Гўшт ва гўшт маҳсулотлари расталарида: харидор қай жиҳатларга эътибор қаратиши лозим?

Тарихга назар ташласак, инсоният турли хавфли юқумли хасталиклардан азият чеккан.

Б ундай касалликлар қўзғатувчиларининг 75 фоизи ҳайвонлардан одамларга юқади. Жумладан, касалланган ҳайвон гўшти ва гўшт маҳсулотлари истеъмоли бу каби хасталик­ларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Пойтахтимиздаги “Эски Жўва” деҳқон бозори 2-сон ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси мудири, ветеринар-шифокор Алишер АҲМЕДОВ билан гўшт ва гўшт маҳсулотлари, уларнинг истеъмолга яроқлилиги ва уни сотиб олишда харидорлар асосан нималарга эътибор бериши лозимлиги ҳақида суҳбатлашдик:

– Алишер ака, дастлаб, муштарийларимизга ветеринария соҳасининг асосий вазифалари нималардан иборат эканлиги ҳақида қисқача айтиб ўтсангиз.

– Тиббиёт соҳасининг етакчи олимларидан бири шундай деган эди: “Тиббиёт инсонни даволаса, ветеринария инсониятни асрайди”. Шундан келиб чиқиб айтсак, ветеринариянинг асосий вазифаларидан бири аҳолини одам ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касаллик­лардан муҳофаза қилишдир.

Мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш, унинг самарали фаолият юритиши учун бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, улардан энг асосийси, Ўзбекистон Респуб­ликасининг “Ветеринария тўғрисида”ги қонунидир.

– Сўнгги йилларда соҳада қандай ислоҳотлар олиб борилди?

– Мустақилликдан сўнг ушбу йўналишда эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, республикамиздаги барча деҳқон бозорларида замонавий ветеринария лабораториялари ташкил қилиниб, улар керакли тиббий анжомлар, жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Бу эса аҳоли ўртасида куйдирги, бруцеллёз (оқсим) каби хавфли юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Сиз фаолият юритаётган 2-сон ветеринария-санитария экспертиза лабораториясининг асосий вазифалари нималарда иборат?

– Жамоамизда 8 нафар ходим фаолият олиб боради. Уларнинг асосий вазифаси бозорга сотиш учун келтирилган гўшт ва гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилигини ўз вақтида текшириш ва назорат қилиш ҳамда шу орқали аҳоли ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олишдан иборат. Шунингдек, бозорга сотиш учун келтирилган ҳайвонлар гўштини ветеринария маълумотномаси асосида сотилишини таъминлашдир.

– Мутахассис сифатида айтингчи, гўшт маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилигини қандай аниқлаш мумкин?

 

– Гўшт сотувга чиқарилишидан олдин ундан намуна олиниб, албатта, ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси текширувидан ўтказилади.

Текширув натижасига кўра, истеъмолга яроқли деб топилган ҳайвон гўшти белгиланган тартибда муҳрланиб, унга ветеринария хулосаси берилади. Маҳсулотни истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи бу ҳужжат харидорлар учун очиқ маълумот бўлиб хизмат қилади. Сотувчилар ушбу ҳужжат билан истеъмолчиларни таништиришга мажбурлиги қонунларда қатъий белгилаб қўйилган.

Шу ўринда айтиш керакки, гўштнинг ранги, унинг қандай сифатга эга эканлигини аниқлаб бермайди. Чунки, ҳайвоннинг ёши, жинсига қараб, гўштнинг ранги ва ҳолати турлича кўринишда бўлади. Масалан, боқилган ёш буқа гўшти оч қизил рангда ва унинг нимтаси таранг бўлади.Сигир гўшти қизил ва ёғлари сариқ рангда, қари мол гўшти эса сўлғин ва озғин бўлиб, ранги қизил тусда бўлади.

– Гўшт ва гўшт маҳсулотлари лабораторияда қандай текширувлардан ўтказилади?

Яна ўқинг:  ГУРУЧ – ҲАМ ОЗУҚА ҲАМ ДАВО

– Аввало бундай маҳсулотларнинг ветеринария маълумотномаси бўлиши шарт. Келтирилган гўштдан ҳар куни бозор ҳудудидаги лабораторияда намуна олиниб, агар маҳсулот истеъмолга яроқли деб топилса, унга тамға босилиб, хулоса берилади. Гўштнинг ранги ва унинг лимфа тугунларида ўзгаришлар бўлса ёки маҳсулотга нисбатан шубҳа туғилса, у бактероскопия ва биокимёвий текширувлардан ўтказилади. Бундай текширув молнинг қандай ҳолатда сў­йилгани ва гўштнинг сифатини аниқлаб беради.

– Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг сотилиши қандай талабларга мос бўлиши керак?

– Қассоб ёки сотувчи, аввало, ветеринария-санитария талабларига асосан махсус ки­йимда, тиббий кўрикдан ўтган бўлиш­лари, шунингдек, улар савдо жойларини тоза ва озода тутишлари талаб этилади. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини музлатгичларда сотилишини таъминлаш, унинг сифатини яхши сақланишида муҳимдир. Агар вақт ўтиб, унинг ранги ўзгарса, маҳсулот қайта лаборатория текширувидан ўтказилади.

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

 

Марям АҲМЕДОВА суҳбатлашди.

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: