КЎКРАК СУТИНИНГ БОЛА ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ

Она сутини кўпайтирадиган табиий усуллар

Маълумки, она сути гўдак учун энг табиий ва мақбул озуқа. Кўкрак сутининг таркибида чақалоқнинг соғлом униб ўсиши учун зарур бўлган ҳамма микро ва макро элементлардан ташқари уни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи антитаначалар мавжуд. Айниқса, янги туғилган миттивой уч кун давомида онасининг оғиз сутидан баҳраманд бўлади. Оғиз сути эса худди дастлабки эмлашдай жажжи организмга ижобий таъсир этади. Яна она сути таркибидаги тоуринг моддаси эса боланинг ақлий салоҳияти шаклланишида жуда катта аҳамиятга эга.

Кўкрак сутини эмаётган болаларнинг иммунитети (касалликларга қарши чидамлилиги) юқори бўлади. Яъни, улар айрим сабабларга кўра сунъий сутли аралашмалар билан боқилаётган тенгдошларига нисбатан анчагина дуркун ва соғлом ўсишади. Шунингдек, эмизиб боқиш она ва бола ўртасида меҳр ришталарини боғлайди. Эмизиш туғруқдан сўнг янги бўшанган аёлда бачадонининг тез қисқариб, асл ҳолига келишига кўмаклашади. Она ҳар гал гўдагини бағрига босиб эмизар экан қалбида нафақат унга нисбатан, балки атрофидаги барча инсонларга нисбатан улкан меҳрни туяди.

Чақалоқни эмизиш онанинг асабларини тинчлантиради. Уйда оила аъзоларининг барчаси эмизикли гўдаги бор онани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур. Чунки, аёл тунда ҳам гўдакнинг талабига қараб 2-3 марта баъзан эса ундан кўпроқ ҳам ширин уйқусини бузиб эмизишга мажбур бўлади. Шу сабабли аёл кундуз кунлари асаблари тинчланиши ва она сути меъёрда ажралиб туриши учун тўйиб ухлаши шарт.

Бунинг учун оилада уни яқинлари тўғри тушуниб, она ва боланинг руҳий хотиржамлиги учун шароит яратиб беришлари лозим. Гўдагини эмизиб боқаётган она кундалик таомномасига ҳам эътиборли бўлишлари керак. Чунки, тўйимли ва сифатли овқатланиш нафақат она сутини кўпайтиради, балки онанинг туғруқдан сўнг тезроқ ўзини тиклаб олишига ёрдам беради. Эмизиб боқиш она учун туғруқдан кейин қон кетишларининг олдини олади. Сабаби бачадон бу жараён давомида тезроқ тикланади. Яна она сути билан эмизиб боқиш аёлда тухумдонлар ва кўкрак саратонининг олдини олади. Ҳомиладорлик даври ва ундан кейинги туғруқ жараёни, шунингдек, эмизиш давомида онанинг организми буткул янги муҳитга мослашиб, гормонал жиҳатдан қайта тайёргарлик кўради. Бу эса она вужудига ҳар томонлама ижобий таъсир этади.

Яна ўқинг:  Табиатнинг марварид туҳфаси

Қуйида биз она сутини кўпайтирадиган табиий усуллар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Она гўдагини тез-тез эмизса ҳам кўкрак сутини кўпайишига замин яратади. Бир кунда 12 мартагача (агар чақалоқ 3 соатгача ухлаб қолса, уни уйғотиб эмизиш даркор) ва ундан кўп марта гўдакнинг талабига кўра она эмизиши шарт. Чунки, она сути ажралиб чиқишига масъул пролактин ва яна бачадон қисқаришига таъсир қилувчи гормон-окситоцин бу жараёнида иштирок этади. Айниқса, табиий туғруқ жараёнида окситацин кўп ажралиб чиқади. Бироқ, она гўдагини айрим сабабларга кўра Кесарча кесиш усули билан дунёга келтирган бўлса ундан кўкрак сути ажралиб чиқиши қийин бўлади. Чунки, окситоцин гормони сунъий туғруқ жараёнида табиий ҳолатдагисига ўхшаб қонга “отилиб” чиқмайди.

Гўдак кўкрак сути озлиги сабабли онасини камроқ эмиши мумкин. Аммо она чақалоқни тез-тез эмизишга ҳаракат қилиши керак. Гўдак эмсагина онанинг бош мияси сут ажралиши зарурлиги хусусида асаб толалари импульслари орқали “буюртма” олади. Ва натижада кўкрак сути ажралиб чиқа бошлайди. Бироқ, она ҳам шифокор ҳам бола тўймаяпти, деган хавотирда унга шишачада сунъий сутли аралашма бера бошласа чақалоқ осонгина оғзига қуйилаётган сутдан баҳраманд бўлади. Бу ҳолат уни дангаса қилиб қўяди. Гўдак онасини қийналиб эмиб ўтиргиси келмайди. Чунки, эмиш ундан меҳнат талаб этади.

Шунинг учун эмизикли онанинг атрофидагилари албатта боласини эмизиб боқиш муҳим эканлигини унга тушунтиришлари ва ўзига нисбатан ишонч пайдо бўлиши учун ёрдам беришлари зарур. Туғруқхонада илк бора гўдагини эмизиб боқаётган онага ҳамшира, доя ёки аёлнинг ҳамхонаси бўлган бирорта тажрибали она чақалоқни тўғри эмизишни ўргатиши керак. Сабаби эмиш давомида гўдак кўкракнинг жигарранг альвеоласини оғзи билан тўлиқ қамраб олмаса, у ҳаво ютиб юбориши мумкин. Бу эса унда ҳиқичоқ тутиши натижасида безовта бўлишига сабаб бўлади. Ҳиқичоқ ўтиб кетиши учун болани тик тутиш даркор. Ёки она қўлини совунлаб ювиб, унга зайтун мойи ёки бирорта стерил ўсимлик ёғи суртиб, гўдакнинг меъда соҳаси ва танасини енгил силаши даркор. Шунда унинг танаси бўшашади ва ҳиқичоқ енгил ўтади.

Оналар чақалоқларда аллергияга сабаб бўлувчи ва унинг ичакларида ел (газ) ҳосил қилувчи шунингдек, сут таркибини ўзгартирувчи озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишдан тийилишлари керак. Яъни, дуккаклилар (мош, ловия, нўхат, соя), газли ва сунъий бўёқли сувлар, дудланган, маринадланган (сиркали), шоколад, какао, кофе ва турли рангли қандолат маҳсулотлари, консерваланган балиқ, от ҳамда эчки, туя гўшти (улар қийин ҳазм бўлади ва бод қўзғайди), узум, қовун, тарвуз, бодринг, ўрик, саримсоқпиёз, хом оқ бошли ва кўк пиёз, цитрус мевалар, ерёнғоқ, қўзиқорин, ёнғоқни вақтинча тановул қилмаган маъқул.

Яна ўқинг:  Истисқо қандай касаллик?

Арпабодиённи чой ўрнида кун давомида ичиб юриш она сутини кўпайтиради. Сутли чой (ширчой), бир кунда 2 литргача суюқлик ичиш (иссиқ товуқ шўрва, ёғсиз мол гўштидан фрикаделкали ва тефтель шўрва, мастава ва шу каби суюқ овқатлар), олма, малина, олхўри, нок, олча, гилосли компотлар, сарёғли атала ва эмизикли аёл истеъмол қилиши мумкин бўлган маҳсулотлардан тайёрланган мурабболардан ҳам чой тайёрлаб ичиш она сути ажралиб чиқишига кўмаклашади. Яна сабзини қирғичдан ўтказиб, унинг шарбатига суюқ қаймоқ ёки сут солиб ичиш мумкин. Шолғом, салат барги ҳам кўкрак сутини кўпайтиради. Шунингдек, бу шарбатга мева-сабзавотлар, реза мевалар шарбатидан таъбга кўра аралаштирса бўлади. Қуён гўшти ҳам енгил ҳазм бўладиган парҳез маҳсулотлар сирасига киради. Балиқни эса димлаб пишириш тавсия этилади. Бу маҳсулотлар ҳам она ва бола саломатлиги учун муҳим. Творог, сут, қатиқ, қаймоқ, пишлоқ ва шу каби сут маҳсулотлари она организмининг кальцийга бўлган эҳтиёжини қондиради. Чунки, ўсаётган бола организми (айниқса, унинг суяк тизими мустаҳкамлиги учун бу модда катта аҳамиятга эга.

Жавдар ва қора кепакли ундан тайёрланган нон, сули, тариқ, арпа, манний ёрмаси каби маҳсулотлар эмизикли онани қабзиятдан асрайди. Лактация (сут ажралиши) камайганда кўк ва қора чойни вақтинча ичмаган маъқул. Унинг ўрнига табиий шарбатлар, газсиз минерал сув ва компот ичиш мақсадга мувофиқ. Эмизикли онага чекиш ва спиртли ичимликларни ичиш айниқса, гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш асло мумкин эмас. Чилла яра (диатез) хасталиги мавжуд гўдакнинг онаси жуда ҳам парҳезга эътиборли бўлиши керак. Чунки, юқорида номлари тилга олинган истеъмол қилиш мумкин бўлмаган маҳсулотлардан ташқари бемор боланинг онаси ҳар қандай қизил рангли озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотларни тановул этишдан тийилиши шарт. Акс ҳолда дард зўрайиб, оғир оқибатларга олиб келади. Пиво ҳам спиртли ичимлик ҳисобланади. Чунки, одам асаб тизими ва унинг жисму жонига зарар келтирувчи ёмон одатлар чақалоқда турли нуқсонлар ривожланишига сабаб бўлади. Унинг ҳам жисмонан ҳам руҳан камол топиши ортда қолади.

Болани тунда тез-тез эмизиш ҳам она сутини кўпайтиради. Чунки, тунда пролактин гормони кўп ажралиб чиқади. Мойчечак, лимон ўтининг сутли тиндирмаси, газанда (қичитқиўт), зира, арпабодиён, фенхель (доривор шивит) ва оддий шивит, момақаймоқ (қоқиўт) илдизи тиндирмаси, пиширилган саримсоқпиёз ва жамбил (тоғрайҳон) дамламаси ҳам сутни кўпайтиради. Юқорида номлари тилга олинган барча маҳсулотлар тиндирмасини 1-1, 5 ҳафта давомида овқатдан ярим соат ўтгач ичса бўлади. Арпабодиённи эса дамлаб кун давомида ичиш мумкин. Терининг тери билан контакти жараёнида яъни, янги бўшанган она гўдагини унинг қорнига ётқизиб қўйилса (гинеколог ёки доя ёрдам беради) чақалоқнинг стерил терисига она терисидан микрофлора ўтиб унинг иммунитетини оширади. Яна бу усул она сути кўпайишига ҳам ёрдам беради. Кейинчалик ҳам она ва бола сокин муҳитда териси терисига тегиб турса (бунда она енгил кийимда, гўдак эса битта таглик (памперс)да бўлиши зарур) доимо она сути етарли миқдорда ажралиши учун яна бир имкониятдир.

Яна ўқинг:  Асабдан ҳам тана ҳарорати кўтариладими?

Турп ва қизил лавлагини ичини ўйиб унга асал солиш керак. Ажралиб чиққан турп шарбатига қайнаб совутилган сув аралаштириб ичиш даркор. Бу маҳсулотлар ҳам она сутини кўпайтиради. Шунингдек, шивит ва арпабодиён дамламаси нафақат кўкрак сутини кўпайтиради, балки гўдак ичакларидаги санчиқни камайтириб, ел ҳам ҳайдайди.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: