Иллатлар илдиз отса, дунё залолатга ботади

Гиёҳвандлик инсон онгини заҳарлайди. Унга мойил бўлиб қолиш кишида руҳий, жисмоний қарамлик ва унинг маънавиятида жиддий салбий ўзгаришларни келтириб чиқаради. Бу иллат ижтимоий тушкунлик билан кечадиган касалликдир. Дунё бўйича наркотиклар гуруҳига доимий равишда янги моддалар қўшилиб келмоқда.

Гиёҳвандлик ўз ривожланишида уч босқични босиб ўтади. Ушбу зарарли иллатга шахс нима сабабдан боғланиб қолиши ва ота-она фарзандининг хулқ-атворида қандай салбий ўзгариш кечишини биладими ва дунё миқёсида ҳамда ҳукуматимиз томонидан гиёҳвандликка қарши қай усулда кураш олиб борилмоқда деган саволларга жавоб олиш мақсадида Республика Наркология марказининг шифокор-наркологи Жўрабек Тоировга мурожаат этдик:

– Биринчи босқич – наркотик моддага руҳий мойиллик пайдо бўлиши, ҳимоя жараёнларининг йўқолиши, гиёҳванд моддаларга чидамлиликнинг ошиши, уларнинг физиологик таъсири сақланган ҳолда гиёҳванд шахснинг мунтазам наркотик моддани қабул қилиши билан ифодаланади. Иккинчи босқич – наркотик моддага жисмоний мойиллик пайдо бўлиши, гиёҳванд моддага енгиб бўлмас даражада ҳирс қўйиш, унга бўлган чидамлиликнинг юқори даражага етиши, гиёҳванд моддалар таъсирининг ўзгариши (кўпинча қўзғалувчанликга олиб келувчи таъсири), шахс ўзгаришларининг пайдо бўлиши билан кузатилади. Учинчи босқич – бунда гиёҳванд моддаларга чидамлиликни пасайиши, уларнинг таъсири фақат “тетиклаштириш” даражасига етиши, шунинг учун беморларда гиёҳванд моддаларсиз яшай олмаслик хусусиятларининг пайдо бўлиши билан тавсифланади. Бундан ташқари хумор синдроми (яъни “ломка”) оғирлашиб, чўзилиб бориши, руҳий, соматик (ички касалликлар)нинг ривожланиши, оғир ижтимоий оқибатларнинг келиб чиқиши билан ифодаланади. Гиёҳвандлик – бу нафақат зарарли одатгина эмас, балки жуда қўрқинчли касаллик ва оиланинг мусибатидир.

Гиёҳванд моддани истеъмол қилувчилар доимо жиноятчиликга алоқадор бўлиб келишади. Уларнинг руҳиятининг бузилиши натижасида ҳаётлари тубдан ўзгариб, ўқиш ва ишни ташлайдилар. Оиласи ва ўз яқинларидан воз кечиб, жамиятимизга ёт бўлган худбин ҳамда тубан инсонлар билан дўстлашадилар. Гиёҳвандлик – оила ва жамиятнинг заволи бўлиб, уни даволаш жуда оғир ва узоқ вақт давом этадиган жараёндир. Бу касалликдан даволаниб кетиш учун беморнинг астойдил хоҳиши зарур ва унга кучли ирода керак бўлади. Ҳозирги кунда бутун ер юзида ёшлар ўртасида “спайс” номли кучли наркотик аралашма кенг тарқалиб бормоқда. Бу моддани бир маротаба истеъмол қилган кимса унга дарров боғланиб қолади. “Спайс” галлюциноген ва токсик(заҳарли) таъсирга эга наркотик воситадир. Наркотик сотувчи “даллол”лар бундай аралашмани интернет орқали тинчлантирувчи ва стресга қарши маҳсулот деб ҳам реклама қилишади. Табиий наркотик маҳсулотга нисбатан “спайс” 5-10 баробар кучли ҳисобланади. У истеъмол қилинганда беморда ўта юқори галлюцинация, руҳий бузилишлар, ваҳима, қўрқув кузатилади ҳамда унинг ҳаракатларида ўзини назорат қилиш йўқолиб, гиёҳванд шахснинг хулқи ҳам ёмон томонга тез ўзгаради. Беморда ўз жонига қасд қилиш иштиёқи пайдо бўлади. Масалан, беморнинг қулоғига турли хил “вос-вос” овозлар эшитилади.

Яна ўқинг:  Орамиздан оққан дарё

“Спайс”ни истеъмол қилиш инсон саломатлигига кучли таъсир қилади. Ундан жигар, юрак қон томир тизими, жинсий аъзолар, мия жуда зарар кўради. Хотира, фикрлаш пасаяди. Нашавандда аста-секин диққат-эътибор сусайиб кетади. Унда инсоний фазилатлар йўқолади. Агарда ўсмирларнинг хулқи ёмонлашиб, кайфияти ўзгарувчан бўлиб қолса ва саволларга тўхтаб-тўхтаб жавоб берса ёки у Сизни эшитмаса, кўз қорачиғи катта ёки кичик бўлса дарҳол нарколог-шифокорга мурожаат қилиш керак. Бу заҳри қотилни бир маротаба истеъмол қилган кимсанинг саккиз кеча-кундуз давомида пешобидан ушбу моддани аниқлаш мумкин. Бизнинг мамлакатимизда ва бошқа давлатларда “спайс”ни тарқатиш ва истеъмол қилиш таъқиқланган.

Гиёҳвандлар ўзларини ҳам руҳан ҳам жисмонан емиради. Касалланиш натижасида хаста кишида куч-ирода, меҳр-муҳаббат йўқолиб, фақатгина наркотикка бўлган кучли иштиёқ сақланиб қолади. Сўнгра биринчи ўринни жамиятга ёт бўлган турли зарарли иллатларга мойиллик ва жиноятга қўл уриш эгаллайди.

Мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда фаолият олиб борилмокда.

Ўзбекистон Республикаси 1995 йил февраль ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг наркотик моддалар ва психотроп воситаларни ноқонуний айланишига қарши кураш халқаро Конвенциясига қўшилди. 1999 йил мамлакатимизда “Наркотик моддалар ва психотроп воситалар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ўзбекистонда ҳозирги кунда Республика Наркология Маркази ва унинг вилоятлардаги наркологик диспансерлари ҳамда шифохоналари томонидан гиёҳвандликка чалинган беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Марказга гиёҳвандликка чалинган беморлар ихтиёрий равишда мурожаат қилишлари ва уч ойлик муолажалардан сўнг бу иллатдан фориғ бўлишлари мумкин. Зеро, инсонга бўлган меҳру муҳаббат, эътибор ва ҳурмат уни тезроқ соғайиб кетишига ижобий таъсир кўрсатади. Беморларни даволашда даво чора-тадбирлари руҳий ва жисмоний тобеликка қаратилган бўлади. Жисмоний тобелик дори воситалари билан даволанади. Руҳий тобеликни даволашда реабилитация бўлимларида психологлар ва психотерапевтлар кенг фаолият олиб бормоқда. Ҳозирда давлатимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан наркотик моддаларни тарқатувчи ва сотувчи шахсларнинг гуруҳлари аниқланиб, улар қўлга олинмоқда. Наркотик тутувчи ўсимликлар ўсувчи плантациялар йўқотилмокда. Гиёҳванд шахслардан олиб қўйилган наркотик моддалар ёндириб юборилмоқда. Бу иллат ҳар куни миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлади. Гиёҳвандлик, балоғат ёшига етмаганларни ўз ботқоғига тортиб кетмоқда. Шунинг учун ёшларимизга гиёҳванд моддаларнинг мазасини тотиб кўрмаслариданоқ унинг қандай балою азим эканлигини ҳамда ушбу заҳри қотилнинг ўта оғир ва мудҳиш оқибатлари ҳақидаги маълумотларни олдинроқ етказишимиз керак.

Яна ўқинг:  Эҳтиётсизлик хасталикка йўл очади

Гулчеҳра ШИРИНОВА

ёзиб олди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: