Крахмалнинг қандай зарари бор?

Крахмал (шиллиқ модда) бу полисахарид бўлиб, организмда узоқ вақт давомида қийин ҳазм бўлади. Бундай мураккаб жараёндан сўнг ушбу модда глюкозага айланади. У кундалик истеъмол қилинадиган маҳсулотлар таркибида бор. Яъни, гуруч, буғдой, ун, сули ёрмаси, маккажўхори, оқ ва қора нон, макарон, картошка ва ҳакозолар шулар жумласидан.

Бундан ташқари крахмалдан турли овқатлар, озиқ-овқат маҳсулотларининг тайёрланишида ва уларга ишлов беришда фойдаланилади (консервалар, йогуртлар, музқаймоқлар ҳамда десертлар). Келиб чиқиши табиий бўлган бундай кўринишдаги углеводни истеъмол қилиш ҳаддан зиёд ошиб кетмаса, унинг организмга зарарли таъсири кузатилмайди. Қачонки унинг миқдори кўпайса, крахмалнинг зарари кўзга ташланади. Чунки бундай ҳолатда у қийин ҳазм бўлади, ичакларда узоқ туради ва шиллиқ қаватлар юзасида хилтлар ҳосил қилади. Айниқса, крахмални ёғли овқатларга қўшганда, яъни, картошкали чипслар ва пишириқлар тайёрлашда кузатилади.

Рафинадланган крахмалнинг ҳам зарарли томони бор. Бундай маҳсулот организмда инсулин моддаси миқдорини ошиб кетишига ва томирларда салбий ўзгаришлар юзага келишига ҳамда кўриш қобилиятининг пасайишига сабаб бўлади.

Овқат рационида рафинадланган крахмал миқдорининг кўпайиб кетиши натижасида кўнгил айниши, қайт қилиш, меъда фаолиятининг бузилиши келиб чиқади. Кўп миқдорда рафинадланган крахмал (таркибида крахмал бўлган маҳсулотлар термик ишлов берилганда) истеъмол қилинганда ўсма касалликларини келтириб чиқаради.

Натижада қон томирлари деворининг юпқалашиб кетишига олиб келади. Бундай муаммолар келиб чиқмаслиги учун имкон даражада табиий кўринишдаги крахмал (гуруч, йирик тортилган ундан тайёрланган нон, қайнатилган картошка, сули) тановул қилиш лозим.

Бундай маҳсулотлар умумий овқат рационининг унча кўп бўлмаган қисми, яъни 20-30 фоизини ташкил қилишига эътибор бериш керак. Ана шундагина крахмал организмга жиддий зарар келтирмайди. Болаларга крахмалли озиқ-овқат маҳсулотларини кам миқдорда бериш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, ҳомиладор аёлларга (айниқса, уларда ичнинг дам бўлиши ва қабзият кузатилганда) унинг истеъмолини чеклаш тавсия этилади.

 

Фотима МУҲИТДИНОВА,

Сайёра МУЛЛАЕВА,

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари

Яна ўқинг:  Каркадэнинг шифобахш хусусиятларини биласизми?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: