Гемодиализ муолажаси қандай беморларда амалга оширилади?

Маълумотларга қараганда, буйрак билан боғлиқ бир неча касаллик турлари мавжуд. Булардан энг хавфлиси буйрак қуриши ҳисобланади. Глобаллашув жараёнида нотўғри турмуш тарзи ва ҳавонинг заҳарли тутунга тўйингани ушбу хасталикнинг кенг тарқалишига сабаб бўлмоқда.

Дунё бўйича буйрак етишмовчилиги касаллиги билан оғриган инсонлар гемодиализ олиш учун катта маблағ сарфлайди. Юртимизда эса ушбу муолажа ва керакли дори-дармонлар беморларга бепул тарқатилади.

Шу ўринда гемодиализ ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Гемодиализ – буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган хаста инсонлар учун буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, у беморнинг узоқ умр кўришини таъминлайди.

Бунда қон токсик (заҳарли) моддалардан тозаланади. Гемодиализ учун ишлатиладиган махсус материаллар хориждан келтирилади ва буларнинг барчаси беморларга ёрдам сифатида давлатимиз томонидан бепул тарқатилади.

 

2017 йилнинг 18 декабрида отам (Фарҳод Миралиев)нинг аҳволи оғирлашди, – дейди қибрайлик Малика Йўлдошева. – Қатор текширув ва лаборатория таҳлилларидан кейин унга иккала буйрак қуриши ташхиси қўйилди. Шифокорлар отамга фақат гемодиализ муолажаси ёрдам беришини айтди. Буйрак ишламагач, заҳарли моддалар қонга ўтиб кетади. Гемодиализ эса қонни тозалайди. Бу муолажа ҳар уч кунда амалга оширилади. Агар бемор бир марта гемодиализ олмаса, унинг аҳволи оғирлашади. Хуллас, ўтган йилнинг декабрь ойидан отам Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг гемодиализ бўлимида муолажа олиб келаётганди. Кейинги пайтларда шифохонада негадир муолажа учун зарур бўлган фильтр ва дори-дармонлар етишмай қолди. Отам бир гал гемодиализ олмагани сабабли аҳволи янада оғирлашди ва инсультни бошидан кечирди. Қолаверса, бу ҳолат уларнинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир этди.

 

Шифокорлардан нима учун айрим беморлар гемодиализ ололмаганини суриштирдик. Улар шифохонада беморлар сони кўплиги ва керакли бўлган дори-дармонлар баъзида етишмай қолаётганини айтишди.

 

– Бир вақтнинг ўзида марказимизда 388 нафар беморга муолажа қилинади, – дейди Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Бахтиёр Қосимов. – Бир муддат орада гемодиализ муолажаси учун зарур материалларни етказиб беришда узилишлар бўлди. Лекин муаммо тўлиқ ҳал этилиш арафасида. Тўғри, беморларимиз кўп. Шунинг учун уларни навбатга қўйиб, муолажалар ўтказяпмиз. Насиб қилса, яна битта диализ бўлимини очиш режалаштирилган. Бунинг учун жой ҳам тайёр. Ушбу бўлимимиз ишга тушса, беморларга янада енгиллик бўлади, дея умид қиламиз.

– Гемодиализ – даво чораси ҳисобланмайди, – дейди ушбу тиббиёт маркази нефролог шифокори Ботирали Норқулов. – У беморнинг умрини узайтиради, холос. Шу муолажа туфайли хаста инсоннинг умри 7-10 йилга узайиши мумкин. Бу фурсат беморга буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини қўллаш имконини беради. Бугунги кунда давлатимиз томонидан Республика шошилинч тиббий илмий марказида бепул буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Беморлар хоҳишларига кўра ушбу марказга мурожаат этишлари мумкин. Шифохонамизда гемодиализ олаётган хаста инсонларнинг рўйхати алоҳида кўриб чиқилади. Мақсад – беморда ушбу амалиётни вақтлироқ ўтказиб, уларни иложи борича тезроқ соғлом ҳаётга қайтаришдир.

 

Яна ўқинг:  Болаларни саратон касаллигидан асранг

Муолажа ўтказилмаса, унинг оқибати қандай бўлади?

Сурункали буйрак етишмовчилиги бир неча касалликлар оқибатида келиб чиқади. Буйраклар яллиғланиши, унда туз йиғилиб, тошга айланиши каби бир неча сабаблар туфайли ушбу аъзо иш фаолияти бузилади. Натижада буйраклар қонни тозалаб, танадан заҳарли моддаларни чиқариб юбориш вазифасини бажара олмайди. Шундай пайтда беморга гемодиализ муолажаси қўлланади. Бунда аппарат сунъий буйрак вазифасини бажаради. Қонни фильтрдан ўтказиб, уни токсик моддалардан тозалаб беради. Гемодиализ ўтказилиб турганда беморнинг умумий аҳволи оғирлашмайди.

 

– Бу ерга турмуш ўртоғимни олиб келганман, – дейди Зарифа опа. – Буйраги ишламай қолгани сабабли у киши гемодиализ муолажасини олаяпти. Ҳозирда эримнинг аҳволи анча яхши.

 

Дилдора БОЗОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: