Истисқо қандай касаллик?

Одам организмининг 50 фоизидан зиёдини сув ташкил этади. Сувдан ташқари, қон, лимфа, меъда шираси ҳам суюқликдан иборат. Айтиб ўтилган барча суюқликлар организмнинг яшаши учун жуда зарур. Улар доимий равишда ишлаб чиқарилади, организмдан турли йўллар билан чиқариб юборилади ва қайтадан ишлаб чиқарилади.

Ушбу табиий жараёнлар бир зумга бўлса ҳамки издан чиқса организм нормал функционал фаолиятини давом эттира олмай қолади. Бордию, номи юқорида тилга олинган суюқликларнинг айланиши бузилса нима бўлишини, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Тиббиётда бундай нохуш ҳолат негизида ривожланиши мумкин бўлган хасталикни «истисқо» деб аташади.

Баъзан одам кечаси меъёридан ортиқ даражада пиво, чой ва бошқа шу хилдаги суюқларни истеъмол қилса, эрталабга бориб, унинг бутун бадани шишиб кетади. Бунга сабаб организмда ортиқча миқдорда суюқлик йиғилиб қолишдир. Бир-икки соат ичида ана шу суюқлик организмдан пешоб, тер орқали чиқариб юборилгач барча шишлар тарқалади ва инсон яна аввалги ҳолатига қайтади. Бордию, кундалик меъёрда суюқлик истеъмол қиладиган одамнинг танаси, жумладан, оёқлари, бел ва юз соҳасида, хусусан, кўз остида шишлар пайдо бўлса, тери ўз рангини йўқотса ва бироз вақт ўтгач кўкимтир рангга кирса, ялтираб қолса, бадандаги излар бир неча соат давомида йўқолмасдан сақланиб турса, бу аломатларнинг барчаси зудлик билан шифокорга мурожаат этиш учун етарлича асос бўлади. Истисқо ривожланаётганидан дарак берувчи яна бир аломат бу одам баданининг ёғ тўпланадиган соҳалари (бел, сон)да маълум вақт давомида бармоқ билан босиб тургач пайдо бўладиган из узоқ сақланиб қолиши ҳисобланади.

Истисқонинг икки хили фарқланади: тўқималар орасида ва бўшлиқларда йиғиладиган суюқликлар.

Тўқималар орасида суюқлик йиғилиб қолса, буйрак, жигар, юрак каби аъзоларнинг функционал фаолиятида бирорта патологик жараёнлар ривожланаётганидан дарак беради. Камдан кам ҳолларда истисқо гормонал (жумладан, эстрогенлар ва қон томирларини кенгайтирувчи) препаратларни қабул қилишнинг ножўя таъсири сифатида пайдо бўлиши мумкин. Тўқималар орасида ривожланадиган истисқо сурункали тус олиши ва кейинчалик бу хусусият наслдан наслга ўтиши мумкин. Истисқо касаллигига чалинган одамнинг танасида 3 литрдан ортиқ миқдорда сув йиғилиб қоладиган бўлса, одамнинг беморлиги яққол кўзга ташлана бошлайди.

Бўшлиқлар, аниқроқ қилиб айтганда, зарарланган аъзо жойлашган соҳада сув (суюқлик) йиғилиб қолиши туфайли ривожланувчи истисқо кўпинча шамоллаш ва кейин­чалик яллиғланиш туфайли пайдо бўлади. Айрим вақтларда истисқо шикастланиш (жароҳат олиш) оқибати бўлади. Масалан, асцит – қорин бўшлиғидаги истисқо жигар циррози туфайли ривожланади; гидроцеле — моякларнинг шикастланиши, одатда орхит (яллиғланиш) ёхуд шу соҳага берилган кучли зарба таъсирида ривожланади.

Яна ўқинг:  Кам ухлайдиган болаларда диабет ривожланиши хавфи юқори бўлади

Организмда ортиқча сув(суюқлик) йиғилишининг оқибатлари қандай хавф туғдириши мумкин?

Ҳужайралар ва ҳужайралараро бўшлиқларда ортиқча суюқлик йиғилиши оқибатида организмнинг деярли барча аъзолари нормал функционал фаолият юритолмай қолади. Бош мия ёки ўпкаларда ортиқча суюқлик йиғилиб қолса оқибатда одам нобуд бўлиши мумкин. Тери остида ортиқча суюқлик тўпланадиган бўлса, вақт ўтиб тери ёрилади, узоқ вақтгача битмайдиган яралар пайдо бўлади. Натижада гангрена хасталигига олиб келади.

Касалликни даволаш

Истисқони даволашнинг икки услуби мавжуд. Биринчидан, катта шприц олиниб ортиқча суюқлик йиғилган жойда пункция қилинади ва суюқлик сўриб олинади. Бундай муолажа клиник шароитларда 1-2 дақиқа вақт талаб қилади. Бу услубнинг камчилиги шундаки, сўриб олинган суюқликнинг ўрни бир неча ой ёки йилдан сўнг қайтадан яна ортиқча суюқлик билан тўлади. Касалликнинг барча аломатлари қайтадан пайдо бўлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, истисқони даволашнинг бу услуби ҳар қандай вазиятларда ҳам қўлланилиши мумкин эмас. Бу усулдан фақатгина айрим ҳолларда, масалан, мояклар соҳасида тўпланиб қолган ортиқча суюқликни олиб ташлаш учун фойдаланса бўлади.

Иккинчи усулдан фойдаланилганда, аввало, касалликни келтириб чиқарган шароитлар, сабаблар ўрганилади. Бунинг учун буйрак, жигар ва сийдик пуфаги соҳалари ультра товуш тиббий ускунаси (УТТ) ёрдамида сканер қилинади. Шундан кейин электрокардиограмма (ЭКГ), баъзи вақтларда электроэнцефалограмма (ЭЭГ) қилинади, қондаги қанд, гормонлар миқдорини аниқлаш учун қон топширилади. Бундан ташқари, биокимёвий таҳлиллар ёрдамида беморнинг организмида моддалар алмашинуви жараёнлари қандай кечаётганини аниқлаш учун махсус тестлар ўтказилади. Барча муолажалар билан бир вақтда танадаги ортиқча суюқликни олиб ташлаш чоралари кўрилади. Айрим ҳолатларда, айниқса, бўшлиқларда тўпланадиган суюқликлар мавжудлиги аниқланса, жарроҳлик йўли билан тиббий ёрдам кўрсатилади.

Қандай парҳез тутиш керак?

Шифокор тана бўшлиқларида ортиқча суюқлик тўпланганини аниқласа, яъни «истисқо» деган ташхис қўйса, бемор алкоголли ичимликларни, тузламаларни, дудлаб тайёрланган маҳсулотларни, аччиқ ва баъзи бир зираворларни истеъмол қилишдан ўзини тийиши зарур.

Ёғда қовурилган ва жуда ёғли овқатларни, шунингдек, узоқ қайнатилган шўрвалар, сут, кофе ва чойни имкон қадар кам миқдорда истеъмол қилиш тавсия этилади. Қатиқ, ёғсиз пишлоқ, йогурт каби маҳсулотлар аксинча фойдали. Чанқоқни қовоқ шарбати билан босган маъқул.

Яна ўқинг:  Уй шароитида болаларнинг бўйи нормал ўсиши учун нима қилиш керак?

Бўшлиқлар соҳасидаги истисқони қандай даволаш мумкин?

– 1 кг петрушкани сирли кастрюлкага солинг ва 1.5 литр янги соғилган сут қўшинг. Шу тариқа тайёрланган маҳсулотни идиши билан духовкага қўйиб паст оловда қиздиринг. Суюқлик қаттиқ қайнаб кетиши мумкин эмас. Идишдаги суюқликнинг ярми қолганида оловни ўчиринг. Ҳосил бўлган суюқликни докада сузиб олинг ва ҳар соатда 1-2 ош қошиғида истеъмол қилинг. Тайёрланган дори воситасини кун давомида ичиб тугатиш керак. Бу жуда ҳам кучли пешоб ҳайдовчи восита бўлгани боис уни 10-12 ёшга тўлмаган ёш болаларга бериш тавсия этилмайди.

Юрак шишганида даволаниш

– 4 чой қошиқ зиғир уруғини олиб, устига 1 литр сув қуйинг ва 15 дақиқа давомида қайнатинг. Идишни оловдан олиб табиий толали бирон мато билан ўраб 1 соатгача тиндириб қўйинг. Бу дори воситасини докадан сузиб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Дамламани совутмасдан 1/2 дан ҳар икки соатда 6-8 маротаба ичиш керак. Даволаниш курсининг давомийлиги 2-3 ҳафта.

– 1 чой қошиқ миқдорида бўтакўз гулини олиб устидан 1 стакан қайноқ сув қуйинг ва 20 дақиқа давомида тиндириб қўйинг. Шундан кейин докада сузиб олинг. 1/3 — 1/2 стакандан овқатдан ярим соат олдин кунига 3 маротабадан ичинг.

Буйраклар шишса қандай даволаниш керак?

– Шолғомни арчиб пўстлоғини бирор идишга солинг. Унинг устига 3 стакан қайноқ сув қуйинг, идиш оғзини яхшилаб ёпинг ва духовкага қўйинг. Сув қайнаб кетмаслиги лозим. Шу тариқа дамлама 4 соат туриши зарур. Кейин дамламани докадан сузиб олиш ва кун давомида 1 стакандан ичиш керак.

– Қирқбўғин ва оқ қайиннинг куртакларидан тенг миқдорда олиб яхшилаб аралаштиринг. Ҳосил бўлган аралашмадан 1 ош қошиқ олиб термосга солинг. Унинг устига 1 стакан қайноқ сув солиб 20-25 дақиқа давомида дамланг ёки 15 дақиқа давомида аралашма солинган идишни сувга солиб, қайнатиб олинг. Дамламани совутиб, докадан сузиб олинг. Суюқлик жуда кам қолган бўлса, устига қайноқ сув қўшиб 1 стакангача етказинг. Дамламани кун мобайнида 3-4 маротаба 1/2 стакандан истеъмол қилинг.

Ҳалима РУСТАМОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: