ФИЗИОТЕРАПИЯ муолажалари иммунитетни кўтаради

Сув, қуёш, ҳаво, электр токи, озокерит ва бошқа шу каби физик омиллар инсон соғлиғини тиклашда муҳим аҳамиятга эга.

Физиотерапия йўналиши табиий ва инсон ҳосил қиладиган физик омилларнинг физиологик ва даволаш таъсирларини ўргатади. Организмнинг касалликка қарши чидамлигини ошириш, яъни табиий ва махсус иммунитетни ошириш хусусиятига эга. Организмда ҳар хил биологик фаол моддалар ҳосил бўлишига ёрдам беради. Жумладан, витамин Д, гистамин, ацетилхолин, церотонин ва бошқалар.

Физиотерапия – бу патогенетик ва симптоматик даволаш, яъни физик омиллар касаллик патогенезига ёки ривожланиш механизмига таъсир қилиб, уларнинг белгиларини, яъни симптомларини йўқотишга эгадир. Бундан ташқари, физиотерапевтик муолажалар билан касалликнинг олдини олиш – физиопрофилактика ҳам алоҳида ўрин тутади.

Физиопрофилактиканинг биринчи қисми – касалликнинг иккинчи қисми – касаллик асоратининг олдини олишдан иборат.

Физиотерапевтик муолажалар организмга тери ва шиллиқ қаватда жойлашган асаб толалари орқали таъсир қилиб, керакли аъзоларни қўзғатади. Бу турли муолажаларда турлича, баъзида тез, баъзида секин намоён бўлади.

Аввал физик омиллар энергиясининг организмга сўрилиши юз беради. Бунда физик омилларнинг танага таъсир қилиш чуқурлиги, тўқима тури, қайси тўқималарда энергия қай тарзда сўрилиши, иссиқликнинг пайдо бўлиши, ионазиция ҳодисаси, молекула ҳосил бўлади. Масалан, нурланиш вақтида нурлар эпидермисга бир неча микрон чуқурлигига кириб боради ва ўз йўлида сув молекулаларини кучли ионланишини ҳосил қилади, натижада, тўқималарда иссиқлик пайдо бўлади. Паст частотали импульс токлари ҳаракатланувчи асабларда 0,5-2 см чуқурликда ионларнинг доимий даражасини ўзгартиради, бунинг асосида ҳаракатлантирувчи қўзғатиш ёрдамида мушакларнинг қисилиши кузатилади.

Физик омиллар энергиясининг сўрилиши, ҳосил бўлган иссиқликнинг таъсири натижасида организмда биологик фаол моддалар пайдо бўлади. Бунда қон томирларининг кенгайиши, қон айланишининг кучайиши кузатилади, оқибатда юрак уриши тезлашади, баъзида беморларда қизиш ҳолатлари рўй беради. Бу организмнинг умумий реакциясидир.

Физик омилларнинг энергияси сўрилиши натижасида ҳосил бўладиган иссиқлик таъсирида ёки кучли иссиқлик энергияси таъсирида сегментар таъсир вужудга келади. Агарда уларнинг таъсири кам бўлса, унда терморегуляция тизими ишга тушиб, мушаклар таранглигини ва оксидланиш-қайтарилиши реакциясининг босқичини ўзгартиради.

Бир неча физик омиллар таъсирида қон айланиши тезлашиб, модда алмашинуви кучаяди – бу номахсус таъсирдир. Яъни, бир неча омиллар учун умумий бўлган таъсирдир. Шу билан бирга, ҳар бир физик омилларнинг ўзига хос махсус таъсири мавжуд. Масалан, фақат импульс токлари билан мушакларни қўзғатиш мумкин. УФО нурлари билан таъсир этганда “Д” витаминининг ҳосил бўлиши, ванналарнинг кимёвий таркибига қараб ўзига хос махсус таъсири бўлади.

Яна ўқинг:  Мижоз ва унинг хусусиятлари (давоми бор)

Физиотерапия муолажалари асосий ва қўшимча муолажалардан иборат. Асосий муолажалар ички аъзоларда касалликни қайтаришга қаратилган. Масалан, ДМВ буйрак усти безига таъсири натижасида гормонлар қонга яхши ажралиб чиқади. Электроуйқу қондаги қанд миқдорини камайтиради. Физиотерапевтик муолажалар организмнинг умумий ҳолатига, патологик жараён турига, унинг клиник ҳолатларига, босқичига, йўлдош касалликларга қараб тавсия этилади. Физик омиллар миқдорини белгилаётганда беморнинг шу вақтдаги ҳолатига, патологик жараённинг белгиларига, организмнинг сезувчанлигига эътибор бериш лозим.

Эсда тутиш керакки, физиомуолажаларни асосан кичик жадалликда бериш мақсадга мувофиқ. Муолажаларни кичик дозада бериш ҳужайра фаолиятини қўзғатади, катта дозалар босади.

Физиотерапевтик муолажалар, жумладан электр билан даволаш турлари хилма– хил ва улар организмга турлича таъсир кўрсатади. Уларнинг таъсири турли тармоқлардаги (регионар, периферик, марказий) қон айланишини, тўқима озиқланишини, модда алмашувини, яхшилайди, нейрогуморал таъсир этади, бузилган иммун жараёнларни тиклайди.

Олий тоифали шифокор Қўйли ЙЎЛДОШЕВ тавсиялари асосида М.АҲМЕДОВА тайёрлади.

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: