ГЎЗАЛЛИК – САЛОМАТЛИК БИЛАН УЙҒУН

ёки озиқ-овқат маҳсулотларининг организмга ижобий таъсири хусусида

Инсон тўрт мучаси соғлом бўлса у ўзини бардам-бақувват, ҳар ишга қодир ҳис этади. Ҳаётга қизиқиши ортиб, дунё кўзига янада гўзал кўринади. Чунки, халқимизда “Чирой – оғиздан киради” деган ибора бор. Агар одам ўз вақтида тўйимли ва сифатли овқатланса, тўйиб ухласа ҳамда кун тартибига риоя этиб дам олса, соғлом турмуш тарзига риоя этса ҳамиша соғлом бўлади. Соғлиқнинг ўзи ҳар биримиз учун улкан давлатдир. Шунингдек, оила аъзолармиз, жону жигарларимиз соғ-омон бўлса кўнглимиз хотиржам тортади. Ишимизда унум ва ривожланиш бўлади. Қуйида биз инсон саломатлиги учун муҳим бўлган айрим озиқ-овқат маҳсулотлари хусусида сизга маълумот берамиз.

ТЕРИНИ ЁШАРТИРУВЧИ САККИЗ ХИЛ МАҲСУЛОТ

Британиялик олимлар терини ёшартирувчи, тишлар ва сочнинг умумий ҳолатига ижобий таъсири этувчи 8хил маҳсулотининг номини эълон қилишди, дея хабар беради “Тиббиёт хабарномаси”.

Ошқовоқ уруғи – терининг умумий ҳолатини яхшилайди. Диетологларнинг айтишича унинг таркибидаги рух моддаси юз ва тана терисидаги ҳуснбузар ва маддали яраларни даволашда самарали таъсирга эга экан. Шунингдек, сочнинг тўкилиши ва жилоси йўқолишининг олдини олади.

Кресс салат (ошкўк) – юз терисини ёшартиради. Ушбу маҳсулот таркибидаги темир моддаси юзга соғлом кўриниш беради. Янги узилган ошкўкни эзиб тайёрланган бўтқа юз терисига суртилса ҳуснбузар ва маддали (йирингли) яраларни тузатади. Кресс — салатнинг сархил шарбати соч илдизига суртилса бошдаги қазғоққа фойдали.

Шунингдек, шифокорлар кўз касалликлари профилактикаси учун бу ошкўкни истеъмол қилишни тавсия этишади. Яна кресс салатни мунтазам тановвул қилиш ДНК “дезоксирибонуклеинкислота” – ирсий генлар мажмуаси шикастланишининг олдини олади.

Исмалоқ – кўз учун фойдали. Яна у тиш ва милкларни мустаҳкамлайди. Ҳар куни бир-икки стакан исмалоқ баргларини еб туриш керак.

Олма тиш эмалини чой, кофе ва қизил винодан қолган доғлардан тозалайди. Бундан кейин эса сизнинг табассумингиз янада жозибали бўлади. Шунингдек, бу мева оғиз бўшлиғини бадбўй ҳиддан тозалайди.

Яшил дуккаклилар – кўк ловия, кўк нўхат, мош, соя (мошдан йирикроқ дуккакли ўсимлик) таркибидаги кремний моддаси сочларининг қуюқ ва соғлом ўсишни таъминлайди.

Зиғир уруғи – терининг қипиқланиши ва қизаришини олдини олади. Бу маҳсулот таркибида омега-3 кислотаси бор. Ушбу кислота терининг намланиб туришига ёрдам беради. Қуруқ терини эса тез ажинлар қоплаб олади. Диетологлар зиғир уруғини кам миқдорда салат, йогурт ва хамирга қўшишни тавсия этадилар.

Яна ўқинг:  Savol bering, javob beramiz (2013-32)

Киви – экзотик маҳсулот ҳисоблансада ҳозир уни ўзимизнинг бозорларда ҳам кўп учратиш мумкин. Ушбу мева ҳам терини озиқлантириб, ёшартиради. Шу сабабли парҳезшунослар уни кундалик таомномаларга киритишни тавсия этадилар. Киви таркибида кўп миқдорда с витамини мавжуд. С дармондориси организмда коллаген ишлаб чиқаришда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, бу мевадан олинган шарбатдан юзга ниқоб қилиш мумкин. Унинг шарбати юз терисини таранг қилиб, ёшартиради.

Тухум – таомномада уйда боқилган товуқ тухумининг етарли миқдорда бўлиши ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки, унинг таркибидаги биотин моддаси — В гуруҳига кирувчи витамин тирноқларнинг тузилишига ижобий тасир этади. Яна сочлар ҳолатини ҳам яхшилайди. Биотин моддаси организмда етишмаса тери қуриб, мушаклар бўшаша бошлайди.

САЛАТЛАР ВА УЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДАГИ УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

Салат — турли маҳсулотлар, сабзавотлар, шунингдек, мевалар аралашмасидан майонез, қатиқ, ўсимлик ёғи аралаштириб тайёрланадиган хушхўр егулик. Салатларни турфа безатиб, дастурхонга тортиш мумкин. аммо салатлар албатта иштаҳа қўзғатишига эътибор қаратиш зарур. Уларни жуда чиройли, махсус идишларга ажойиб ва байрамона безатиб, сўнгра дастурхонга қўйсангиз таклиф этилган меҳмонлар ҳам сизнинг бекалик маҳоратингизга тан беради. Салат тайёрлашда бир хил маҳсулот ишлатилган бўлсада, унга қўшилган ингридиентлар қандай аралаштирилгани ва тўғралганига қараб, яна безатиш учун нималар қўллаганинггизга ҳамда яна қандай идишда дастурхонга тортишингизга қараб ҳам унинг мазаси турлича бўлиши мумкин.

Аралаштирилган, аралаштирилмаган ва устига соус қуйилган кўринишда салатлар тайёрланади. Юқорида таъкидлангандек биринчи ҳолатда салат учун тайёрланган маҳсулотлар аралаштирилади, иккинчи ҳолатда сабзавотлар аралаштирилмайди. Соусли салатлар тайёрлашда қирқилган майдаланган, кесилган ёки қирғичдан ўтказилган маҳсулотлар махсус идишлар ёки салат солинадиган турли шакл-шамойилдаги чинни ёки шиша, биллур буюмларга солиниб устидан соус қуйилади. Бу хил салатлар мева ёки сабзавотларнинг рангига қараб қават-қават ёки аралаштириб идишга солинади. Идишларга салатни солиб чиққанингиздан сўнг уни безатишга ҳам катта эътибор қаратасиз. Аммо салатнинг устидаги безак бутунлай уни ёпиб қўймаслиги керак. Ҳар нарсада меъёр зарур. Агар сиз дастурхонга турфа салат тортмоқчи бўлсангиз уни турлича безатинг. Хрен ўсимлиги, пиёз, гармдори, саримсоқпиёз каби ўзига хос таъмли маҳсулотларни салат устидан осон олинадиган қилиб идишга жойланг. Сабаби, ҳамма ҳам бу маҳсулотларни хуш кўравермайди.

Яна ўқинг:  Тетиклантирувчи машқлар самараси

Кўк пиёз, петрушка ва шивитни майдалаб тўғраб салат устиига сепиш мумкин. Лекин бу ош кўкларнинг сархил ва энди униб чиққан, навниҳол бандларини ювиб, бутунлигича салат устини безатиш ҳам мумкин. Помидорнинг кичикроқларини танлаб, олиб, уни халқасимон ёки бўлак-бўлак қилиб кесиш мумкин. Шунингдек, ундан қўзиқорин ва турли гуллар шаклини ясаш мумкин. Бодрингни эса юпқа, думалоқ шаклда тўғраш ёки ўртасини кесиб, икки бўлак бўлгач, ҳар бир бўлагини тож шаклида қирқиб чиқиш мумкин. Бу безак ҳам дастурхонга ўзгача кўрк беради.

Ширин булғори қалампирини сомонча, юлдузча ёки учбурчак шаклда тўғраш мумкин. Редиска, сабзи(хом ёки қайнатилган ҳолда) ва қайнатилган тухумдан ҳам салатлар учун чиройли ва турфа, байрамона безаклар тайёрлаш мумкин. Махсус ва япалоқ идишлардан ташқари салатларни узум, яшил салат, ошкўк, баргларига ҳам солиб дастурхонга қўйиш мумкин. Яна нон бўлаги, қуритилган нонқоқи, ветчина бўлаги, колбаса, пишлоқ устига қўйиб ҳамда ичи ўйиб тозаланган помидор ва бодрингга жойлаштириб, шунингдек, шакарли, қават-қават хамирдан тайёрланган саватчаларга ҳам салатларни солиб меҳмонларга туҳфа этиш мумкин.

ТАВСИЯЛАР

Қизил лавлаги ва сабзидан ташқари бошқа сабзавотларни тузли сувда қайнатган маъқул. Уларни эзилиб кетмасдан олдинроқ сувдан олинг. Шунда улардан тайёрланган салатлар иштаҳани очадиган ва чиройли кўринишга эга бўлади. Қайнатилган сабзавотлар тез тозаланиши учун уларни совуқ сувга чайиб олинг.

Балиқ ва гўштдан тайёрланган салатларга маринадланган мева ва сабзавотлар қўшинг.

Сабзавотлар таркибидаги витамин ва минерал моддалар яхши сақланиб қолсин десангиз, уларни сирли идишларда қайнатинг.

Тайёрлаган салатингизда С витамини кўпроқ сақланиб қолишини истасангиз шу заҳоти унга бир неча томчи лимон шарбати ёки сирка кислотаси томизинг.

Салат ёки винегрет хушбўй ва мазали бўлишини истасангиз унга бир оз муддат лимон пўстлоғини солиб қўйинг.

Салат номли катта, яшил баргли ошкўкни бевосита дастурхонга тортишдан олдин идишга солинг. Чунки, уни олдинроқ ювиб тайёрлаб қўйсангиз, сув ва сирка кислотаси таъсирида барглари сўлиб, қорамтирроқ тусга киради. Дастурхонга қўйсангиз кўримсиз ҳолатга келади.

Сабзавотлар эзилмай ва яхши пишишини истасангиз уларни оғзи ёпиқ идишда паст оловда пиширинг.

ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ САҚЛАШ УСУЛЛАРИ

Яна ўқинг:  АРИ чаққанда...

Кўпгина мевалар совуқни ёқтирмайди. Мисол учун, тропик мевалардан банан ва кивини хона ҳароратида сақлаш керак. Албатта бунда хона жуда иссиқ ва дим бўлмаслиги керак. Меваларни музлатгичга солишдан аввал озгина сирка кислотаси солинган сувда яхшилаб ювиш керак. Гўшт ва балиқни музлатгичнинг қуйи қисмида яъни, музхонасида сақлаган маъқул.

Мева ва сабзавотларни ёпиқ целофан пакетларда ёки идишларда қолдирманг. Чунки, уларга ҳаво кириб туриши керак.

Ошкўклар ҳамиша сархил бўлиши учун уларга намлик керак. Шунинг учун уларни совуқ сувда яхшилаб, тозалаб ювиб кейин қоғоз сочиққа зич қилиб ўраб қўйиш шарт. Сўнгра пластик халтачага солиб, музлатгичда сақлаш лозим. Картошкани салқинроқ жойда сақласангиз, кўкариб, бемаза бўлиб қолмайди. Шунинг учун иссиқ кунларда уни ҳам музлатгичнинг қуруқ ва совуқ жойида асраш лозим. Аммо жуда совуқда картошка музлаб қолади. Музлатилган картошка эригач қай аҳволга тушиши эса ҳаммага маълум.

Макарон, ун ва гуручни ёнида дафна (лавр) япроғи турса уларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилади.

Бир бўлак қанд ёки ярим ош қошиқ истеъмол содасини пиширилган сутга солсангиз узоқ муддат ачимайди.

Тухумларни кичикроқ қутиларга солиб устидан ёғоч қипиғи ёки қуруқ қумни кўмадиган қилиб сепиб қўйинг.

Туз нам тортиб қолмаслиги учун унга бир оз қуруқ шоли ёки гуруч аралаштириб қўйинг.

Ҳаво ўтказадиган қопни жуда шўр сувга солиб кейин уни қуритиб ун солиб қўйсангиз зараркунанда ҳашаротлар тегмайди.

Оқ ва қора нонни ёғоч идишнинг алоҳида-алоҳида қисмида сақлаш керак. Ёки бу маҳсулотларни сирли, қопқоқли идишда ҳаво ўтказадиган сочиқ ёки дастурхонга ўраб қўйиш керак. Нон солинган идишга олма, сабзи ёки картошка ҳам солиб қўйинг. Шунда нон юмшоқ ҳолда туради. Лекин бу сабзавотларни ҳар куни алмаштириб туриш зарур.

Гулчеҳра ШИРИНОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: