажонлар асло хасталанмасин. Уларнинг соғлиғи нафақат бизнинг балки бутун жамиятнинг бебаҳо бойлиги ҳисоб­ланади.

Жамила ҲАЙДАРОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: