Кўзлар – қалб кўзгуси

Унинг равшанлиги инсон саломатлигига боғлиқ

Глаукома – назла, кўксув касаллиги қадим замонлардан маълум.

Унинг дастлабки белгиларини машҳур тиббиёт алломаларидан Гиппократ Абу Али ибн Сино, ўз асарларида қайд этган. Глаукома (юнонча “glaukos” – кўкимтир-яшил деган сўз) кўрликка олиб келувчи хасталик ҳисобланади.

Бу касаллик оғир кечувчи кўз касаллиги бўлиб, кўз ички босимининг доимий ёки вақти-вақти билан кўтарилиши натижасида кўз ички суюқлиги йўлида, тўр парда ва кўрув асаб толасида салбий ўзгаришлар ривожланиши билан кечади. Янги туғилган чақалоқлар, ўрта ва катта ёшли одамларда ҳам ушбу касаллик учраши мумкин. Туғма глаукома 10-20 минг нафар чақалоқларнинг 1 фоизида учрайди. Аҳолининг 0,1фоизи 40-45 ёшли кишиларда, 50-60 ёшлиларда 1,5 фоиз, 75 ёшдан катталарда 3 фоиз даражада кузатилади.

Касаллик кўрув асаб толаси диски соҳасининг зарарланиши туфайли юзага келади. Кўрув асаб толаси кўз орқали олинадиган ахборотларни бош мияга етказиб беришга хизмат қилади. Беморларда кўрув асаб толасининг шикастланиши секинлик билан кечади ва кўрув майдонининг торайишига олиб келади. Бу ҳолат оғриқсиз кечгани сабабли касалликнинг бошланғич даврларида эътиборсиз қолиб кетади. Баъзи ҳолларда юқори ҳисобланмаган кўз ички босими бўлганда ҳам глаукома ривожланиши мумкин. Бундай ҳолларда шахсий номутаносиблик ҳақида гап бориши мумкин.

Хасталик кўпинча иккала кўзни зарарлайди. Агар даво муолажалари ўз вақтида ўтказилмас экан, беморда кўриш қобилиятининг кескин пасайиши кузатилади ва бутунлай кўрликка сабаб бўлади. Глаукоманинг 60га яқин тури мавжуд. Аммо улар орасида бирламчи очиқ бурчакли глаукома энг кўп ҳолларда учрайди. Ушбу касаллик узоқ вақтгача юзага чиқмай ривожланиши ва бемор касллик белгиларини сеза бошлаганда касаллик жуда ўтиб кетган бўлиши билан хавфлидир. Ушбу хасталик инсон ёшига боғлиқ бўлиб, аксарият ҳолларда кўз ички босими ошиши билан намоён бўлади.

Агар глаукомага хос ўзгаришлар кўтарилмаган кўз ички босими таъсирида кузатилса, бундай ҳолат нормал (псевдонормал) босим глаукомаси дейилади.

Офтальмогипертензия – бу шундай ҳолатки, бунда кўз ички босими кўтарилган бўлса ҳам кўрув асаб толасининг глаукомага хос ўзгаришлари қайд қилинмайди.

Иккиламчи глаукома деганда қандайдир бошқа бир каслаллик ёки турли шикастлар натижасида кўз ички босимининг ошиши ва бунинг оқибатида кўрув асаб толасининг зарарланиши тушунилади.

Яна ўқинг:  Нима учун паст тезликдаги интернет соғлиқ учун хавфли?

Туғма глаукома – нисбатан кам учрайдиган касаллик бўлиб, глаукомага хос ўзгаришлар чақалоқ туғилгандан бироз кейин ривожланади.

Ёпиқ бурчакли глаукома одатда ўткир ва бирданига кўз ички босими ошиши билан кечади.

ХАСТАЛИК САБАБЛАРИ

Глаукомага олиб келувчи сабаблар ҳанузгача тўлиқ ўрганилмаган. Аммо бу касалликка сабаб юқори кўз ички босимига ирсий мойиллик ҳисобланади.

Кўз олмаси шакли ва унинг баъзи функцияларини сақлаб туриш учун маълум бир босим лозим. Нормада кўз босими 16 дан 26 мм симоб устунига тенг бўлади. Юқори кўз ички босими кўпинча кўрув асаб толасининг шикастланишига олиб келади.

Шунингдек, глаукома кўпроқ ёши катта бемор(60 ёшдан катта)ларга хос ва 40 ёшгача бўлган одамларда камдан-кам ҳолатларда учрайди. Инсон ёши улғайган сари ҳар ўн йилда глаукомага учраш эҳтимоли икки баробар ошади.

Агар яқин қариндошлар орасида глаукомага чалинган бемор бўлса, бундай инсонларда глаукоманинг учраш эҳтимоли анча юқори бўлади.

Миопияга учраган инсонларда ҳам глаукоманинг учраш эҳтимоли 2-4 баробар кўп.

Кўз гавҳари юзасида кулранг таначаларни офтальмолог биомикроскопия пайтида аниқлаши мумкин. Бу эксфолиатив синдром дейилади.

Монголоид ирқига мансуб кишиларнинг кўзида тўқ рангли рангдор парда кўп кузатилади. Ушбу сабабга кўра ҳам касаллик ривожланишига шароит яратилади.

Кўзнинг сурункали касалликлари ва гормонал препаратларни узоқ муддат қабул қилиш натижасида ҳам глаукоманинг ривожланиш эҳтимоли кучаяди.

Атеросклероз ва артериал гипертония(қон босимининг юқори бўлиши) кўз ичида қон айланишининг бузилишига сабаб бўлади ва шу билан бирга глаукомани келтириб чиқаради.

КАСАЛЛИКНИНГ ЎТКИР ХУРУЖИ

Қаттиқ руҳий зўриқиш(стресс), толиқиш, қоронғи жойда узоқ муддат қолиб кетиш, қорачиқни дори воситалари билан кенгайтириш, бошни энгаштирган ҳолатда узоқ ишлаш, суюқликни кўп истеъмол қилиш ҳам глаукоманинг ўткир хуружига сабаб бўлади.

Кўпинча эрталаб беморнинг кўзи қаттиқ оғрийди. Оғриқ бошнинг ярмига (пешона ва чакка суякларига) тарқалади. Бемор безовта бўлади, кўнгли айнийди, баъзан қайтқилади. Кўз хиралашади ёки кўрмай қолади. Кўздан ёш оқади. Бемор кўзни очолмай қолади.

Кўз олмасининг олдинги қисмида қон томирлар кенгайиб кетгани сабабли кўз қип-қизил тусга киради, шоҳпарда хиралашади. Кўз қорачиғи кенгайиб кетади ва ёруғликни сезмайди. Кўз ички босими 60-80 мм симоб устунигача(норма 16-26 мм симоб устуни) кўтарилиши мумкин. Кўзни пайпаслаб кўрилганида тошдек қаттиқ бўлади. Бундай ҳолларда кўз кўр бўлиб қолмаслиги учун тезда шифокорга мурожаат этиш зарур. Глаукоманинг ўткир хуружи фақат жарроҳлик йўли билан даволанади. Касалликни эрта аниқлаш учун 35 ёшдан катта одамларнинг кўзи ички босимини йилда бир ёки икки марта ўлчаш зарур.

Яна ўқинг:  Саратоннинг олдини олишда 12 та тавсия

ГЛАУКОМА ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАР БИЛАН КЕЧАДИ?

Беморнинг вақти-вақти билан боши оғрийди, кўзи хиралашади, баъзан кўз олдида парда ҳосил бўлиб, электр-чироқ атрофида рангдор ёйлар пайдо бўлади. Бемор кўз косасида оғирлик сезади, унинг кўзи бир оз ёшланганга ўхшайди. Лекин рўмолча билан артилса, ҳеч қандай ёш бўлмайди. Асосан бемор эрталаб ўрнидан турган пайтида кўз вақти-вақти билан хиралашади, кўз олдига парда тутганга ўхшаб туюлади. Бу ҳолатлар тез ўтиб кетади. У чироққа қараганда унинг атрофида турли рангдаги ёйсимон доиралар кўринади. Хаста киши кўзини юмганидан кейин ҳам бу рангли доиралар йўқолмайди. Баъзан одам иш учун тақиладиган кўзойнакни тез-тез алмаштириб туришга мажбур бўлади, бу ҳам глаукома аломатидир (одатда кўзойнакни 3-5 йилда алмаштириш керак).

ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

Ҳозирги пайтда маълум бўлган ҳеч бир усул глаукомани даволай олмайди ва кўриш ўткирлиги пасайиши қайтмас ҳолат бўлиб ҳисобланади. Аммо касалликни ривожланишига таъсир ўтказиш, яъни кўрув асаб толаси зарарланишини секинлаштириш ёки тўхтатиш имкони бор. Асосий даволаш кўз ички босимини пасайтиришга қаратилади. Бунинг учун биринчи навбатдаги кўз томчиларидан фойдаланилади.

Фақатгина врач буюрган кўз томчиларинигина қўллаш муҳим аҳамиятга эга.

Бу кўриш қобилияти пасайишини камайтиради. Агар кўз томчилари самараси кам бўлса ёки уларни қўллаш имкони бўлмаса, бундай ҳолларда кўз шифокори беморга лазер ёки жарроҳлик усулларида даволанишни тавсия этади. Беморга қайси усул энг маъқул бўлишини шифокор – мутахассис хаста кишининг ёши, унда яна бошқа касалликлар мавжудлигини ҳам эътиборга олиб, яна касаллик даражаси ва организмнинг бошқа ўзига хос хусусиятларини ҳам инобатга олган ҳолда ҳал қилади.

Хулоса қилиб айтганда глаукома – умрбод беморга ҳамроҳ бўлади. Глаукома билан касалланган беморлар доимо офтольмолог назоратида бўлишлари ва 3 ойда 1 марта кўз шифокори қабулига чиқишлари шарт.

ТАВСИЯЛАР

Ҳар бир инсон қаттиқ руҳий зўриқиш (стресс), депрессия (руҳий тушкунлик) ва кучли толиқишдан сақланиши керак.

Беморлар 10 кг дан оғир юк кўтармаслиги керак. Бошни энгаштирган ҳолатда ўтириши мумкин эмас. Телевизорни кўраётганда хонадаги чироқни ўчириб кўрманг.

Ўқиётганда ёки бошқа кўриш билан боғлиқ ишларда ҳар соатда 10-15 дақиқа танаффус қилинг. Ёшингизга мос оқилона овқатланинг: сабзовотли таомлар, балиқ маҳсулотлари, хом сабзавотлар ва ҳўл мевалар жуда фойдали. Шакар ва ҳайвон ёғларини камайтиринг.

Яна ўқинг:  ЎЗ ВАҚТИДА ҚЎЙИЛГАН ТАШХИС УМРНИ УЗАЙТИРАДИ

Суюқликни камайтириш шарт эмас. Фақат бир ичишда бир стакандан ортиқ суюқлик ичиш мумкин эмас. Агар кашанда бўлсангиз, дарҳол чекишни ташланг – никотин кўзларингиз учун жуда ҳам зарарли.

Кўйлагингиз ёқаси, галстугингиз бўйнингизни сиқишига йўл қўйманг. Бу бош мия ва бўйин соҳасида қон айланишини қийинлаштиради.

Уйқу ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ётишдан олдин кечки сайр қилишга одатланинг. Агар уйқингиз ёмон бўлса, ухлашдан олдин 2-3 чой қошиқ асал еб, кейин илиқ сув ичинг. Шунингдек, илиқ оёқ ванналари ҳам уйқунгизни тиниқ бўлишига ёрдам беради. Шифокор буюрган кўз томчиларини ўз вақтида томизинг. Агар бирор ёққа кетадиган бўлсангиз томчи дорингизни ўзингиз билан бирга олиб кетишни унутманг.

Азиз юртдошлар! Шифокор қабулига ўз вақтида чиқинг. Бу сизни кўзларингиз яна равшан кўришига имкон беради.

Дилфуза УСМОНХЎЖАЕВА,

Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани 46-оилавий поликлиника олий тоифали офтальмологи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: