Реклама

Кичик эътиборсизликнинг катта фожеаси

Жамшид уйдагиларнинг норозилигига қарамасдан Россияда ишлаш учун ўртоқлари билан бирга кетишга аҳд қилди. Ниҳоят у кўзлаган манзилга етиб келди. “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, деганларидек бу ерда пул топиш ҳам осон эмас экан.

Энг ёмони, битта хонадонда 15 нафар йигит яшайди. Ваннага қўйилган соқол олиш устаралари аралашиб кетганидан қайси бири ўзиники эканини ижарадагиларнинг ўзлари ҳам эслай олмайди. Аввалига Жамшиднинг бу ҳаётга ўрганиши қийин бўлди. Лекин у  бир ойда ҳаммасига кўникди. ”Нима қилибди, улар ҳам менга ўхшаган инсонку”, деган ўй кун келиб катта фожеага айланишини мусофир йигит ҳали билмас эди…

У икки йил ишлаб, ниҳоят уйига қайт­ди. Жамшид мўмайгина пул топ­ди. Ота-­онаси уни уйлантириш ҳаракатини бошлаб юборди. Қўшнисининг қизи унга турмушга чиқишга рози бўлди. Ота-оналарнинг қувончи эса чексиз эди.

Никоҳни қайд қилишдан олдин ёшлар тиббий кўрикдан ўтди. Йигит билан қиз бир олам орзу-ҳавас­лар билан тўй кунини кутишарди. Аммо шодиёна кунга уч кун қолганда ҳаммаси чаппасига айланиб кетди. Чунки йигитнинг ОИВга топширилган қон таҳлилининг натижаси ёмон чиққан эди.

Шифокорлар ОИВ инфекцияси борлигини аниқлашгач, касаллик қай йўл билан юққанлигини билишга ҳаракат қилишди. Турли саволлардан Жамшид эсанкираб қолди. У тўғри юриб, тўғри турган бўлса, ичмаса, чекмаса, тиббий муолажаларни олмаган бўлса. Тиббиёт ходимларининг “Яшаш шароитингиз қандай бўлган эди?” деган саволига у “15 нафар йигит билан бир хонада истиқомат қилгандик. Кимнинг қанақа нарсаси тўғри келса, ишлатиб кетиларди. Улар билан худди ака­укадек бўлиб қолгандик”, дея жавоб берди бемор. Мутахассислар касаллик ўчоғини аниқлагандай бўлишди…

Санчилувчи, кесувчи буюмлар ва шахсий гигиена воситалари, яъни соқол олиш, тирноқ тозалаш асбоблари, тиш чўткаси ва устаралардан умумий тарзда фойдаланганда инфекциянинг юқиш хавфи юқорилиги аниқланган. Жамшид эса ушбу гигиеник қоидаларнинг бирортасига ҳам амал қилмаган эди. “Ҳаммаси тугади”, дея бошини чангаллади у. Ота-онаси-ку адои тамом бўлишди. Уларнинг фикри хаёлида турфа ўйлар “ғужғон” эди. Энди улар маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар орасида нима деган одам бўлишади?!

Шу ўринда бундай бахтсизликнинг олдини олиш учун нималарга аҳамият бериш кераклиги ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтсак. Тиббий муолажаларни амалга оширишда стерилланган асбоб-анжом (гинекологик, стоматологик, жарроҳлик, косметологик ва бошқа)ларнинг ишлатилишини назорат қилиш ўта муҳим. Шунингдек, ўғил болаларни хатна қилганда, қиз болаларнинг қулоғини тештирганда бир марталик асбоб-анжомларнинг қандай ҳолда ишлатилишига аҳамият беринг. Мутахассислар бир марталик асбобларнинг қопламасини кўз олдингизда очишларини талаб этинг. Терига игна ёрдамида расм солдириш (татуировка) бу қайта тикланмайдиган жараёндир. Уни истаган вақтингизда ўчириб ташлай олмайсиз. Кейинчалик сизни афсуслантирадиган бу ёт “урф”га мутлақо берилманг! Пирсинг, татуажда бир марталик асбоб-анжомларнинг ишлатилишини назорат қилинг! Гиёҳванд модда­ларни ҳатто, қизиқиб татиб кўриш ҳам хавфли эканлигини асло унутманг! Тиш ювиш шёткаси, соқол олиш, тирноқ тозалаш асбоблари, устара каби шахсий гигиена воситаларидан бошқаларнинг фойдаланишига йўл қўйманг! Айниқса, бетартиб жинсий ҳаёт ушбу инфекцияни юқтириб олишга замин яратади.

Яна ўқинг:  ОРТИҚЧА ВАЗНГА САБАБ “ҲОМИЙЛИК”

Унутманг! Сизнинг соғлигингиз – оилангиз мустаҳкамлиги, унинг тотувлиги, бахти ва саодатидир.

Роҳила ЮСУПОВА,

Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш

 маркази бош шифокори ўринбосари

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: