Реклама

Ҳаракат – ҳаётий қувват манбаи

Қадимдан машҳур тибет табиблари бўлмиш монах (зоҳид)лар сабоқ учун Будда монастирларига илк қадам қўйган ёш шогирдларининг албатта, тунда чап ёнбошда ётишларини қатъий назорат қилишган. Бу жойларда кечаси адашиб нотўғри, яъни ўнг ёнбош билан ухлаётган бўлажак монахларни яна тўғри ухлашга мажбур қилувчи назоратчилар фаолият юритишган.

Ушбу Шарқ донишмандларининг фикрига кўра бундай ҳолатда ухлаш инсон умрини узайтирар экан. Чунки кундузи қуёш қуввати ҳукмронлик қилади. Бу осмон жисми қуввати тананинг ўнг томонига мос келар экан. Тунда эса ой қуввати ҳукмронлик қилади. Тананинг чап томони ушбу фазо ёритқичи қуввати билан уйғунликда фаолият юритади. Шу сабабли кечаси вужудни қуёш қувватининг таъсиридан озод этиш учун чап ёнбошда ухлаш зарур, дея ўқитилади тибет таълимотида.

Замонавий тиббиёт соҳасида фаолият юритувчи шифокорлар эса чап ёнбошда ётиш юракка оғирлик қилади, дея огоҳлантиришади. Яқинда улар ҳам тунда ўнг томонда ухлаш ушбу аъзога худди осилиб қолгандай таъсир этади, дея фикр билдиришди. Америкалик олимларнинг хулосаларига кўра тунда киши мазза қилиб ухлаши учун гўдак эмаклаётган каби ҳолатда ётиши мақбул экан. Британиялик гастроэнтерологлар қоринга ётишни маслаҳат беришади. Чунки 1,5-2 соатдан сўнг меъдада ҳазм бўлган овқат меъда билан ўн икки бармоқ ичакни боғлаб турувчи қисмдан ичакка ўтади. Бир вақтнинг ўзида бу соҳага меъда ости безидан ҳазмни яхшиловчи ферментлар ҳамда ўт қопидан ўт суюқлиги ажралиб чиқади. Агар одам чалқанча ёки қоринга ётса ўт суюқлиги меъдага сизиб ўтади. Бундай ҳолатда инсон меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши (гастрит) касаллиги ёки унинг яраси каби оғир дардни орттириб олиши мумкин. Шу сабабли ухлашдан 4 соат олдин кечки таомни тамадди қилган мақсадга мувофиқдир. Агар бунинг иложи бўлмаса ўнг ёнбош билан ётиш керак. Шундагина меъдага ўт суюқлиги ўтиб кетмас экан ва у зарарланишдан ҳимояланади, дейишади англиялик шифокорлар.

Россиялик шифокорлар эса кўнгиллилар билан қизиқ тадқиқот ўтказишди. Екатерингбурглик олимлар инсон дунёнинг қайси томонига бош қўйиб ётса, тиниқиб ухлаши мумкинлигини аниқлашмоқчи эди. Улар кўнгиллиларга кенг ётоқхонада ҳар ким хоҳлаган томонига қараб ётиши мумкинлигини таклиф этишди. Қаттиқ толиққан тадқиқот иштирокчилари бошларини Шарқ томонга қўйиб донг қотиб ухлашди. Аммо, кечга томон асаби бузилган ёки нимадандир хавотирга тушганлар, уйқуларида бошларини шимол томонга ўгириб олишганини мутахассислар қайд этишди. Умуман олганда муқаддас ислом дини таълимотида қиблага оёқ узатиб ётиш гуноҳ саналади. Қибла эса ҳамиша қуёш ботган томонда бўлади. Дунё ўзи турли-туман қувват алмашинувидан иборатдир. Атрофимиздаги барча тирик жонзотлар ва жонсиз нарсалар ўзидан қувват ажратади.

Яна ўқинг:  Офтальмология йўналишида янги лойиҳа

Яна шуни таъкидлаш жоизки, қувватнинг биомеридианлар бўйлаб тўғри тарқалиши инсонни ёшартиради. Бунинг учун соат стрелкаси бўйича аста-секин қилинадиган машқлар мажмуаси мавжуд. Бу эса алоҳида мавзу. Унга кейинчалик батафсил тўхталиб ўтамиз. Шунингдек, бир ҳинд кинофильмида ибодатхонага зиёратга борган юзлаб зиёратчиларнинг тепаликдан пастликка қараб аста-секин юмалаб келаётганини кўрган эдим. Бу ҳам танадаги қувват меридианларини спиралсимон ҳаракатга келтиришдир аслида. Худди шундай тарзда Ўзбекистонинг айрим худудларида ҳам зиёратгоҳга борган одамлар тепаликдан ният қилиб пастга юмалашади. Хонада ҳам ўзингиз гилам устида уёқ-буёққа узоқ юмалаб, қувватингизни тикланг.

Аъзои бадандаги димланиб ётган ортиқча қувват ёки қувватсизлик сабабли бемор бўлган вужудга ҳужайра даражасида таъсир этган ҳаётбахш ҳаракат сабабли инсон организмидаги яширин кучлар юзага чиқса, не ажаб. Зеро, Мавлоно Жалолиддин Румий бежизга “Ичиндаги ичиндадир” дея айтмаган.

Бировнинг суқ билан бировга боқиши одамни йиқитади. Аъзои баданингизни ўраб турган тухумсимон ҳимоя қобиғи емирилади. Яъни, аурангиз тешилади. Терингиз шикастланса қон оққанидек, танангиздан ҳам ҳаётий қувват сизиб кетади. Ёмон одамнинг ўткир, тешиб юборгудек назари вужудингизни илма-тешик қилади. Бегона кўзларнинг зарарли нури худди лазер қуввати каби салбий таъсир этади. Ишонмасангиз сиздан узоқроқда кетаётган одамга ортидан қаттиқ тикилиб қарасангиз, беихтиёр у орқасига ўгирилади. Шунда одам ўзини жуда беҳол ҳис этади. Унинг қўл-оёқлари шалвираб, мажолсиз бўлиб қолади. Бемор уйқудан бош кўтармайди. Аммо, бу носоғлом уйқу унга ҳузур бағишламайди. Хаста кундан-кунга пилиги ўчган чироқдай бўлиб қолади.

Бундай салбий қувватни аввало кучли, илиқ душда камида бир соат давомида ювиб ташлаш даркор. Ювиниш учун атир совундан кўра бундай ҳолатда кир совун маъқул. Зеро, унда ишқор кўп. У баданни ёғ ва кирдан яхши тозалайди. Шунингдек, ўчоқ ёки тандирга ўт ёқиб, унинг гулханига узоқ боқиб ўтириш ҳам кишини поклайди. Шаҳарликлар эса дала ҳовлилардаги каминдан фойдаланишлари мумкин. Зиёратгоҳларга бориш, шифобахш булоқ сувларидан ичиб, оқар сувларда чўмилиш ҳам киши танасидаги ҳаётий қувватни тиклайди. Айниқса, тоғу тошларда оёқяланг юриш йил давомида сунъий толали либос, нотабиий чарм пойабзал, бетон уйлардаги биқиқ муҳит сабабли вужудингизда йиғилиб қолган салбий қувватдан танангизни халос этади. Ўзингизни худди онадан янги туғилган гўдакдай беғубор ҳис этасиз.

Яна ўқинг:  Тарғибот ишлари натижа бермаса...

Беҳудага альпинистлар тоғларга интилишмайди. Кимсасиз чўлу биёбонлар (у ерларда сизга чўпон-чўлиқлар ҳамроҳлик қилиши мумкин) ҳамда баланд тоғларда коинотдан улкан қувват келади. Инсон аслида жонли табиатнинг бир бўлагидир. Одамзот ер ва коинот билан уйғунликда яшасагина соғлом бўлиб, узоқ умр кўради. Аммо, тамаддуннинг шиддат билан ривожланиши сабабли инсоният томонидан янги-янги кашфиётлар қилинмоқда. Бу фан ва техниканинг энг илғор янгиликларидан бири бўлмиш пластик идишлар ҳам аслида одомзот учун янгилик ва улкан офат бўлди. Унинг балоси нафақат атроф-муҳитни, балки ҳозирда дунё уммонларини ҳам баҳайбат чиқиндихонага айлантирмоқда. Натижада она сайёрамизнинг улкан қувват манбаи бўлмиш океан ва денгизлар аста-секин сувдаги жонзотлар учун ҳаёт манбаи эмас, балки ҳалокат гирдобига айланмоқда. Бир сўз билан айтганда ҳар бир инсон ушбу экологик бўҳрон учун келажак авлод ҳаёти ва соғлиғига масъул ва жавобгардир.

Ҳамиша фикримиз соф, ниятларимиз пок бўлсин, азизлар. Атрофимизда фақатгина ижобий қувват айлансин. Зеро, зардўштийликнинг улуғ таълимоти бўлмиш “Авесто” битикларида ҳам эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал сабабли бу дунё барқарор бўлганлиги айтилади.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: